ТАНҲО ВА ҚАЛБАН ДУО ҚИЛИШ
06 ноябр 2018 й.
557 марта ўқилди.

 

ТАНҲО  ВА  ҚАЛБАН  ДУО  ҚИЛИШ

    Ҳаётингиздаги  энг  қийин  ва  машаққатли  онларда,  Аллоҳга  дуо  қилиш  эҳтиёжи  янада кучайганда,  дуо  қилиш  учун  қандай  шароит  ихтиёр  қилганингизни  эслай  оласизми?  Хойнаҳой оқшом  бошингизни  ёстиққа  қўйиб  юлдузли  осмонга  тикилган  куйи  унинг  чексиз-чегарасиз эканлигини  тафаккур  қилган  ҳолда,  ёки  Аллоҳ  билан  юзма-юз  қолиш  имкони  бўлган  сокин, кимсасиз  бир  жойни  танлаган  бўлсангиз  керак.  Ибодат  асносида  маънавий  ҳузур  асосан  ёлғиз  қолганда,  ҳеч  ким  билмаган  вақтда,  Аллоҳ  билан  танҳо,  юзма-юз  бўлганда  сезилади.  Хато  ва гуноҳлари  учун  мағфират,  эҳтиёжларининг  қондирилиши  учун  дуо  қилаётган  инсон  албатта,  ёлғиз  ҳолда  дуо  қилишни  танлайди.  Бунга  бир  мисол  Закариё  алайҳиссаломнинг  дуосидир.  Қуръонда  унинг  Аллоҳдан  наслини  давом  эттирадиган  ворис  истаб  яширинча  қилган  дуоси шундай  баён  қилинган:  "У  Роббига  махфий  нидо  қилган  чоғини  эсла.  У: "Эй  Роббим,  менинг суякларим  мўртлашди,  бошга  оқ  туташди,  эй  Роббим,  сенга  дуо  қилиш-ла бадбахт  бўлмаганман".  (Марям, 3-4 оят)
    Дуонинг  қабул  бўлиш  сабабларидан  бири,  Аллоҳга  юзланувчининг  кучли,  ҳамма  нарсага қодир,  ҳамма  нарсадан  огоҳ  Зот  қаршисида  ўзини  паст  тутиб,  илтижо  қилишдир.  Зотан самимий  мўмин  хоҳ  дуо,  хоҳ  намоз,  хоҳ  рўза,  хоҳ  бошқа  ибодат  бўлсин  ўзини  Аллоҳнинг  олдида ожиз,  ҳақир  санаб  У  Зотга  қўрқув  ва  умид  билан  дуо  қилади.  Қуръонда  мўминларга  дуо  қилиш одоби  тўғрисида  қуйидаги  тарзда  таълим  берилган: "Роббингизга  тазарруъ  ила  махфий  дуо  қилинг.  Зотан,  У  ҳаддан ошгувчиларни  севмас".  (Аъроф, 55-оят)
    Бошқа оятда: "Роббингни  эртаю  кеч  ичингда  тазарруъ-ла,  қўрқиб,  овоз  чиқариб  гапирмай зикр  қил  ва  ғофиллардан  бўлма.  Роббинг  ҳузуридагилар,  албатта,  Унинг ибодатидан  мутакаббирлик  қилмаслар".  (Аъроф, 205-206 оят)
    Қуръонда  дуони  ёлғиз,  махфий  ва  тазарруъ  билан  қилишга  эътибор  қаратилган.  Шу сабабли  дуо  қилувчи  овозини  баланд  қилиши,  атрофида  кўп  одамларни  жамлаши  муҳим  эмас. Шуни  унутмаслик  керакки,  дуода  овозни  баландлаштириш  унинг  қабулини  осонлаштирмайди.  Биз  дуо  қилаётган  Роббимиз  қалбимиздан  ўтган  туйғуларни  билган,  ҳамма  нарсадан  огоҳ  ва бизга  жон  томирларимиздан  ҳам  яқиндир.  Бу  ҳақида  Аллоҳ  таоло  марҳамат  қилади: "Албатта,  инсонни  Биз  яратганмиз  ва  унинг  нафси  нимани  васваса  қилишини ҳам  билурмиз.  Ва  Биз  унга  жон  томиридан  ҳам  яқинмиз".  (Қоф, 16-оят)
    "Қўлида мулк бўлган У зот улуғ, муқаддас бўлди. У барча нарсага қодирдир. У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир. У азиз ва ўта мағфиратлидир. У етти осмонни табақама-табақа яратгандир. Раҳмоннинг яратганида ҳеч тафовут кўрмассан. Қайта назар сол. Бирор камчилик кўряпсанми? 
Сўнг такрор-такрор назар сол, назар сенга истаганини топа олмай, ҳорғин-чарчаган ҳолда қайтади. Ва дарҳақиқат Биз яқин осмонни чироқлар билан зийнатлаб қўйдик ва у чироқларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам қилиб қўйдик. Ва у шайтонларга олови қизиб турган жаҳаннамни тайёрлаб қўйдик".  (Мулк сураси, 1-5 оятлар)

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жоме масжиди имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram