Ҳаром қилинган амаллар
30 январ 2019 й.
527 марта ўқилди.

 
Ҳаром қилинган амаллар    

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳ азза ва жалла фарз амалларни вазифа қилиб белгилаб қўйди, уларни тарк қилиш мумкин эмас. Ҳудудларни чегаралаб қўйди, уларни бузиш жоиз эмас ва баъзи нарсаларни ҳаром қилди, уларга риоя қилмаслик мумкин эмас.  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ Китобида нимани ҳалол қилган бўлса, у ҳалолдир, нимани ҳаром қилган бўлса, у ҳаромдир, нимадан сукут қилган бўлса, у илтифотдир, Аллоҳдан илтифотни қабул қилинглар, чунки Аллоҳ унутувчи эмас. Кейин: “Парвардигоринг унутувчи эмас” оятини ўқидилар”.
Ҳаром қилинган амал ва нарсалар Аллоҳнинг чегараларидир: “Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, аниқки у ўзига зулм қилибди”.(Талоқ:1).
 Аллоҳнинг чегараларини бузиб ўтган ҳамда ҳаром қилинган амал ва нарсаларни риоя қилмаганларга Аллоҳ азза ва жалла таҳдид қилиб шундай деган: “Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Унинг учун хор қилувчи азоб бордир”.(Нисо: 14).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ҳаромлардан сақланиш фарздир: “Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четланинглар ва нима нарсага буюрган бўлсам, уни қодир бўлганингизча қилинглар”.
Баъзи нафс-ҳавосига эргашган, заиф ва нодон кимсалар, ҳаром нарсалар ҳақида гап эшитса, аччиғи чиқиб, норози ҳолда: “Ҳамма нарса ҳаром, бирон нарса қолдирмай ҳаммасини ҳаром қилиб, ҳаётимизни зерикарли қилдингиз, юрагимизни сиқиб юбордингиз, сизларга қолса ҳамма нарса ҳаром. Дин енгил бўлса, озгина кенглик қилиш керак-ку. Аллоҳ Кечирувчи, Раҳимлидир”, дейдилар.
Биз уларга айтамиз: ”Аллоҳ жалла ва ало хоҳлаганини ҳукм қилади, Унинг ҳукмини таъқиб қилувчи йўқдир. Аллоҳ  ҳикмат соҳиби (ҳар нарсадан) огоҳдир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ҳалол, хоҳлаганини ҳаром қилади. Бизнинг бандалигимиз тақозо қилган иш Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, сўзсиз таслим бўлишдир.
Аллоҳ таолонинг ҳукмлари беҳудага ва ўйин-ҳазил учун эмас, балки Унинг илми, ҳикмати ва адли билан содир бўлувчидир. Аллоҳ таоло деди: “Парвардигорингизнинг Сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг Сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи, билувчидир”. (Анъом: 115).
Ҳалол ва ҳаромда суяниладиган қоидани бизларга баён қилиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида бундай деган: “...пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”.(Аъроф: 157). “...пок нарсалар”- ҳалол, “...нопок нарсалар”- ҳаромдир.
Ҳалол ёки ҳаром қилиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир. Ким бу ҳақни ўзи ёки бошқа кимса учун даъво қилса, Исломдан чиқиб, кофир бўлади: “Балки улар учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!”.(Шўро: 21).
Қуръон ва суннатни билувчи олимлардан бошқа бирон кимсани ҳалол ва ҳаром масаласида гапириши жоиз эмас. Билиб билмасдан, бу ҳалол, бу ҳаром дегувчиларга қаттиқ ваъидлар келган: “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар”.( Наҳл: 116).
Қатъий ҳаром қилинган нарсалар Қуръон ва суннатда зикр қилинган: “Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз.” (Анъом: 151).
Аллоҳ таоло инсонни ер юзига халифа қилиб яратиб,унинг учун зарур бўлган барча нарсаларни ҳаётни,оилани,тананинг аъзоларини,мол-дунёни бошқа неъматларни ҳалол қилиб ва ундан у, Унумли фойдаланишни ўз ихтиёрига қўйиб қўйди.

Болтаев Дилшод
Пешку туман "Бобо Араб"
жомеъ масжиди имом хатиби.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:24
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram