Меҳмондорчилик одоби
17 декабр 2015 й.
3934 марта ўқилди.

 Меҳмондорчилик одоби

 Жамиятнинг ўзаро алоқасини мустаҳкамловчи асосий омиллардан бири бу мўмин дўст биродарлар бир-бирларини зиёрат қилишлари, яъни меҳмоннавозлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмондорчиликка катта аҳамият берганлар. У зотдан бу ҳақда кўп ҳадислар ворид бўлган. Бизнинг ўзбек халқимиз азалдан меҳмондўст халқ. Таниш-нотаниш меҳмонларга очиқ юзлилик билан уйининг тўрини муҳайё қилади, турли туман таомлар тайёрлаб, меҳмоннинг кўнглини овлайди. “Меҳмонли уй баракали уй” деб бежизга айтмаган доно халқимиз. Бу мақол албатта қон-қонимизга сингиб кетган мусулмончилигимиздаги ҳадисларга тўғри келади.  
 
قال أنس رضي الله عنه كل بيت لا يدخله ضيف لا تدخله الملائكة
 
“Қайси бир уйида меҳмон келмаса, ўша хонадонга фаришталар ҳам кирмайди”.
Меҳмон дўстлик мусулмон кишининг фазилати саналади, меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди. Бой-камбағал деб ажратмасдан, ҳамма баравар меҳмон қилинади. Бир уйдан меҳмонга таклиф этилса, унинг катта ўғли ёки меҳмони ҳам қўшиб чақирилади.Айтилган жойга, айниқса никоҳ зиёфатига албатта бориш матлуб. Шаръий узри бўлса, бормаса ҳам бўлади. Келган меҳмон иззат-икром билан қарши олинади. Уч кунгача ҳурматини жойига қўйиб меҳмон қилинади, бундан ортиғи садақа ўрнига ўтади. Меҳмонга таом кечиктирмай олиб келинади. Нон дастурхонга егулик миқдорда қўйилади, синдирилгани турса ортиқча ушатилмайди, чунки бу исроф ва неъматни хўрлашдир. Таом келтирилгач, уй соҳиби (мезбон) тановулга изн беради. Меҳмон бегона бўлса, аввал уй эгаси таомга қўл узатади ва қўлини ҳаммадан кейин тортади. Яқинлари ва биродарлари бўлса, ҳурмат учун улардан илгари таомга қўл узатмайди.Меҳмон таомга ҳаддан ортиқ тарғиб қилинмайди, уч мартагача таклиф этилади.Таом тановул қилишда мезбон, хатто нафл рўза тутган бўлса ҳам, меҳмонга шериклик қилади.
 
Мезбон лаззатли ва латиф таомни меҳмонга илинади, ўзи бундайроғини ейди. Агар таом оз бўлса ёки меҳмоннинг очлиги сезилса, ўзи камроқ еб, меҳмонга кўпроқ қолдиради. Уйда нимаики яхши таом, мева-чева ва бошқа неъматлар бўлса, аввало меҳмонга тортилади. Чақирилмаган жойга меҳмонга борилмайди. Агар икки киши баравар таклиф этган бўлса, яқинроқ қўшниникига борилади. Икковига ҳам яқин бўлса, ошно, дўстроғиникига борилади. Мезбон (таом эгаси)нинг изнисиз чақирилмаган кишини бошлаб борилмайди. Агар бирор киши ўзича эргашиб борса, мезбон эшигига келганда ҳолат тушунтирилиб, ундан рухсат олинади.
Меҳмондорчиликда очкўзлик ва ҳирс билан таом емаслик учун уйда бироз тамадди қилиб олган маъқул. Меҳмон кутиш учун ҳаддан зиёд такаллуф (дастурхонни ортиқча безатиш) ман этилган. Мезбоннинг меҳмон ҳузурида ғазабини, жаҳли чиққанини, бирор нарсадан хафалиги ёки ташвишдалигини билдириш, бўлар-бўлмасга тажанглик қилавериши одобдан эмас. Зиёфат чоғида бирор гуноҳ, шариатга хилоф ярамас иш кўрилса, у ердагилар бундан қайтарилади, агар улар кўнишмаса, зиёфат тарк этилади.
Меҳмон хонадон соҳиби кўрсатган жойгагина ўтиради, дастурхонга қўйилган нарсаларга рози бўлади, мезбоннинг рухсати билан ўрнидан туради. Меҳмон дастурхондаги таомнинг айбини топмасдан, нима келтирилса шуни истеъмол қилиб, уни мақтамоқлиги одобдан саналади. Таом келтириладиган томонга ҳа деб қаралавермайди. Меҳмон мезбон изнисиз насиба олмайди, ёнидагиларга луқма бермайди, гадо, ит-мушукларга таом ташламайди.
Кўпчиликни таклиф этган мезбон дастурхон устида ўзи хизмат қилади, озчилик бўлса, улар билан бирга ўтирса бўлади. Мезбон меҳмон билан кўп вақт жим ўтирмайди ёки узоқ вақтга якка ташлаб кетмайди. Меҳмон мезбон билан «Ассалому алайкум» дея хайрлашади, кетар чоғида хонадон аҳли ҳаққига дуо қилади. 
 
                                             
Мир Араб мадрасаси мударриси
Ахмедов Нарзулло 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:20
Куёш: 07:20
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:40
Хуфтон: 20:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram