Гўзал тарбия - миллат саодати
31 январ 2016 й.
1353 марта ўқилди.

 Гўзал тарбия - миллат саодати
 
     Жамиятда тинчлик ва осойишталикни барқарор бўлишлиги, инсонлар орасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш учун Аллоҳ таоло бандаларини ҳамиша эзгулик қилишга, яхши амаллар қилишга чақиради. Бу ҳақида Қуръони каримда :
 
ومن يسلم وجهه الى لله وهومحسن فقد استمسك بالعروة الوثقى والى لله عقبة الأمور
 
 “Ким гўзал амалларни қилувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ  у ишончли арқонни маҳкам тутибди.  Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур”, деб марҳамат қилади (Луқмон, 22).
 
Шундай гўзал амаллардан бири бу, ота-онанинг фарзандига чиройли одоб беришлигидир. Ҳали дунёни танимайдиган, яхши билан ёмоннинг фарқига бормайдиган бола гўдаклигидан тарбияга муҳтождир. У ота онанинг қўлида омонат. Чунки фарзанд пок фитратда таваллуд топиб, уни нимага ўргатилса, у шуни қабул қилади. Шунинг учун мусулмон ота-она фарзандига гўзал одоб беришлик билан бирга унга яхши бир намуна ҳам бўлиши шартдир.
 
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Фарзанд ота-она ҳузуридаги омонатдир. Унинг покиза қалби нафис гавҳардир. Агар унга яхшилик ўргатилса, яхшилик узра вояга етади. Дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Агар ёмонлик ўргатилса ёки бепарволик қилинса, бахтсиз бўлади ва ҳалок бўлади. Уни асраш, унга одоб бериш, кераксиз нарсалардан сақлаш  ва гўзал ахлоқ ила тарбия қилиш билан бўлади”.
 
Фарзанд жамиятда муносиб ўрин эгаллаб, Ватанига содиқ элу юртининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишлиги, албатта ҳар бир ота-онанинг улуғ ниятидир.
 
Соғлом ва оқил бола ота-онасини дунёда раҳматга, охиратда Аллоҳнинг розилигига эриштиради. Жамият ривожига ҳисса қўшиб фаровон ҳаёт биносига бир ғишт қўяди. Бу ҳақда маърифатпарвар Абдулла Авлоний: “Ҳар миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, деган.
 
Демак, фарзанд ва аҳли аёлимизни фақат моддий жиҳатдан таъминлаш билан кифояланиб қолмасдан, уларнинг маънавий ахлоқий жиҳатдан комил инсон бўлишлари учун қайғуришимиз лозим.
 
Муқаддас динимизда фарзандларимизнинг соғлиги ва одоб ахлоқига эътибор бериш энг муҳим масалалардан ҳисобланади.
 
  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
 
عن جابر بن سمرة رضى لله عنه أن النبي صلي لله عليه وسلم قال: لأن يأدب الرجل ولده أو أحدكم ولده خيرله من أن يتصدق كل يوم بنصف صاع. رواه الترمزي  واحمد.
 
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишдан яхшироқдир”.
 
Бошқа ҳадисда:
 
عن أنس بن مالك رضى لله عنه، عن رسول لله صلى لله عليه وسلم قال: اكرمو أولادكم  وأحسنو أدبهم.  رواه ابن ماجه
 
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”,- дедилар”.    
 
 Ота-она соғлом фарзандларининг салоҳиятига кўра илм ҳунарга йўллаши билан уларнинг тез камолга етишига ёрдам қилган бўлади. Чунки илм фан соҳасида орқада қолиш ота онани, фарзандларни ҳам ҳаётларининг мазмунсиз ўтишига олиб келади. Шу сабабли ҳам ота-онанинг энг олдин ўзлари юксак маърифат эгаси бўлишларини тақазо қилади.
 
Ватанимизда фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик жуда аҳамиятлидир.
 
Бу йилнинг “Соғлом она ва бола”, деб эълон қилиниши фикримизнинг ёрқин далилидир. Соғлом она ва бола олдидаги зиммаларимиздаги масъулиятларини адо этишимизда Парвардигорнинг ўзи куч қувват ато этсин.
 
Абу Бакр ас-Сиддиқ имом
хатиби Орифжон Тўқсанов
 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:24
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram