Миллий байрамлар
15 май 2018 й.
252 марта ўқилди.

Миллий байрамлар

Ҳар бир халқнинг ўзига яраша урф-одатлари, маросимлари бўлади. Агар биз дунё халқларининг ҳаётига  назар ташласак, бир-бирига ўхшамаган, турли-туман маросимларни кўрамиз. Ўзбек халқининг пайдо бўлиши тарихи қанчалик узоққа бориб тақалса, унинг миллий анъаналари, урф-одатлари, маросимлари ҳам шунчалик теран тарихий илдизга эга. Тарихдан таркиб топган миллий анъана, урф-одат, расм-русум, таомил, маросимларнинг вужудга келиши ва ривожланишига бир қатор омиллар бевосита ва билвосита таъмир кўрсатади. Шундай омиллардан бири турмуш тарзидир. У ёки бу халқнинг азалий анъанасига айланиб қолган ҳар бир маросим миллийлик қобиғидан чиқиб, умуминсоний қадриятга айланади; тили, дини, турмуш тарзи бир-бирига яқин бўлган қўшни халқларни бирлаштиради. Қардош миллатлар орасида бир-бирини боғловчи кўприкларни вужудга келтиради.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўз ҳукмронлиги даврида урф-одатларга риоя қилишни каттиқ талаб қилган, уни бузган, бўйсинмаган кишиларни беаёв жазолаган. Урф-одатни бошқариб турувчи махсус қозиси бўлган. Уни Ахдас қозиси дейилиб, у урф-одатларни назорат қилиб, бировни нохақ хафа қилган, тошу тарозидан урган, шароб ичган, зино ишлар қилганларни қаттиқ жазолаган. Бобомиз ўз ўгитларида шундай ёзади: «Агар кимда ким тиш синдирса, кўзни кўр қилса, қулоқ ва бурун кесса, шароб ичса, зино ишлар қилса девондаги шариат қозиси ёки ахдас қозисига олиб бориб топширсинлар. Ўзбекистон Мустақилликка эришгандан бошлаб миллий-диний қадриятларимиз халққа қайтган бир даврда миллий урф-одатларимиз-қадриятларимиз негизидир. Уларни ота-боболаримиз асрлар давомида ўз ҳаётларида синаб, турмушларида қўллаб, синовдан ўтказиб бизларга мерос қилиб қолдирганлар. Урф-одат ва маросимлар (байрамлар) шариатга қарши бўлган фикрлардан холи бўлса, ундай байрамларни нишонлаш гуноҳ ҳисобланмайди. Қолаверса, Ислом таълимотида очиқ ҳаром деб ҳукм қилинмаган нарсаларни, урф-одатларни ҳаром дейиш тажовузкорлик, ҳаддан ошиш ҳисобланади.

Урф-одатлар бизга Одам ато ва Момо Ҳаводан қолган мерос. Унинг динга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Дунёдаги ҳар бир миллатнинг ўз урф-одати бор. У ҳар бир халқнинг ҳулқидан, яшаш тарзидан келиб чиққан. Одамларнинг урф-одатга риоя қилишига қараб кишини қайси миллатга мансуб эканлигини осон айтиш мумкин.

Ўзбекистон аграр-индустриал давлат бўлгани учун аҳоли деҳқончилик билан шуғулланади. Аҳоли деҳқончилик билан шуғуллангани учун халқ орасида деҳқончилик ҳақида ақлан ва жисмонан ҳордиқ чиқарадиган сайллар, байрамлар пайдо бўлади. Бу байрамлар йиллар ўтиб анъана ва урф-одатга айланади. "Қовун сайли" ҳам азалдан нишонланиб келинаётган сайлдир. Бу сайл ёзнинг июл ойида қовун пишган вақда нишонланади. Бу сайлда деҳқонлар ўзлари етиштирган қовун, тарвуз, полиз экинлари ва бошқа мева-чеваларни кўргазмага олиб чиқадилар. Бу кунлари катта ярмарка бўлиб, сайлга олиб келинган махсулотларни бозор нархидан тушириб сотадилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди. «Бу икки кун қандай кун?» деб сўрадилар. «Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо ва Фитр кунларини берди», дедилар».

 

 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган. Мусулмонларнинг асл диний байрамларидан бири Қурбон байрами (ҳайити) бўлиб, у зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади ва унга шундан кейинги “ташриқ кунлари” номини олган уч кун ҳам қўшилади. Мусулмонларнинг иккинчи байрами шаввол ойининг биринчи куни нишонланадиган Фитр байрами (ҳайити) бўлиб, бу байрам Рамазон ойи рўзасини тутиш тугагани муносабати ила ўтказилади. Исломдан олдин Мадина аҳлининг икки байрами бор эди. Бу байрамларнинг биринчиси шамсий сананинг биринчи куни ҳисобланар эди. Баҳорда кеча билан кундуз тенглашгани, иссиқ ҳам, совуқ ҳам ўртача бўлгани учун қадимги ҳакимлар бу кунни байрам, деб ихтиёр қилишган эди. Иккинчи байрам эса кузда, яъни мезонда – кеча билан кундуз тенг бўлиб, ҳаво мўътадил бўлганда байрам қилинар эди.

Ислом келиб, бу икки байрам ўрнига икки Ислом байрамини жорий қилди. Шаръий байрамларда ўйнаб-кулиб, хурсандчилик қилган, аҳли аёли, таниш-билишларга кенгчилик яратганлар савоб оладиган бўлишди. Улардан бири, аввал айтилганидек – Рамазони шариф рўзасини тамомлаш муносабати билан бўладиган Фитр байрами, иккинчиси эса Байтуллоҳда ҳаж ибодатини тамомлаш муносабати билан бўладиган Қурбон байрамидир.

Мусулмонлар учун бу икки байрам еб-ичиладиган, шодон кайфиятда нишонланадиган, ўйнаб-кулинадиган кунлардир. Ҳар бир миллат ўз байрамига эга бўлгани каби мусулмон уммати ҳам ўз байрамларига шу тариқа эга бўлган. Ушбу йил мобайнидаги икки байрамга ҳафталик байрам сифатида жума куни ҳам қўшилади.

Абу Лубоба Бадрийдан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кунларнинг саййиди ва улуғи жума кунидир. У Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида Фитр кунидан ҳам, Азҳо кунидан ҳам улуғдир».Бухорий тарихда, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Жума куни ҳафталик байрамгина эмас, у кунларнинг саййиди, яъни улуғи, фақир-мискинларнинг ҳаж куни ҳамдир. Бу кун шарафидан қилинган амалларга савоблар кўпайтириб берилади.
Барча халқларда асосий диний байрамлар билан бир қаторда тарихий ҳодисларга, миллий ва инсоний ҳодисаларга боғлиқ байрамлар ҳам бўлади. Бундай байрамлар “мажозий байрамлар” деб аталади. Даврлар ўтиши билан мусулмонларда ҳам бундай мажозий байрамлар шаклланиб борган. Мисол учун, ҳар ҳижрий сана бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларини эслаш, байрам қилиш ва одамлар бир-бирларини табриклаши одат тусига кирган. Шунга ўхшаш, Қадр кечаси, Исро ва Меърож кечаси, Мавлид байрами каби муносабатлар мусулмон халқларда ўзига хос равишда нишонланадиган бўлиб қолган.

 

Азизжон Жамолов, Бухоро вилояти Шофиркон тумани

“Шайҳи Дарвеш” жоме масжиди имом-ҳатиби.

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 06:57
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram