ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ РЕВГАРИЙ МОҲИТОБОН
24 ноябр 2017 й.
1342 марта ўқилди.

ХОЖА  МУҲАММАД  ОРИФ  РЕВГАРИЙ  МОҲИТОБОН  

 

Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу ўрта бўйли, ой юзли, катта кўзли, ингичка қошлари, ҳилол каби киши эдилар. У киши чиройли ой юзли бўлганликлари учун Моҳитобон деб аталганлар. Ранглари гул каби бўлиб вужудларидан ҳушбўй ҳид таралиб турган.

Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий  ҳақларида Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳатул унс”, Алишср Навоийнинг “Насоимул муҳаббат”,  Носириддин Тўранинг "Туҳфат аз зоҳирин", Шайҳ Жамолиддин Қозиқумуҳлининг "Ал-адаб- ул марзия фит-тариқати Нақшбандия" Али Сафийнинг “Рашаҳоту айнул ҳаёт”, Бадриддин Сарҳиндийнинг “Ҳазаротул қудс”, Муҳаммад Толибнинг “Матлабул толибин”, Мажидуддин Бадахшонийнинг “Жомиъус салосил”, Тоҳир Эшоннинг “Тазкирайи нақшбандия” ва бошқа асарларда маълумотлар берилгандир. Аксарият қадимий манбаларда Хожа Ориф "Қутбул авлиё-валийлар йўлбошчиси" деб баҳоланган.

Тасаввуфшунослардан устоз Нажмиддин Комилов, Иборҳим Ҳаққулов, Маҳмудхон Ҳасаний, шунингдек, Гулчеҳра Наврўзова, Нарзулло Йўлдошев, Ҳамидхон Исломий, Самад Азимов, Мирзо Кенжабек, Сайфиддин Сайфуллоҳ, Ойгул Шарипова, Нодирхон Ҳасанлар Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий  ҳақларида тадқиқотлар этиб, илмий мақолалар эълон этган.

Хожа Ориф Ревгар қишлоғида таваллуд топиб, юз йилдан зиёдроқ умр кўрган ва умрининг асосий қисмини шу қишлоқда ўтказган. Касб-корлари деҳқончилик бўлган ва шу билан ҳаёт кечирганлар. Баъзи манбаларда айтилишича, Хожа Ориф 100 ёшдан ортиқ умр кўрганлар. Бир умр боғбонлик билан шуғулланганлар.

Ислом оламида Етти пирдан бири сифатида донг таратган, машҳур “Орифнома” номли мўътабар асарнинг муаллифи Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Моҳитобон, Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси бўлиб, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг тариқат, маърифат, ҳақиқат осмонида парвоз қилишларида бир қанот бўлган. Лекин, Хожа Орифнинг камолот тажрибалари, диний-тасаввуфий сабоқлари боқий қолган.

Хожа Ориф Абдухолиқ Ғиждувонийнинг шогирд ўринбосари ҳисобланади. Хожанинг муриди сифатида устознинг таьлимотини давом эттириб, зоҳидларча художўйлик ва тақводорлик, ортиқча бақириб, хайқириб, Худони ёд этиш шариатга хилофлигини таъкидлаган. Инсон умрининг моҳияти унинг динда мустаҳкам туриб, жамиятдан ажралмаслик, оила қуриш, касб ҳунар ортидан рўзғор юритишда, деган таълимотни илгари сурган.

Зикри хуфия Орифлар, яни маърифатли инсонлар таоми, - деган ҳикмат билан зийнатланган. Бу зоту шариф нақшбандия тариқати "силсилаи шариф"да ўн биринчи ҳалқанинг пири муршиди ҳисобланадилар. Касб-корлари деҳқончилик бўлган ва шу билан ҳаёт кечирганлар.

“Орифнома” асарларида Хожа ориф дейдилар: “Аюҳал ориф! Пок ва пок эътиқодли бўл! Зеро чиркин кўнгил бутун аъзои баданни ҳаром қилғай! Ахир, Аллоҳнинг бизни қабул этиши ё этмаслиги айнан шу кўнгил туфайлидир!..” Ва яна у киши қуйидагиларни марҳамат айлаганлар.

            - Авлиёлик аломатлари учтадир: биринчиси шуки, баланд даражани эгаллаганда ҳам камтар бўлмоқ, иккинчиси шуки, қудрати, сабру тоқати етгунча парҳезкорлик қилмоқ. Учинчиси шулки, то кучи етгунча инсоф қилмоқдур.

Нақл қилурларки, Ҳазрат Хизр а.с Ҳазрат Абдулхолиқ ҳузурларига келдилар. Шу пайт ҳазратнинг ҳамма шогирдларини уйқу босарди. Суҳбат тугаб, Хизр а.с. кетганларидан сўнг шогирдлар беихтиёр уйқудануйғонарди. Шогирдлар орасида энг ёши ҳисобланган Хожа Муҳаммад ар-Ревгарий Хизр а.с. суҳбатларидан баҳраманд бўлай деб, кўзларига туз сепдилар ва оғриқнинг қаттиқлигидан у кишига уйқу ғалаба қилолмади.

Суҳбатдан баҳраманд бўлдилар. Бу ҳолатни кўриб Хизр а.с. дедилар: “Сиз Ориф бўлгайсиз, иншоолоҳ”. Хожа Хизр а.с. нафаслари барокотидан ҳудди шун-дай бу зоти шариф буюк Ориф бўлдилар ва жаҳонга Хожа Ориф номи билан машҳур бўлдилар.

Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу йиллар давомида Хожа Абдухолик Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг хизматларида бўлганлар ва бош халифа ўринбосар даражасига етганлар. Бу зоти шариф бир қанча муридларга таьлим берганлар. Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратларига устозлик қилганлар.  Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу йиллар давомида Хожа Абдухолик Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг хизматларида бўлганлар ва бош халифа ўринбосар даражасига етганлар.

Нақл қилурларки, Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний хизматларида Хожа Аҳмад Сиддиқ ва Хожа Ақлиёи Калон ва Хожа Сулаймон камарбаста бўлиб турганларида ногоҳ уларнинг ҳар учовлари кўнглида: "Ажабо, бизнинг ёшимиз хам даражамиз хам Хожа Ориф Ревгарийдан улуғ, лекин нега Ҳазрати пирнинг иноят назарлари Хожа Орифга баланддур?" Ҳазрат Абдулхолиқ каромат нури ила уларнинг бу фикрини билдирдилар ва дедилар: “Эй фарзандларим Хожа Орифни қидириб топинглар” улар Орифни қидириб топдилар, ул зоти шариф бир ярим вайрона масжид ичида дуру гавхар каби товланиб зикр қилиб турардилар. Ул кишининг бошлари устида Каъба айланиб соя килиб турар эди. Бу ҳолни кўриб улар Ҳазрат Хожа Орифнинг оёқлари остига йиқилдилар ва узр сўрадилар ҳамда Хожа Ориф даражаси баланд эканлигига амин бўлдилар. Хожа Орифнинг наздида валийликнинг энг муҳим аломати учтадир: биринчиси - ҳар қандай баланд мартаба ёки мавқега кўтарилганда ҳам камтарлик ва хокисорликка содиқ қолмоқ, иккинчиси – тавбаю-тазарру ва парҳезкорликдан асло чекинмаслик, учинчиси - инсофни куч, кучни ИНСОФ деб билмоқ.

Хожа Ориф Ревгарий деганлар: одоб пок одамлар зийнатидур. -жами маърифат асосини Аллоҳ таолога бўлган сидқу-эътиқод маърифати ташкил қилади. – Маърифат-қалбнинг Аллоҳ таоло ягоналигини таҳқиқ этмоғидур.

Манбаларда айтилинишича, Ҳазрат Хожа Ориф зиёратгоҳларидаги даҳма ёғочдан ўраб олинган бўлиб, Ҳазрат қабрлари устида оппоқ тиканли ўсимлик ҳеч оқлигини йўқотмасдан кўкариб турар экан. Зиёратгоҳнинг қибла томонида чиллахоналар бўлган ва узун айвон шимолга қараб турган ҳамда юқори тарафида катта мевали боғ бўлган. Кўпчилик мусофирлар зиёратга келиб, шу боғ мевасидан тановул қилганлар. Демак бизга маълум бўлади-ки, Ҳазрат Хожа Ориф Ревгарий боғбончилик билан шуғулланганлар. Айвон олдида каттакон ҳовуз бўлиб ичимлик сув манбаи ҳисобланган. Ҳозирги зиёратгоҳдаги 3 томонли айвон жуда қадимий бўлган.

1910 йилда Бухоронинг сўнгги амири Саид Амир Олимхон томонларидан қайта таъмирланган ва ҳозирги кунгача шу ҳолича бизгача етиб келган. Бунга сабаб кекса ёшли отахонларимизнинг айтишича, собиқ совет даврида нонвойхона сифатида сақланиб қолинган.

Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йилнинг март ойида Бухорои Шарифда қилган ташрифлари чоғида 7 пир зиёратгоҳларини қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш ва уларнинг қолдирган бой илмий-маънавий меросларини ўрганиш ҳамда келажак авлодга етказиш ҳақида керакли тавсиялар берган эдилар. Шундан сўнг, Хожа Ориф мажмуасида ҳам кўпгина ишлар режалаштирилди. Зиёратгоҳ ҳудудида меҳмонхона, чойхона ва зиёратчилар учун дам олиш жойларини қуриш лойиҳага киритилган бўлиб, 2018-2019 йилларда катта ишлар бажарилиб, мажмуа янада сўлим ва гўзал масканга айланади.  

                                   Миржон Эгамбердиев, Бухоро вилояти Шофиркон тумани бош имоми.

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:57
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram