Мол-дунё ва шуҳратпарастлик ҳирси
16 июл 2019 й.
62 марта ўқилди.

 

 Мол-дунё ва шуҳратпарастлик ҳирси

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмондир", дедилар.
    Мол-дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини ҳеч қандай ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб, динини барбод қилади. Шунинг учун динимни бўрилар еб кетмасин, деган банда дунёга ва шуҳратпарастликка ҳирс қўймаслиги лозим бўлади.
    Рағбат қилувчи қалбни дунёнинг муҳаббати эгаллаб олади ва уни ерга томон тортиб туради. Унинг табиатидаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни сўндириб, унинг ўрнига мол-дунё, шаҳват ва айш-ишратга ўхшаш нобакорликларнинг муҳаббатини ўрнаштиради. Ушбу қалбнинг эгаси унинг талабларига жавоб беришга уринади. Қалбининг талаби асосида кечаю кундуз елиб-югуради, ҳориб-чарчайди, бориб-келади ва ўзини ҳалок қилади. Роғиб қалб эса эгасининг бу ҳолатидан ҳузурланади. Ушбу ҳолат давомли бўлса, мазкур роғиб қалбнинг эгаси қуйидаги оятда зикр қилинган шахсга айланиб қолади.
    Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади: "Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир, тик қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар" (176-оят).
    Шу каби сифатга эга бўлган қалб соҳибидан содир бўладиган амалнинг қиймати қанчалик бўлиши мумкин? У одам ўқиган намоз, тутган рўза, қилган ҳаж ва берган закотнинг руҳий қиймати нимадан иборат бўлади? Албатта, дунё ва унинг матоҳларига роғиб қалб эгаси намоз ўқиётганида ҳам хаёли ўзи рағбат қилган нарсаларга боғланиб туриши турган гап. Қолган тоат ва ибодатларни бадани билан адо этса ҳам, қалби дунё ва унинг матоҳлари билан тўлиб-тошиб турган бўлиши турган гап.
    Албатта, бу каби тоат ва ибодатларнинг сони ва ҳажми қанчалар катта бўлса ҳам, сифати паст ҳамда савоби оз бўлиши турган гап. Чунки роғиб қалб эгаси бадани ёки молу дунёси билан ибодат қилса ҳам ўша ибодат чоғида унинг қалби дунёнинг ишқи билан тўлиб-тошган бўлади. Унинг қалбида дунёнинг матоҳларига бўлган муҳаббатдан бошқа муҳаббатга жой қолмаган бўлади. Айнан шу сабаб асосида унинг қилган тоат-ибодати қанчалар кўп бўлса ҳам, савоби оз бўлади.

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жомеъ масжиди имом хатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram