Муҳаррам ойи фазилати
15 октябр 2015 й.
2706 марта ўқилди.

 

Муҳаррам ойи фазилати
 
Ҳижрий йилнингбиринчи ойи саналган Муҳаррам ойи ҳам келди. Бу биз мусулмонлар учун янги йилнинг бошланиши ҳисобланади. Араб тилида Муҳаррамнинг маъноси бу – ҳаром қилинган, ҳурматланган,  улуғланган маъноларни билдиради.  Бу ой  Аллоҳ таолонинг урушни ҳаром қилган тўрт ойидан биридир. Муҳаррам ойи Рамазон ойидан мартаба жиҳатидан кейинги ўринда туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ой ҳақида шундай деганлар: “Бу муборак ойларда ҳидоят ортади. Аллоҳ таоло инсоннинг иймонига қувват беради. Бу кунларда илоҳий неъмат, раҳмат кўпаяди.  Бундай кунларда ибодат қилиш ва рўза тутиш билан сиз ҳам илоҳий раҳматни кутиб олинг”. 
 
Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бу Ашуро куни ҳисобланади. Бу кун алоҳида эътибор билан қаралмоғи лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч қачон рўза тутишга Ашуро куни ва Рамазон ойидагидек ҳарис бўлганларини кўрмадим”. Бу куннинг рўзаси ҳакида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда мана бундай дедилар: “Мен Ашуро куни рўзасини ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорот бўлади  деб умид қиламан” . Бир кун учун бир йиллик гуноҳларнинг кечирилиши биз учун яратганнинг чексиз инояти ва саховатидир. Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий айтадилар: “Икрима розияллоҳу анҳу дейдиларки: “Ашуро куни  Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинган кун. У кунда Нуҳ алайҳиссалом кемадан туширилдилар ва шукронасига рўза тутдилар. У кун Фиръавн денгизга ғарқ бўлди ,  Бани  Исроил қавмига денгиз йўл берди ва унинг шукрига рўза тутдилар. Агар қодир бўлсанг, у кунда сен хам рўза тут”.
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намозидан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”. Яна бир муборак ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ашуро кунининг фазилатини қидиринг. Чунки у Аллоҳ таоло танлаган муборак бир кундир. Кимики бу кунни рўза билан ўтказса, Аллоҳ таоло фаришталар,  набийлар,  шаҳидлар ,  солиҳларнинг ажрини беради. Ашуро кунида ким оиласига, фарзандларига, аёлига,  фақир инсонларга лутф кўрсатса, уларни хурсанд қилса, Аллоҳ таоло у бандасини кейинги йилга қадар хурсандчиликлардан ажратмайди”.
 
Янги 1437 – ҳижрий йилга қадам қўйдик. Ушбу ой хам фазилатли ойлардан экан унда қилинадиган солиҳ амалларнинг қадри баланд бўлгани учун ҳар бир лаҳзани ғанимат билайлик. Янги ҳижрий йил юртимиз учун, халқимиз учун, оиламиз учун тинчлик, хотиржамлик, хайрлик, барокотлик йили бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қиламиз. Аллоҳ таоло барчани яхши ниятини ижобат килсин. Амин.
Маҳмуд Таробий
 жомеъ масжиди
  имом хатиби Камалов Ш.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram