ҲАКИМ МУЛЛО МИР (ОХУНД МУЛЛО МИР КОСАГАРОНИЙ–БУХОРИЙ)
15 апрел 2019 й.
333 марта ўқилди.

 

ҲАКИМ МУЛЛО МИР

(ОХУНД МУЛЛО МИР КОСАГАРОНИЙ–БУХОРИЙ)


Юртимиз Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган ҳудуд, улуғ авлиёлари, буюк олимлари, тарихий обидалари, бетакрор осори - атиқалари, шунингдек, ҳунармандчилик, меъморчилик, ганч ва ёғоч ўймакорлиги, халқ амалий санъати намуналари  билан машҳур бўлган ҳудуд ҳисобланади.  
Биз узоқ давр ўз тарихимиз, урф - одатларимиз ва анъаналаримиздан бебаҳра қолган эдик, қадимий тарихий обидаларимиз эскилик сарқити тамғаси остида бутунлай ташландиқ ҳолга келиб қолган эди. Хайриятки мазкур иншоот- Ҳаким Мулло Мир хонақоҳси асрлар силсиласидан соғ - омон ўтиб, бугун қайтадан қадр топиб, ҳусну - жамоли очилиб бормоқда ва у шу ҳудуднинг кўрки ва салоҳиятини белгилаб бермоқда. 
Мазкур меъморий обидада ўтмиш авлодларимизнинг турмуш тарзи, уларнинг эзгу мақсадлар сари интилишлари, орзу - армонлари мужассам. 
Амир Темур ҳазратларининг “Кимки бизнинг куч - қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган иморатларга боқсин”, - деган ақидаларига роия этиб, бу қадарли улкан ва салобатли иморатлар қурган авлодларимиз улуғвор ишларга қодир инсонлар эканлигига имон келтириб, уларнинг руҳи поки олдида таъзим қиламиз.  
Тарихий обидаларимизни кўз қарочиғидек авайлаб - асраш, аждодларимизнинг меҳнати, ақл - заковати,  тафаккури, бой меъморчилик тажрибасининг ёрқин намунаси сифатида қадрлаш, бу бетакрор иншоотдан самарали фойдаланиш бизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.      
Мустақиллигимиз шарофати туфайли ижтимоий - маънавий  ҳаётимизга кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда,  шунингдек, ўз тарихимизни тўлиқ қайта англаш ва тарихий обидаларимизни обод қилиш имконига эга бўлдик. 
Ҳаким Мулло Мир ёки Охунд Мулло Мир Косагароний - Бухорий номи билан машҳур бўлган, асли исми шарифи Амир Сайид Ҳусайн ибн Амир ибн Ямин ХVI  асрда яшаган хожагонлик  - нақшбандия тариқатининг улуғ авлиёси ва тасаввуф оламининг йирик  олими саналади. Ҳаким Мулло Мир дин билимдони, олимлар олими, ислом динининг раҳнамоси, бузруквор яъни буюк шайх бўлган.
Ҳаким Мулло Мир асли Ҳисори Шодмон вилояти (ҳозирги Душанбе шаҳридан 30 км ғарбда жойлашган Ҳисор тумани)дан бўлиб, Абдуллахон II даврида Бухорога келган, шу ерда илм олиб вояга етган ва улуғ авлиё, буюк олим сифатида танилган. Унинг ота тарафидан насаби Имом Ҳусайн орқали Муҳаммад пайғамбарга бориб тақалувчи “саййид”лар тоифасига мансуб бўлган.
Ҳаким Мулло Мирнинг отаси Ҳирот шаҳрида таҳсил кўрган илмли ва ўқимишли инсон бўлиб, А.Жомий ва А. Навоий атрофида тўпланган аллома, шоир ва донишмандлар орасида машҳур бўлган қомусий талант эгаси, олим, шоир, воиз Ҳусайн Воиз Кошифий билан танишиб, у билан жуда яқин дўстлашган ва шу давранинг кишисига айланган. Кейинчалик Ҳаким Мулло Мирнинг отаси Ҳусайн Воиз Кошифийнинг синглисига уйланган ва улардан Ҳаким Мулло Мир ҳазратлари туғилган. 
Ҳаким Мулло Мир Бухоро шаҳридаги Косагарон гузарида истиқомат қилгани туфайли Косагароний - Бухорий тахаллуси билан ҳам танилган, бу даргоҳда улуғ олиму - фузалолар, кўплаб масжиду-мадрасалар бўлган.  
Ҳаким Мулло Мир Шайбонийхонлардан бўлган хоқон Абдуллахон II даврида тасаввуф оламининг улуғ намоёндаси сифатида танилган.
Маълумки, Ҳаким Мулло Мир яшаган даври тарихини ёритиб беришда Ҳофиз Таниш Бухорийнинг  2 - томли “Шажараи Шоҳий” ёки “Абдулланома” асари муҳим роль ўйнайди. 
Муаллиф мазкур асарини икки қисмдан иборат қилиб битишни, биринчи китобда XVI аср давлатчилиги тарихи, иккинчи қисмда шу даврда яшаган улуғ инсонлар тўғрисида битишни мўлжаллаган, аммо мамлакатда бошланиб кетган парокандалик бунга имкон бермаган бўлсада, асарда Ҳаким Мулло Мир (Мулло Мир Косагароний) тўғрисида жуда кўплаб илмий маълумотлар келтирилган.
(давоми бор....)

Ромитан туман “Хоки Мулломир”
жомеъ масжиди имом хатиби
Ғ.Муродов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:40
Куёш: 06:28
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 19:00
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram