Мўминлар сифати
10 январ 2015 й.
1588 марта ўқилди.

 Мўминлар сифати



قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ . الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ. وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ . وَالَّذِينَ هُمْ لِلزَّكَاةِ فَاعِلُونَ . وَالَّذِينَ هُمْ لِفُرُوجِهِمْ حَافِظُونَ . إِلَّا عَلَى أَزْوَاجِهِمْ أوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ فَإِنَّهُمْ غَيْرُ مَلُومِينَ. فَمَنِ ابْتَغَى وَرَاء ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْعَادُونَ. وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ. وَالَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَوَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ. أُوْلَئِكَ هُمُ الْوَارِثُونَ . الَّذِينَ يَرِثُونَ الْفِرْدَوْسَ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ



Мўмин киши сўнгги нафасига қадар ҳамиша яхшиликка интилади. У ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ҳамд айтади; яхшилик пайида бўлади, яхшиликни севади, доимо хайрли ишлар қилади, ёмонликни қатъиян ёқтирмайди. Ишларида ҳам, ниятларида ҳам ҳамиша яхшиликни мурод қилади. Аҳли имондан бўлган мўмин бошқа бир мўмин биродари учун қайғуради, унинг ғамига шерик бўлади, дардига даво топишга уринади.
Намоз ўқишимиз, рўза тутишимиз, эҳсон қилишимиз, берган саломимиз, олган алигимиз, ўтқазган кўчатимиз, тузатган йўлимиз, бировнинг қорнини тўйдиришимиз, таҳорат олишимиз, қабрларни зиёрат этишимиз, етим ва ғарибларнинг бошини силашимиз, мусофирга ёрдам беришимиз, дуоларини олишимиз, ибодатимиз, қарияларни эъзозлашимиз, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат билан муомалада бўлишимиз, камбағалларга кўмаклашмоғимиз мўминлигимиздан нишона.
Рамазон ойининг кириб келганидан қувониш, эъзозлаш, унинг чиқиб кетишидан хафа бўлиш, рўза тутиш, таровеҳ намозларини адо этиш, қадр кечаларини ибодат билан ўтказиш, саҳарликка туриш, ифторлик қилиб бериш, хатми Қуръонда иштирок этиш, закот бериш ва фитр рўзаларни адо этиш мўминларнинг одатларидан. Булар энг асосий, улкан ва тенгсиз яхшиликдир; қалбимизда иймон борлиги, мусулмон фарзанди ва Қуръон аҳли эканлигимиз нишонасидир.


Шу ўринда мўминларга хос яна баъзи сифатларни эслаб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Мўминлар меҳмон кутиш, тўғри йўлга бошлаш, ёмонликдан қайтариш, ўнг қўл билан таомланиш, тановул қилиб бўлгач дуо этиш, Аллоҳга,  пайғамбарга ва раҳбарларга итоат қилиш, аёллар ва ёш болаларга меҳр кўрсатиш, уларни ҳурматлаш, илм ўрганиш ва ўргатиш, Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфини ўрганиш, ўргатиш, ёзиш ва ўқиш, уни ўпиш ва унга термулиш, гуноҳлардан тийилишда бошқаларга ўрнак бўладилар.
Кези келганда мўмину мусулмонлар сифати борасида айтилган баъзи ҳадисларни келтириб ўтсак айни муддао бўларди.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳис салом: “Бирортангиз мени ота-онаси, фарзандлари ва бошқа инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрмагунча комил мўмин бўла олмайди”, – дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳис салом: “Бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз қилмайдиган киши мўминдир” , – дедилар» (Термизий ривояти).


Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳис салом: “Қилган яхшилигидан хурсанд, ёмонлигидан хафа бўлган киши мўминдир” , – дедилар» (Аҳмад ривояти).
 Шунингдек, мўмин киши гуноҳ ишни тарк этиш, яхши гумонда бўлиш, ёмон гумондан тийилиш, фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор бериш, ота-боболаримизнинг меросларини, миллий қадриятларимизни қайта тиклаш, буюк аждодларимизнинг қадамжоларини обод қилиш, ўтганлар ҳаққига тиловат қилиб, савобини уларнинг руҳларига бағишлаш, поклик, кўча супуриш, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш, қарз бериш, ваъдага вафо қилиш, омонатга хиёнат қилмаслик борасида пайғамбар алайҳис саломнинг кўрсатмаларига амал қиладилар.


Ана шу юксак фазилатларга эга бўлган кишигина комил мўмин бўла олади. Ушбу хусусиятлар орқали мўмин кишининг имони нечоғли мустаҳкам экани билинади. Ҳар биримиз мазкур сифатларга эга бўлсак комил мўмин даражасига етган бўламиз.
Шундай экан, кундан-кунга ахлоқимизни гўзаллаштириб, сайқаллаб борайлик, ёмон қилмишларни ташлайлик. Кўнгли тор, жанжалкаш, раҳмсиз, марҳаматсиз, вафосиз, бахил, зиқна ва хасис бўлмоқ мусулмонга ярашмайди. Бундай одатларни тарк этайлик. Ширин тилли, очиқ юзли, яхшиликни севувчи, унга ундовчи, раҳмдил, марҳаматли, сўзида турадиган, бошқаларга ўрнак бўладиган мўминлар сафидан жой олишимизни Яратганнинг ўзи насиб айласин!



Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси
 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram