Мушкулкушод бидъат!
25 январ 2021 й.
345 марта ўқилди.

 
Мушкулкушод бидъат!

Мамлакатимизнинг кўпгина вилоятларида яшовчи аҳоли орасида Мушкулкушод ва Биби Сешанба маросимлари сақланиб қолган. Бу маросимлар бидъат маросимлардан бўлиб, аёлларнинг хурофий тасаввурларидан келиб чиққан одатлардир.
Маросимлар асосан, аёллар орасида мушкулни осон қилиш мақсадида, иш юришмай қолса, қиз ёки йигитга тенги топилмай қолганда, ҳомиладор аёлларнинг эсон-омон қутилиб олишлари учун етти чоршанба мушкул кушод ўқитилади. Мушкулкушод ўқитишда бу маросимни қилувчи аёл (яъни мушкулини осон қилувчи аёл) нон, майиз, қанд, чой ва бошқа нарсаларга дам уриб беради. Дам солинган чойни дамлаганда қайтариб бўлмайди, дами кетади, деб ҳам нотўғри эътиқод қилинади.
Бундай бидъат ва хурофотларни эл орасида тарқатишда фолбинлар ҳам етакчилик қилишади. Мушкулларингизни бартараф қилиш учун, албатта мушкулкушод қилдириб юборинг, деган қуруқ сафсата билан бошига мушкул иш тушган мижозларига тавсия беради.
Мушкулкушод сўзи қийинчиликларни очувчи, муаммоларни бартараф этувчи маъносини англатади. Аммо хотин-қизлар тасаввурида Мушкулкушод одамлар мушкулини осон қилувчи, муаммоларини бартараф этувчи, бахт, омад ва бойлик келтирувчи авлиё хотиндир.
Мушкулкушод маросими ҳалигача ўзбек халқи орасида сақланиб келмоқда ва бу исломий маросим деган номда нишонланади. Аслида унинг Ислом билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Баъзи содда аёллар мушкулкушод маросимида Қуръон ўқилади, ҳадис айтилади, деб ўзларига тасалли бермасинлар. Сабаби, бу номига қилинадиган ишлар. Аслида маросимнинг асосини руҳлардан мадад сўраш, фолбинлик қилиш, туморларга дам солиш, иссиқ-совуқ қилиш каби мардуд амаллар ташкил қилади.
Аллоҳ инсонларга берган энг буюк неъматлар ичида бу ақлдир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бирон бир ишни қилишдан олдин тафаккур қилинса, фойдадан ҳоли эмас. Қўлимизга тушган ҳар қандай китобларни кўр-кўрона ўқиб кетавериш эмас, балки китоб мазмун моҳиятини чуқур англаб, ўқиш лозим. Аллоҳ таоло ирода этган ишни дунёда ҳеч бир куч Ўзининг изнисиз бартараф этолмайди.
Биби сешанба, Биби Мушкулкушод каби бидъатлар шариатда йўқ маросимлар бўлиб, булар ширк амаллардан эканлигини англаб етишимиз керак. Табиийки, ҳар бир инсон синовга учраганда, уни бартараф этиш йўлларини ахтара бошлайди. Инсон бошига оғир мусибат, мушкул иш тушганда буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қазойи-қадаридан, Ўзининг иродасидан деб билиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифлар асосида, Қуръони Карим оятларидан ўқиб, саловотлар айтиб, Аллоҳ таолодан мушкулини осон қилишни сўрамоғи лозим.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Фотима Ҳабибуллоҳ қизи.
 

ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги Матбуот хизмати 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:20
Куёш: 07:11
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram