Мўминнинг мустаҳкам қўрғони
05 декабр 2015 й.
1419 марта ўқилди.

 Мўминнинг мустаҳкам қўрғони

 
قَالَ فَبِمَا أَغْوَيْتَنِي لأَقْعُدَنَّ لَهُمْ صِرَاطَكَ الْمُسْتَقِيمَ
 
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У (Иблис) айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман” (Аъроф, 16-оят).
Аллоҳ номи билан паноҳ сўраш шайтон васвасасидан омонлик саналади. Мутавотир хабарларда пайғамбаримизнинг кўп офатлар ва турли балолардан паноҳ сўраганлиги айтиб ўтилган. У зот бахиллик, қўрқоқлик, ялқовлик, қабр ва дўзах азоби, фойдасиз  илм, залолатга кетиш, зулм каби разил иллатлардан доимо паноҳ сўраб дуо қилиб юрганлар. Бизлар ҳам шафоатчимиз паноҳ сўраган нарсалардан паноҳ тилаб, дилимиз ва тилимизни Аллоҳ зикрига машғул қилсак, умримиз охиригача шайтон ҳийлаларидан омонда бўламиз.
Мадад, паноҳ, ҳимоя, яхшилик ва ижобат ёлғиз Аллоҳдангина сўралади. Бу ишда Аллоҳдан бошқа ким ҳам қодир?! Паноҳ сўровчи Аллоҳнинг мустаҳкам арқонини маҳкам тутиб паноҳ тилаши керак. Жамият қонунларини маҳкам тутган фуқаро балолардан омонда бўлгани каби илоҳий қонунларни маҳкам ушлаган уммат шайтони лаъиннинг душманлигидан саломат яшайди. 
Ҳадиси шарифларнинг бирида “Ким бир кунда Аллоҳ номи билан шайтондан ўн марта паноҳ тиласа Аллоҳ унга бир фариштани вакил қилиб қўяди. Бегона туя сув бўйидан четлатилганидек, фаришта ундан шайтоннинг ёмонлигини даф этиб туради”, дейилган. Аллоҳ номи билан паноҳ сўраган киши қандаям саломат бўлмасин? 
Шайтони лаъин отамиз Одам Атонинг жаннатдан қувилиши ва ерга тушишига сабабчи бўлди. У инсониятнинг азалий ва абадий душмани. Раббимиз бизни унга итоат этишдан қайтариб, унга осий бўлишга буюрган. Чунки, иблисга итоат этишда Аллоҳнинг ғазаби, унга осий бўлишда Аллоҳнинг раҳмати, жаннат маскани, инсонийлик саодати мужассам.
 
الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ وَيَأْمُرُكُم بِالْفَحْشَاء وَاللّهُ يَعِدُكُم مَّغْفِرَةً مِّنْهُ وَفَضْلاً وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
 
“Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчи зотдир” (Бақара, 268-оят). 
Паноҳ сўраган кишилар ҳақиқий нажотда. Ким иблисга итоат этса уни икки дунёда хорлайди, ҳидоятдан тўсади, унинг қалбида залолат ва тубанлик эшикларини очиб қўяди. Ундайлар ўз манфаатини ўйлайдиган худбинга айланиб қолади. 
 
وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِلْإِنسَانِ خَذُولًا
 
“(У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир” (Фурқон, 29-оят). 
Паноҳ сўрашни билиш – ибодатлар афзали. Чунки паноҳ сўраш Қуръони каримда буюрилган. Паноҳ сўралмаганда шайтон ёмон ишларни яхши, залолатни ҳидоят қилиб кўрсатаверади. Оқибатда инсонни аламли азобга гирифтор этиб, мўминлар қароргоҳи жаннатдан мосуво этади. 
Паноҳ калималари – мўминлар учун мустаҳкам қўрғон. Қўрғонга кирган қўшин душмандан саломат бўлса, паноҳ сўраганлар шайтоннинг ёмонлигидан омонда бўлади. Паноҳ сўраш – мўминнинг дини учун шайтон ҳийлаларидан тўсадиган энг мустаҳкам қўрғон. У шундай қўрғонки, шайтон уни асло бузолмас. Шайтондан ҳимояланмоқчи бўлганлар Қуръонга амал қилсин, паноҳ дуоларини ўқиб юрсин. Кўплаб оятларда иблиснинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга тарғиб қилинган. Қуръон – амал қиладиганлар учун шифо, амал қилмаганлар зарарига шоҳид. 
Билингки, шайтон ғурурга тарғиб этади, яратганда узоқлаштиради, ўзининг тузоғига илинтириб, шерик бўлиши учун жаҳаннам домига тортиб кетиш пайида бўлади. Аслида ҳамманинг шайтони бор. Паноҳ сўраб юрганларгина омонликда яшайди. Паноҳ сўралмаса фирқаларга бўлиниб, ихтилофларга бурканиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. 
Биз доимо гуноҳ, исён, залолат, хорлик, ҳаром луқма, зулм, хиёнат, вафосизлик, умр парокандалиги, бидъат ва хурофотларга берилиш, ёмонликни жалб қиладиган мақсад, ҳақиқатни тарк этиш, қалб васвасаси, алдов, ношукурлик, ёлғон гувоҳ, чақимчилик, ғийбат каби жирканч сифатлардан паноҳ сўраб яшашимиз талаб этилади. Негаки, бу амаллар Раҳмондан узоқлаштириб, шайтонга яқинлаштиради, жаннатдан тўсиб, дўзах томон етаклайди. Булар бора-бора томир отиб жамият таназзулига олиб боради. 
Аллоҳ қайси бандасига яхшиликни ирода қилса, ундан шайтонни узоқлаштириб, ўзи ёрдам беради. Уни тоатда тетиклаштириб, бадани ва қалбида ибодатга бўлган ялқовликни кеткизади. Бунинг учун банда фақат Раббисига суяниб, унга ширк келтиришдан йироқ бўлмоғи керак. Аллоҳ розилигини барча нарсадан устун қўйиши зарур. Шундагина унинг абадий қароргоҳи жаннат бўлади. 
Агар қайси бандасига ёмонликни ирода қилса, ундан шайтонни четлаштирмайди. Унинг ишларида шайтон ҳукмронликни қўлга олади. Бора-бора Аллоҳ итоатидан узоқлашиб, нафс исканжасига асир тушади. Унинг кўзига ҳақиқат ва тоат қийин ва ёмон кўринади. Ҳақ йўлида дангасалик қилади. Разолат ва зулм яхши ва осон кўринади, бу иши билан завқланади. Ҳақиқат аҳилларидан ўзини устун қўйиб, нафс амрига мутеълардан бўлиб қолади. Оқибатда эса унинг икки дунёси надомат ботқоғига ботади. Ундайларнинг пешонасидан шайтон ўпиб, ўз бағрига олади. 
Бу жирканч иллатдан қутулишнинг давоси – фақат тавба, истиғфор ҳамда паноҳ калималари. Астойдил тавба қилинса, залолат ва жаҳолат тўридан чиқади. Сўнгра шайтон: “Войдод! Умрини залолатда ўтказиб, осийлиги билан кўзимни қувнатиб юрарди. Тавба билан тузоғимдан қочиб қолди. Унинг тавбаси хафачилигимни зиёда этди”, – деб хуноби чиқар экан. Банда асло шайтон васвасасига учмасин. Тавбага интилиб яшасин. Шояд тавба гуноҳларни ёпар. 
Иблис ҳар куни уч юз олтмиш нафар аскарини мўминларни залолатга чорлаш учун юборар экан. Аллоҳ таоло паноҳ сўрайдиган мўминлар қалбига кунда уч юз олтмиш марта раҳмат назари билан боқади. Ҳар бир назар биттадан аскарни ҳалок қилишга қодир. Мўминлар паноҳ сабаб балолардан омон қолади. Дунёда Аллоҳнинг назарига дош берадиган бирор куч бормикин? 
Ўғрилар молни ўғирласа, шайтон қалбни ўғирлайди. Уни тўлиқ ўзиники қилиб олиш пайида бўлади. Ҳушёр инсон нарсасини ўғирлатмайди. Ҳушёрлардан ўғри узоқлашади. 
Банда ҳар куни, ҳар намозда, ҳар ракаатда “Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қилгин”, деб тиловат қилса, албатта ҳидоят топиши муқаррар. 
Байтул маъмур фаришталар ибодати билан обод бўлса, мўминнинг қалби Холиқнинг назари билан ободдир. Холиқнинг назари тушган қалбни шайтон ўғирлай билмайди. Холиқ назари уни куйдириб юборади. 
Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Тушимда шайтонни кўрдим. “Сенга энг қаттиқ ботадиган нарса нима?” – деб сўраганимда, “Киши Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўрамоғи”, – деб жавоб берди». 
Шайтоннинг тузоғидан эҳтиёт бўлинг. У қалбга киришнинг турли йўлларини билади. Ғофил, маърифатсиз қалбларни қароргоҳ қилиши аниқ. У асло маърифат ва эътиқодга лиммо-лим тўлган қалбга яқинлаша олмас. Бундай қалбларда шайтон учун асло жой топилмас. 
Саодатдан кейин шақоват, азизликдан кейин хорлик, зиёдаликдан кейин нуқсон, иймондан кейин куфрга кетишдан, ҳалолни қўйиб ҳаром, раҳматни қўйиб шайтонга эргашишдан ўзи асрасин. 
Шулар қатори Раббимиздан зоҳиримиз ва ботинимизни поклашини, элу юртга фойда берадиган илму маърифат, соғлом эътиқод беришини, амалларимизни қабул айлашини сўраймиз.
 
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram