Мустақиллик – улуғ неъмат
26 август 2019 й.
148 марта ўқилди.

   
          Мустақиллик – улуғ  неъмат

     Мустақиллик  туфайли бой тарихимизга холисона эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Ўзлигимизни англадик, миллий қадриятларимиз тикланди. Дину-диёнатга эътибор қанчалик кучайганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Мухтасар қилиб айтганда, юртбошимиз бошчилигида бир кичик иморат эмас, ҳар томонлама дунёга кўз-кўз қиладиган катта бир давлатни барпо этдик. Эришилган ютуқлардан қувониш, нурли тақдир, туганмас бахт, чексиз шодиёналик бахш этган мустақилликка шукронамизни изҳор этиш ватанпарварлик бурчимиздир. Мустақилликни ҳимоя қилиш, тинч-фаровон ҳаётимизни қадрлаш ҳар бир юртдошимизнинг иймоний масаласидир дейишга тўла ҳақлимиз. Шу билан бирга нафсоний тушунчалар ортидан қувиб, ўзлари тушиб бораётган маънавий инқироз чоҳига баъзи бир ғўр ёшларимизни оёғидан тортиб тушуришга уринаётганларнинг борлиги, ёшларимизнинг бундай ёт ғоя ва мафкураларнинг таъсирига тушиб қолаётгани барчамизни жиддий ташвишга солади. Халқимиз таъбири билан айтганда, “илонга ҳеч ким ўз кўксидан жой бермас”. Негаки, илоннинг касби-чақиш, илон боласига заҳар солишдан бошқани ўргатмайди. Ўзларини ислом дини ва мусулмонларнинг хизматчиси деб эълон қилаётган диний экстремизм ва унинг террорчи гуруҳлари ана шундай заҳарли илон кабидир. Кўксидан уларга жой берган ёшларни бир кунмас бир кун бехосдан чақиши, заҳарлаши турган гап.
  Мустақиллигимизнинг таянчи-суянчи бўлмиш ёшларимизни бундай бузғунчи тўдаларнинг хуружидан асраш – барчамизнинг кундалик ҳаётий ишимиз эканлигини англашимиз зарур. Улар тилида Аллоҳни, Унинг Расулини (с.а.в.) гўё тан оладилар,  лекин Яратганнинг фармонларига зид ишларни қиладилар. Бу ҳол дунёнинг турли минтақаларида бўлаётган бузғунчилик, ноҳақ қон тўкиш каби салбий ҳолатларда ўз тасдиғини топмоқда. 
       Мана,  уларнинг бузғунчи  ғоялари ва қарашлари қуръони карим, ҳадиси шариф таълимотига асосланган соф исломий эътиқодимизга мутлақо зид эканлигига Расулуллоҳнинг ҳадисларидан бир далил, унда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб айтганлар: “Нафсим, 
жоним, руҳим қудрати қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, жаннатга кира олмайсизлар, токи мўъмин бўлмагунча,  мўъмин бўла олмайсизлар, токи бир-бирингизни севмагунча!”. Ушбу ҳадисда динимизнинг инсонпарварлик ғояси ўз мужассамини топган. Жаннатга киришнинг шарти – мўъмин бўлиш. Мўъмин ким? Мўъмин – бир-бирини севадиган, бошқаларга меҳр-муҳаббатли киши. 
    Террорчилар домига тушиб, ўзини портлаб ўлдирган ёки ноҳақ қон тўкканлар эса бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам дўзахга мубтало қилинганларини билмай, осийларга кетган кишилардир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа бир ҳадисларида шундай буюрадилар: - “Мўъминлар бир-бирларига раҳм-шафқат, севги ва дийдор бобида бир вужудга ўхшайдилар. Вужуднинг бир аъзоси касалга чалинганда бошқа аъзолар ёрдамга келиб, касалликка қарши ҳимояга ўтадилар, бирга қаршилик қиладилар”.  Расулуллоҳнинг ушбу ҳадисларида мўъмин-мусулмонлар раҳм-шафқат, марҳамат, муҳаббат, дийдор бобида бир тану – бир жон, биродар, муҳаббатли бир умрга бўлишга даъват этилмоқда. Ушбу ҳадиснинг иккинчи жумласида яна бир ибратли  ҳикмат  бор. У барчамизни огоҳ бўлишга, ён атрофимизда бўлаётган воқеаларга, ёшларимиз тақдирига бефарқ бўлмасликка даъват этади. Мадомики, “вужуднинг бир аъзоси касалга чалинганда бошқа аъзолари ёрдамга келиб, касалликка қарши ҳимояга ўтар” экан, биз ҳам вужудимизнинг бир парчаси фарзандларимизни ёт иллатлар – касалликлардан ҳимоя қилишга масъулмиз, токи бу иллат уруғлаб мустақиллигимизга путур етказмасин. 
       Кўнгиллигимизнинг зехнимизга ўрнашиб қолган яна бир ҳадис борки, у ҳам Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган манфур кимсаларнинг носоғлом ақидаларини фош этади. Мана ўша ҳадис: “Мўъмин киши токи ўзига яхши кўрган нарсани мусулмон биродарига ҳам раво кўрмагунча, комил мусулмон бўла олмайди”.  Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) Ислом дини нуқтаи назаридан комилликнинг асосий шарт ва мезонини баён қилганлар. Комил мусулмон ким? У ўзига яхши кўрган нарсани мусулмон биродарига ҳам раво кўрган киши. Бил акс яхшиликни ўзгаларга раво кўрмаганлардан қўрқиш зарур, чунки уларнинг қалби фисқу-фужур, ҳасад, ғазаб билан тўлган. Улар ўзларига 
эргашган мусулмон кишиларнинг охиратини куйдириш билан бирга бутун бир жамиятнинг тинчлик-осойишталигига раҳна соладилар.
      Келтирилган ҳадислар мазмунидан маълум бўладики, комилликнинг бош мезони инсонийлик бўлиб, унинг ичида маънавият-маърифат ётади. Унинг ўзагини эса ахлоқ-одоб ташкил этади. Комил инсон шахси замирида унинг миллий қадриятларга содиқлик, умуминсоний қадриятларни эъзозлаш, бегона, ёт ғоялар таъсирига берилмаслик, мустақилликни ҳимоялаш, қалб поклиги, иймон-эътиқод бутунлиги, одам иродасининг бақувватлиги, жисмоний, ахлоқий-маънавий соғломлик каби фазилатлар ётади. Мустақил юртимизда ёшларни мана шундай ҳар томонлама комиллик ва мукаррамлик даражасига кўтариш учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Адашганлар ва адаштирилганларни тўғри йўлга солиш, аросат йўлида қолганларни эса ҳақиқатни англаб олишлари учун уларнинг қалбидан ҳасад, қаҳр-ғазаб, душманлик каби ёт иллатларни юлиб ташлаб, унга яхшилик уруғларини экайлик, токи у ўсиб улғайсин, унинг ширин мевасидан эл-юрт баҳраманд бўлсин. Яратганнинг ўзи бу эзгу ишларимизга мададкор бўлсин, Мустақиллигимизни Аллоҳ пойдору-мустақим айласин.
            
                                                                    Бухоро шаҳар “Пири-дастгир”
                                                                 жомеъ масжиди имом-хатиби
                                                                 Жонмуҳаммад Гулов             
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram