Мустақиллик – ўзликни англашдир.
25 август 2016 й.
1391 марта ўқилди.

 Мустақиллик – ўзликни англашдир.

 
       Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлмиш истиқлол шарофати туфайли халқимиз ўзлигига, қадр-қимматига, маънавиятига, қадриятига, тарихига, ҳуррияти ва  эркинлигига эга бўлди. Сал кам бир аср Худосизлик сиёсатини бошдан ўтказган халқимиз мустақиллик сабабидан  энг афзали муқаддас, соф ислом динига эътиқод қилиш бахтига муяссар бўлди. Халқимизнинг иймони, диний эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқлари, буюк аждодлари шаъни ва обрўйига қилинган тожоввуз, зулм ва ноҳақлик каби ваҳшиёна хатти-ҳаракатларга барҳам берилди. Бугунги кунда ҳам иқтисодий – жисмоний ҳам ижтимоий-маънавий жиҳатдан ҳар томонлама аста секинлик билан, босқичма-босқич жаннатмакон юртимиз ривожланиб, юксалиб борияпди. Олдимизга қўйган “ Келажаги буюк давлат” ни тузиш сари одимлаб боряпмиз. Бизнинг мустақил Ўзбекистонимиз бугунги кундаги “Озод ва обод ватан,  эркин ва фаровон ҳаёт қуриш” дек улуғ мақсадларига етишяпти.
       Юртбошимиз айтганларидек: “ Биз ўз мустақил йўлимизни 1991 йилда қатъий танлаб олдик. Энди бизни кечаги мустабид ҳаёт билан боғлайдиган ҳеч қандай кўприк қолмади ”Бугунги фаровон кунларнинг қадрига етиш учун ўтган даврга назар ташласак, қиёс қилсак ҳамма нарса аён бўлади".
   Истибдод даврида масжидларимиз сони Бухоро вилоятида учта бўлган. Республикада бир неча ўнлаб ( 82 та) бўлган. Учта масжид ҳам эски шаҳарнинг тор кўчаларига, инсон топиб бориши қийин бўлган жойларга бўлган.  Ҳозирги кунга келиб шаҳарнинг қоқ марказида катта – катта масжидлар фаолият олиб бормоқда. Биргина Бухоро вилоятининг ўзида бир юз учта жомеъ масжид мавжуд. Республикамизда эса икки мингдан зиёд. Энди масжидларимиздаги шароитни айтмаса ҳам бўлади. Қариб барча масжидларимиз давр талаби даражасида обод бўлиб қолди.
     Ҳурриятдан олдин Собиқ СССР бўйича битта мадраса фаолият юритган бўлса ҳозирда диёримизда тўққизта мадраса, Ислом университети, Имом Бухорий номли ислом институти фаолият олиб боряпди. Эътиборли жойи шундаки мадрасалар орасида хотин-қизларимизни диний таълим олишлари учун иккита мадрасанинг борлиги, ҳукуматимиз томонидан кенг йўл очиб берилганлиги инсонни хурсанд қиладиган ҳолат ва бунга ҳеч ким эътироз билдираётгани, қаршилик қилаётгани йўқ бунга йўл қўйилмайди ҳам. Чунки конститутцямизда ҳар биримизнинг диний эркинлигимиз қонунан ҳимоя қилинган. Шу ўринда устозларимизнинг ҳаётларидан бир мисол келтирсак юқоридага фикрларимизни  тушунишимиз осон бўлади. Юртимиздан етишиб чиққан катта олимларимиздан, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Бухородаги Мир-Араб мадрасага имтиҳонлардан ўтиб ўқишга қабул қилинганлар. Шунда таҳсил олган ўрта мактабдаги директорига сени тарбия қилган ўқувчинг мадрасага кирди деб, ҳайфсан эълон қилинган экан.
     Истиқлолдан аввал она тилимиздаги диний адабиётларимизнинг нашри йўқ эди. Ҳозирда ҳамма мавзудаги саволларимизга жавоб она тилимизда бор. Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф ҳақидаги китобларимиз ўзбек тилимизда қайта-қайта нашр қилиниши халқимиз мусулмонлари учун катта туҳфадир. Бундан ташқари юртимиздан етишиб чиққан олимларимизнинг  интернетда ўз сайтлари мавжуд.  Ойлик Ҳидоят журнали,  Ислом нури газетасининг чоп этилиб бориши ва  ОАВ да имомларимизнинг  чиқишлари мастақиллигимиз, диний эркинлигимизнинг сабабидандир.
    Яқинда, ёши кекса бир инсон билан бўлган суҳбатда айтдиларки: собиқ СССР даврида юртимиздан чиққан катта олим, дунё тиббиётнинг ривожига тамал тошини қўйиб кетган Ибни Сино ҳаётлари ва у кишининг қилган амалий  ихтиролари ҳақида мақола ёзиб  вилоят газетасига чиқариш учун этганимда қаршилик қилишган, чиқаришга қўрққан. Агар мен бу мақолани чиқарсам аввал мени кейин сени жавобгарликка тортишади, деб хавотирга тушган эди - дейдилар. Ана шундай ўзбек халқини тарихи ва ўзлигидан айириш, кимнинг авлодлари эканини униттириш мақсадида мустабид тузумнинг найранглари бўлган.
         Эркинликка эришганимиздан кейин ўтган улуғ алломаларимизнинг маънавий-илмий меросларини қайта тикланди. Дунё илм-фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний каби олиму-уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланди ва  қадамжолари обод қилинди. Бу олиб борилаётган амалий ишларимизнинг натижасида 2007 йилда Ислом конференцияси ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича АЙСЕСКО ташкилоти Тошкентни Ислом маданиятининг пойтахти, деб эълон қилганидир.
     Жомий ҳазратлари бир ибратни келтирадилар: қишлоқ этаги туташган тоғда бир гала каклик тонгдан бери чуғурлашишади. Улар учун тоза ҳаво, кенглик, эркинлик ҳар куни байрам эди. Қуёш кўтарилиши билан қишлоқдаги хўрозлар ҳам бошпаналаридан чиқиб, ахлатхоналарни титиб, ғурур билан қичқириб қўяр эдилар. Бу ҳолни кўрган бир каклик қаҳ-қаҳ уриб кулди ва гердайганича ахлат титаётган хўрозга деди:
- Эй кеккайган ахмоқ! Бир ҳовуч дон учун одамларга асир бўлиб ўтирибсан-а! Шу ахлатхонани ўзингга жаннат деб биласан. Ахлатхонадан қутутлсанг-чи!
    Бу масални баён қилиб Жомий ҳазратлари демоқчиларки: Бу дунёда ўзинг учун азиз бўлган озодлигингни бир ҳовуч емишга сотма. Доим озод ва ҳур яшашликка интил.
    Биз бугун мана шундай озодликка эришдик. Олдимизга аниқ мақсад қўйиб олдик.      
       Президентимиз “ Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли китобларида айтадилар: “ Биз эски тузумни тиклашга қаратилаган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз, мустабид совет даврига асло қайтмаймиз. Шахсан мен бутун ҳаётимни, бутун умримни халқимизнинг озодлигига, Ватанимиз мустақиллигига бағишладим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман.  Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, “ Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтда “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак? ” деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим”- деб.
Аллоҳ таоло каломида марҳамат қилиб:
... لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ...  
яъни: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” – деб. Бошқа бир оятда “ Шукр қилгувчиларни мукофотлаймиз ”- деган.
    Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрамини  катта қувонч ва шодиёналар билан кутиб олиш тараддудида турибмиз. Бу кунларни кўриш орзусида бир неча аждодларимиз умид ва хасратда дунёдан ўтиб кетишди. Диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик ва ҳамжиҳатликда ўтказишликни насб  айлаб, юртимизни шаъни, обрўйини бунданда юқори қилсин.
 
  ШУКРОНА АЙТ!
 
Сажда айла! Чўк муқаддас тупроққа тиз,
Қолдир кўнгил кўчасида нурафшон из,
Ўзлигингни қилмоқ учун бир лаҳза ҳис,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!
 
Ўтган кунинг, бугунга боқ, эртангга боқ,
Йўлларингда ёнсин умид янглиғ чироқ,
Токи олам ичра бордир васлу фироқ,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!
 
Кин, ғаразлар қалбни айлар ночор, юпун,
Иймонингни иблислардан асра бутун,
Муқаддас юрт келажагин кўрмоқ учун,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!
 
Болам дея, юртим дея куйган бу эл,
Данагидан мағзин устун қўйган бу эл,
Миллатини, ўзлигини суйган бу эл,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!
 
Осмонимиз ўртанмасин дард аламда,
Она Ерни суйдим, жон бор то танамда,
Бундан ортиқ не керакдир? Ҳар қадамда,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!
 
 
« Соктари » жомеъ
масжиди имом хатиби:                                                                                        Жасурбек Латипов.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram