МУСУЛМОННИНГ ОИЛАСИ
23 май 2022 й.
225 марта ўқилди.

МУСУЛМОННИНГ ОИЛАСИ
 
Эркак ва аёл бир бирига мос қилиб яралган, бири иккинчисисиз хотиржам ҳаётгузаронлик қилолмайди. Аллоҳ таоло бандаларини яратганда ҳам бир бирига мутаносиб ҳолда яратган. Яъни эркак бақувват, суяклари мустаҳкам, ҳаракатлари дағал, ўзи кучли ва иродали бўлади. Аёл эса шу хилқатга муносиб, жуссаси нозик, суяклари мўрт ва ҳаракатлари нафис, ҳиссиётга берилувчан ва заиф қилиб яратилган. Шунинг учун ҳам эркаклар оила раҳбари, хонадонининг боқувчиси ва ҳимоячиси бўлиб келган ва келмоқда.
Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфатлик алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:"لاَ يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً ، إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ "
“Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур”, дедилар”.
Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عَنِ الْحَسَنِ  أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : " اتَّقُوا اللَّهَ فِي الضَّعِيفَيْنِ : الْيَتِيمِ وَالْمَرْأَةِ " .
“Икки заифнинг ҳаққидан Аллоҳга тақво қилинг, бири етимнинг ҳаққи ва иккинчиси эса аёлнинг ҳаққи”.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Асмаъ бинти Язийд ал-Ансорийя розиаллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз–аёллар жамоаси, тутилиб, ўралиб, уйда ўтириб қолганмиз. Эркакларнинг шаҳват мавзеъси, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар душманларга қарши урушга чиқсалар, уларнинг молларини муҳофаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!”–деди. 
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини ўз саҳобаларига ўгириб қарадилар-да:
–Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисизлар?–дедилар.
–Йўқ, эй, Аллоҳнинг Расули,–дейишди улар.
–Эй Асмаъ, қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади,–дедилар.
Асмаъ ўзига Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсалардан севинганидан “Лаа илаҳа иллаллоҳу”ни айтиб қайтиб кетди”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عَنْ عَائِشَةَ ، قَالَتْ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " إِنَّ أَكْمَلَ الْمُؤْمِنِينَ إِيمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا ، وَأَلْطَفُهُمْ بِأَهْلِهِ " .
“Иймон жиҳатидан мўминларнинг энг мукаммали чиройли хулқлиги ва ўз аҳлига лутф билан муомала қиладиганидир”.
Бир киши таърифи тилларда достон, мадҳи кишилар ўртасига зарбулмасал  бўлган ниҳоятда гўзал бир аёлга уйланибди. У хотинини жуда қаттиқ яхши кўрар, ҳурмат-эҳтиромини жойига қўяр экан. Хотин ҳам ўз навбатида эрига худди шундоқ жавоб қайтарар эди.
Улар бахтли эдилар. Шундай бахтиёр кунларнинг бирида атрофга ярага ўхшаш, чиққан жойида чуқур из қолдирувчи ҳуснбузар касаллиги тарқалганини эшитдилар. Кунлар ўтиб, аёл ҳам ўзини нохуш ҳис қила бошлади ва билдики, у ҳам ана шу касалликка йўлиқибди. У даҳшатга тушди, нима қиларини билмай зор қақшади. Яхшиямки,   хўжайини ҳозир уйда йўқ, бўлмаса унинг бужмайиб кетган хунук юзини кўриб жаҳли чиққан бўлар эди.
Хўжайин уйга қайтаётиб, йўлда нима фалокат бўлдию, кўзлари ожиз бўлиб қолди. Уйга қайтиб келганда ҳам аёлига нима бўлгани, унинг нақадар хунуклашиб кетганидан бехабар яшай бошлади. Аёл тобора хунуклашар, эрининг ҳам аҳволи борган сари ёмон томонга ўзгарар эди.  Улар шу ҳолда қирқ йил ўша-ўша – янги келин куёвлик вақтларидаги  муҳаббат, ҳурмат-эҳтиромда  яшадилар. Эр аёлини девоналарча севар, ардоқлар эди…
Кунлар ўтди. Аёлнинг кун соати битиб вафот этди. Эри бундан шунчалар эзилиб хафа бўлдики, ҳатто унинг сўқир кўзлари ёш тўкди. Жондан азизи, неча йиллик қадрдонини ерга қўйгач, бошини эгганича ёлғиз ўзи қабристон эшигидан чиқиб кета бошлади. Унинг ҳолини кўрганларнинг юрак-бағри эзилиб адо бўлди. Кимдир унга “Ҳой фалончи, қаёққа?”, деди.
“Уйимга.”
“Ёлғиз ўзингиз-а? ахир йўлни топа олмайсизку!”
“Эй оғайни, сиз мени кўзи ожиз деб ўйлаяпсизми? Аллоҳга қасамки, мен кўр эмасман. Аёлимнинг касал бўлиб қолганини билган кунимдан бошлаб, унинг қийналишини, касаллиги сабаб мендан хижолат бўлмаслиги учун ўзимни кўрликка солиб юрдим. У қандоқ ҳам яхши аёл эди-я, наҳотки уни ранжитиш мумкин бўлса? Йўқ, у касаллигидан уялмаслиги керак эди. Мен ана шу ниятда қирқ йилдан зиёд ўзимни кўрликка солдим ва унга аввалгидек муҳаббат ила муомала қилдим. Бўлди, энди бу ишимдан фойда йўқ, у вафот этдику”, деб йиғлаб юборди….
 
Ромитан туман бош имом-хатиби Бобир Жўраев
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:20
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram