Нафақа кимнинг зиммасида?
04 апрел 2019 й.
169 марта ўқилди.

 

Нафақа кимнинг зиммасида?

Ислом шариатида ҳар бир мўмин мусулмонга ўзининг қарамоғидаги ота-онаси, аҳлу аёли, фарзандларига нафақа қилишлиги вожиб (шарт) ҳисобланади. Мусулмон бу ишни шариат буюрган амал деб ҳалол йўл билан, ихлосу муҳаббат билан адо этса вожиб амални бажарган киши сифатида ажр-савоб олади. Аксинча, бу ишни бажармаган ёки нафақа беришликда нуқсонга йўл қўйган бўлса вожиб амални бажармаган, унда нуқсонга йўл қўйган шахс сифатида Аллоҳ Таолонинг ҳузурида гуноҳкор, жамият олдида айбдор бўлади. 
“Нафақа” сўзи луғатда “яхшиликка маблағ чиқариш” маъносини билдиради. Шариатда эса ўз қарамоғидаги инсонларни етарли кийим, таом ва уй-жой билан таъминлаш тушунилади.
Аллоҳ Таоло Бақара сурасида бундай дейди:
وَعلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ…
яъни: “У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир” (Бақара сураси, 233 оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг нафақаларига бефарқ бўлмасликка ундаб, уларга берилган ҳар бир луқмада савоб борлигини биз умматларга билдирганлар:
إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نفقَةً يحتَسبُها فَهِي لَهُ صدقَةٌ
(متفقٌ عَلَيهِ)
яъни: “Киши ўзининг аҳли аёлига савоб умидида нафақа қилса, бу унинг учун садақадир” (Муттафақун алайҳ).
Абу Исҳоқдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ҳар бир нарсага ажр олади. Ҳаттоки аёлининг оғзига тутган бир луқмага ҳам”, - дедилар”. Демак, ҳар бир мусулмон аҳли-аёлини боқиш учун, уларнинг нафақасини адо қилиш учун, қарамоғидагиларни едириб-ичириб, кийинтириб, турар-жой билан таъминлаш учун ҳаракат қилса Аллоҳ Таолонинг буйруғини, шариатнинг ҳукмини адо қилганлиги учун савобга эга бўлади. 
Шаъбийдан ривоят қилинади: “Кишининг ўз аҳли-аёлига ва ўзига қилган нафақаси савоби 700 мартадан ҳам кўпайтириб бериладиган нафақадандир”. Халқимиз орасида фақат “бошқаларга, бегоналарга хайр-эҳсон қилиш савоби кўп бўлади” деган нотўғри тушунча юзага келиб қолган. Бу ҳадисдан эса киши ўзига, аҳлига қилган нафақаси 7, 70, ёки 700 баробарга савоби кўпайтириб беришлиги маълум бўлади. 
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи эрлар ўз зиммасидаги вазифаларини унутиб, ўз зиммасида бўлган рўзғор нафақасига бепарволик қилмоқда. Натижада аёллар турли йўллар орқали ўзининг нозик хилқатига муносиб бўлмаган касблар билан машғул бўлиши, ҳатто мардикор бозорига чиқиб, пул топиш ҳолатлари учрамоқда. Бунданда ачинарлиси – баъзи аёллар чет элларга бориб, қанчадан-қанча машаққатларни бошидан ўтказиб, динимиз ва ўзбекчилигимизга тўғри келмайдиган йўллар билан пул топишга уринмоқда.
Ҳозирги баъзи одамлар шариатимиз, урф-одатимиз, қадриятларимизга ва миллийлигимизга зид бўлган оилавий муносабатларни ўзларига намуна қилиб, турли муаммоларга дуч келмоқдалар. Аёл кишини Аллоҳ Таоло нозик хилқат соҳибаси, фарзандларига меҳрибон она, турмуш ўртоқларига муҳаббатлик қилиб яратди. Эркакларни эса ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларга чидамли ва бақувват қилиб яратган. Шунинг эътиборидан эркак киши оила сардори сифатида аҳли-аёл ва фарзандларини нафақалантиришлиги лозим бўлади. Аёл оилада фарзанд тарбияси ва унинг саломатлиги билан, жамиятда эса пазандачилик, тўқувчилик, тикувчилик каби ўз хилқатига мос ишлар билан машғул бўлишлиги афзал ҳисобланади. 
Аллоҳ Таоло барчамизни зиммамиздаги эрлик мажбурият ва вазифаларимизга ихлос ва муҳаббат билан амал қилиб, доим оилавий хотиржамликда яшамоқлигимизни насиб айласин.

Шофиркон туман бош имоми Жасур Латипов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram