Нафс ваҳший арслон кабидир
02 июл 2017 й.
1143 марта ўқилди.

 

Нафс ваҳший арслон кабидир

 

Поёнсиз ва узоқ бир ўрмонда битта ваҳший арслон яшар эди. Ўрмонда ҳамма ҳайвон ундан қўрқиб кун кўрарди. Улар бундай ҳаётдан қутулишга чора қидирдилар. Ўйлаб охири ичларидан бир ҳайъат танлаб арслонга юбордилар.

-Эй ўрмонларнинг шоҳи арслон. Ҳар кун биттамизни тутиб ейсан. Бунга эътирозимиз йўқ, бироқ овора бўлишинг шартми? Сен тахтингда бемалол ўтиравер, ўзимиз сенга ичимиздан биримизни йўллаймиз, бемалол еяверасан -дейишади.

Бу таклиф арслонга ёқиб тушади ва қабул қилади. Энди ҳар куни эрталаб бир ҳайвон арслонга топширилар эди.

     Кунлардан бир кун навбат қуёнга келибди. Бироқ у боришни асло хоҳламабди.

-Эҳ, нима қилайлик?! Қисмат шу! Кўпчиликнинг хотиржамлиги учун кимдир ўлиши керак. Қани вақтни ўтказмасдан йўлга туш. Арслоннинг жаҳлини чиқармайлик.

  Ҳайвонлар қанча гапиришмасин, қуён пинагини бузмас, кетишини пайсалга солар эди. Ниҳоят, ёлвора-ёлвора қуённи йўлга равона қилдилар.

  Қуён бамайлихотир сакраб-сакраб арслоннинг ҳузурига келди, бироқ вақт алламаҳал бўлган эди.

Очликдан ғазабланган арслон ўшқирди: - Қаерда қолдинг? Кечикишингнинг  боиси нима?

Қуён сохта бир хавотир билан гўё терларини артди, бўйнини букди: - Ҳазрати олийлари, ҳурматингиз бор. Мен эрталаб вақтли йўлга чиқдим, аммо йўлимни бошқа бир арслон тўсди. Қўлидан қутилгунга қадар бошимга нималар келмади, дейсиз.

Арслон янада ғазабланди:

- Ким экан бу густоҳ?! Бу ўрмонда фақат менинг  ҳукмим ўтади. Ким экан у? Қани тезроқ айт?

  Қуён бу аҳволдан мамнун, нуқул нариги “арслон”ни мақтар, бу билан арслоннинг жаҳлини чиқарар эди. Арслон чидай олмади:

- Туш олдимга, кўрсат ўша олчоқни менга!

Йўлга чиқишади. Қуён арслонни бир қудуқ бошига олиб келиб:

- Мана, султоним, у шу қудуқ ичида. Қаранг, ўрнашиб олибди.

Арслон ҳирс билан қудуқнинг ичига қаради. Сувда ўз аксини кўрди. Хириллашни бошлаган  эди, қудуқдаги акси ҳам “бўш келмади”. Қуён фурсатни қўлдан бой бермай, луқма ташлади:

- Кўряпсизми, жаноби олийлари, сизни қўрқитишини?!.

Арслон бутунлай қаҳрга тўлди, кўзлари ўтдек ёнди.

- Бир дунёда икки султон бўлмайди, парчалаб ташлайман уни! – дея ўзини қудуққа отди.

Ҳаммаси тугаган эди. Қуён ям - яшил ўтлоқларда қувноқ ҳолда сакраб-сакраб келиб, ҳайвонларга қутулганлари тўғрисида хушхабар берди.

Бунда Ҳазрат Мавлоно илова қиладилар: “Эй одам, сен бу дунё қудуғининг тубига ҳирс, очкўзлик билан ташланган маҳбус бир арслонсан. Нафсингни енгда, қуён каби эркин бўл. Сенинг нафсинг саҳрода еб ичмоқда, завқу сафо этмоқда. Сен эса мана бу миш-миш ва тортишув қудуғининг ичидасан” (“Маснавий”, 1-жилд, 900-байт).            

Аллома ҳикматли сўзлари орқали инсониятни ўрганиб ҳаёт жозибаларини қай ҳолда бошдан кечириши ҳақида, қайси ниятда қадам босиб унинг натижалари борасида сўзлайди: 

Бул жаҳон дом эрса, дондир орзу,

Қоч ўшал домдин, ёмондир орзу.

Бу дунё кўзингга жозибали кўриниши билан сени қуршаб олади, кўнглингда туғён ураётган ҳою - ҳаваслар қопқонга қўйилган алдамчи хўракдир. Сен қочадиган бўлсанг, ажалдан эмас, сени охират азоб уқубатларига улоқтирувчи ҳирс, орзу ҳавасларингдан қоч.

Нафсдадир майлу тилак, ул ихтиёр,

Истагил кўрганда бўлгай беқарор.

Нафснинг майл хоҳиши ўз истаганини кўрганда беқарор бўлади, ихтиёри измидан кетади.  

Шу сабаб биз ҳам нафсимизга қул бўлмасдан, нафс балосининг ёмонлигидан Аллоҳдан доим паноҳ сўраб яшамоғимизлозим. Ривоятда келади: “Инсоннинг дунё ҳаётида тўрт душмани бўлиб шу душманлар ила доимий равишда курашмоғи лозим:

1.     Дунё. Инсонни дунё ҳаёти алдаб қолмаслиги қолмаслиги учун, молу-дунё хаёлини батамом қамраб олмаслиги ва шайтон шу йўл билан ҳийласига гирифтор қилмаслиги учун дунё билан доимий ҳолат да курашмоғи лозим.

2.     Нафс. Инсоннинг нафси кўп нарсани хойлайди ва унинг амалга оширилишини истайди. Нафс хохлайдиган нарсалар ичида Аллоҳга мақбул бўлмайдиган амалларнинг рўйхати ҳам бор. Демак, бу номақбул рўйхатни тубдан йўқ қилиш учун инсон нафсига қарши курашмоғи шарт.

3.     Шайтон. Биламизки шайтон зийнатловчи, яъни гуноҳни гўзаллик билан зийнатлайди, ёмонликни инсон кўзига яхши ёки оддий ҳолатда кўрсатади ва инсон шайтоннинг зийнатлаган гуноҳини амалда бажариб Аллоҳга осий бандалардан бўлади. Демак, бу ҳолатлардан инсон холи бўлишлиги, гуноҳдан ўзини тийишлиги учун инсон ҳар лаҳзада шайтонни ўзига душман билиб у билан мардонавор равишда курашишлиги муҳим саналади.

4.     Шайтоний дўстлар. Булар ҳам шайтондан фарқлари бўлмай доимий равишда инсонни гуноҳ сари етаклаб, гуноҳнинг юксак чўққисига чиқишлиги ва охиратини шиддатли азобларга бойитишликка энг асосий шахс бўлиб хизмат қилади.”

 

Инсоният манашу каби оқибати ёмон ҳолатларга олиб борадиган амаллардан ўзини, нафсини тийиб, соғлом ҳаёт тарафдори бўлиб бу дунё ҳаётида яшамоқлиги лозим.

  

 

Имом Ғаззолий жомеъ масжиди

имом-хатиби Миршод Саидов

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram