Нафс жилови – тинчлик омили
20 май 2016 й.
1671 марта ўқилди.

 Нафс жилови – тинчлик омили

У Зотни эслашлик билан қалбларимизни ором оладиган қилиб қўйган, ҳамда, қалбларимизга сокинлик, хотиржамликни солиб қўйган Раҳмон сифатли Зотга ҳамдлар айтамиз. Гўзал хулқларни мукаммаллаштириш учун юборилган Ҳабибимизга саловот ва саломлар бўлсин.
 
Заиф қилиб яратилган инсон зоти ҳамиша муҳтожлик сезади. Инсонни бенуқсон яратган, мукаммал сифатлар билан сифатлаган, ягона илоҳ унга сон саноқсиз қимматли неъматларни бериб қўйган.  Бу неъматларнинг барчаси бандалар учун Аллоҳ таолонинг раҳмати. Шундай неъматлар борки, инсон улар ортидан юрмаса ҳам, яратган инсонни улар билан таъминлаб туради. Мисол учун ҳаво, сув, қуёш ва бошқалар. Лекин, инсон ҳаёт экан доимо уч хил нарсанинг ортидан чопишга мажбурлик сезади. Бу неъматларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи банданинг нияти, ҳаракатига қараб беради. Биринчиси – куч-қувватга тўлиши ва тирикликни давом эттириши учун еб-ичиш. Иккинчиси – уятли жойларини ёпиб юриш учун кийим кечак. Учинчиси – ўзи ва аҳлини иссиқдан ва совуқдан ҳимоя этиш учун уй-жой.
 
Аллоҳ таоло:
 مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْعَاجِلَةَ عَجَّلْنَا لَهُ فِيهَا مَا نَشَاءُ لِمَنْ نُرِيدُ ثُمَّ جَعَلْنَا لَهُ جَهَنَّمَ يَصْلَاهَا مَذْمُومًا مَدْحُورًا 
                   وَمَنْ أَرَادَ الْآَخِرَةَ وَسَعَى لَهَا سَعْيَهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ كَانَ سَعْيُهُمْ مَشْكُورًا
 
Кимки шошган дунёни истаса, унга бу дунёда ирода қилган кишимизга нимани хоҳласак, шошилинч берурмиз. Унга хор ва қувғинга учраган ҳолда кирур. Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун ва мўминлик ҳолида (ўз) саъйи билан ҳаракат қилса бас, ундай зотларнинг саъйи ҳаракатлари (Аллоҳ наздида) мақбулдир.(19).
      
Бу икки оят ҳақида бир оз тафаккур қилайлик. Яратган зот бу оят карималарда  “юрийду” яъни,“истаса” деган калимани зикр этмоқда.  Инсоннинг хоҳиш истакларига эътиборни тортмоқда. Аввалги оят, ким бу дунёни истаса унга бериладиган жазо ҳақида бўлса. Кейингиси охират ҳаётни истаганларга берилажак мукофотлар эслатилмоқда.  Демак бизнинг охирги бекатимиз  нимани исташимиз билан ҳал қилинар экан. Бизнинг барча ҳолатларимиз,  келажагимиз, бахтли ёки бахтсизлигимиз,  розилигимиз, ғазабимиз, нажот  топишимиз ёки ҳалокатга учрашимиз буларнинг барчаси биз  танлаган йўлимизнинг тўри ё нотўғрилига боғликдир. Бу Аллоҳ таолонинг саодат билан шақоват , жаннат билан дўзах  ва Ўзининг розилиги ва ғазаби орасидаги адолатли тақсимотидир. Буларнинг барчаси бизнинг дунёда хоҳлаган ва танлаган  нарсамизга бориб тақалади. 
      
Баъзи-баъзида қулоғимизга “дунё матоҳи”, “дунё аҳли”, “дунёга эргашганлар”  каби сўзлар чалиниб туради. Бу сўзлар нима мақсадда айтилади? Дунёнинг нарсалари нималар?  Еб- ичадиган нарсаларми, кийим кечакми,  машина ёки самолётми, уй-жой ёки қиммат баҳо жиҳозларми ёки беҳисоб пул маблағларими, дунёнинг бу нарсаларини қўлга киритган киши дунё аҳлидан ҳисобланиб,  оятдаги каби дунёни истаганлардан бўлиши мумкинми?  Бу нарсаларни истаган киши Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган иш қилган ҳисобланадими? Охиратнинг абадий ҳаётини исташдан асосий мақсад нима? Охират ҳаётини исташ инсондан дунё нарсалари билан ўзининг орасида катта бир тўсиқ бўлишини талаб қиладими? Ёки дунё ҳаёти билан ҳар қандай боғлиқликни ман этадими? 
      
Ҳар бир инсон ҳаётини икки нарсанинг бирига, дунёга ёки охират ишларига боғлайди. Кимдир фақат дунёси ободлиги учун интилса,  яна кимдир эса Аллоҳнинг розилигини  топишни ва икки дунё саодатига эришишни истагида бўлади. Дунё ҳаётини исташликни, Яратган бизга ман этган  томонларинигина биз  тушунишимиз керак. Аллоҳ таоло ман этган ва бизга тийилишни буюрган, оқибати У зотнинг ғазаби ва азоби бўлган дунё ҳаётидан кўзланган мақсад нима? Дунёнинг нарсалари деб нималарга айтилади?  Уламолар: “Ер юзида бўлган инсон то тирик экан фойдаланадиган  барча нарсаларга дунё матоҳлари”,  дейдилар.  Яна савол туғилади. Бу нарсалардан фойдаланишнинг нима гуноҳи бор? Демак озиқ-овқат дунёнинг матоҳларидан экан, емоқлик гуноҳми? Инсон кийиниши керак,  улов минишга эҳтиёжи бўлса,  шу каби дунёнинг нарсаларидан фойдаланиш ман этилганми? Йўқ. 
  
Худди шу нарсалардан Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у кишининг саҳобалари, тобеинлар ва кейинги илм аҳлидан бўлган солиҳ кишилар ҳам фойдаланишган. Улар ҳам ўз замонларининг шароитига мувофиқ уловларга минганлар. Еб ичганлар, иссиқ ва совуқдан ҳимоя этувчи уйларда яшаганлар. Яъни, дунё матоҳларидан бемалол фойдаланганлар. Дунё ҳаётида умргузаронлик  қилиш учун албатта бу нарсаларга инсоннинг  доимо эҳтиёжи  тушиб туради. Бу ерда дунёни исташликнинг мазмуни  икки жиҳатга бўлинади: Қалбнинг дунёга боғлиқлиги ва жасаднинг қалб боғланган нарсага доимийлигига. Бундай инсон бу дунёда яшар экан, қалбида дунё нарсаларидан лаззатланишдан ўзга мақсад бўлмайди.  Асосий мақсади шу нарсалардан ҳузурланиш бўлиб қолади. Мисол  ейиш,  кийиниш яшашининг олий нуқтасига айланиб қолади. Натижада вақтини, молини, умрини, ҳатти-ҳаракати ва ақлини уларга бағишлайди. Бунга эришиш учун эса барча нарсага тайёр бўлади. Бу ҳолда бир неча муаммоларга йўлиқади. 
      
Инсон бу дунёда нималарга муҳтож бўлиб яшайди? Инсон вақти ва ақлини,  кўпинча нималарга сарфлашга мажбур бўлади? Батаҳқиқ, инсон яшашининг давомийлиги ва куч қувватга тўлиши учун озиқ овқатга муҳтожлик сезади. Инсон аврот (жасадининг уятли жойлари)ни  ёпиб юриши учун кийим кечакка эҳтиёж сезади. Ўзи ва ўзи билан бирга бўлган кишиларни совуқ ёки иссиқдан ҳимоя қилиб яшаши учун уй жойга муҳтождир.  Ҳақиқатдан ҳам инсон эркак ё аёлми, ёшми, қарими, соғломи, касалми кимлигидан қатъий назар шу нарсаларга доимий талаб сезади.  Башар бу талабларини қондирар экан,  у ақлини, умри, кучи, салоҳиятини шу уч нарсалар орқали орттирган нарсаларига сарфлай бошлади. Бу орттирилган нарсаларнинг баъзиси ўзига ва жамиятига манфаат бўлса, баъзиси эса ўзи ва ўзгалар учун зарар ва жиноят бўлиши мумкин.
    
 Ейишга бўлган эҳтиёж инсонни  ерни обод қилиш, турли экинлар экишга, турли ҳайвонларни ов қилиш, хонаки ҳайвонларни сақлаш ва уларни парвариш қилишга мажбур қилди.
    
 Кийинишга бўлган эҳтиёж инсондан тикиш бичиш, матолар ишлаб чиқаришни талаб қилди. Аста секинлик билан шу нарсалардан келиб чиқиб, тикув фабрикалари, катта-катта компанияларини очишга йўл очди. Кийим-кечак сотадиган дўконларга эҳтиёж пайдо бўлди.
        
Уй жойга бўлган талаб эса инсондан янада махсус фанларни ривожлантиришни, муҳандислик, қурувчиликга ўхшаш ҳунарларга эга бўлишни талаб қилди. Инсоннинг муҳтожлиги шу йўллар билан аста секин кенгая бораверди.
      
Бу талаблар кенгайган сари онги ва жисмининг бандлиги ҳам ошаверди. Бу нарсаларга муҳтожлик инсонларни бир-бирлари билан ҳамкорлик қилишни талаб қилиб, улар бир-бирлари билан олди берди қилиш йўлига тушдилар. Инсон эҳтиёжлари уни тафаккур қилишга чақириб, “мен агар тикувчи ёки ошпаз бўлмасам бу касб эгаларига муҳтожлигим бор”, деган нарсаларни ўйлашга мажбур қилди. Инсон дунё нарсаларига эҳтиёж сезганлигидан ҳамкорликка киришиб кетади. Аста секинлик билан бу муомаларда бази базида тушунмовчиликлар, тортишувлар пайдо бўлиб, бу баҳс мунозаралар  жанжаллар ва душманчиликка  замин ярата бошлайди.  “Бу ер менинг чорваларим учун эди” ёки “бу ерлар мен экин экишим учун”, деган сўзларга ўхшаш даъволар билан  инсонлар бир парча ер устида уришиб   бир бирини камситиш, ҳақорат қилишгача боришди.  Бу ҳолатлар секинлик билан  катта катта урушларни юзага чиқариб, инсониятнинг қони тўкилишига сабаб бўлди. Бу ҳолат бизнинг давримизга қадар давом этиб келмоқда. Ерлари ёки чорваларини суғориш учун инсонлар сув танқислигига йўлиқадилар. Бу ҳам баъзан бир-бирларининг ораларидаги низоларни, келишмовчиликларни келтириб чиқаверди. Бу ҳолатларнинг барчаси инсоннинг шахсиятига, унинг онгига таъсир этмай қўймайди. Инсоннинг ақли “мен уни ёки буни қандай қўлга киритай”,  деган фикрлар билан банд бўла бошлади.  “Балки сотувчи мендан кўп пул талаб қилаётгандир” ёки “арзимаган молини бу аслий деб сотиб, мени алдаётгандир”, деган шубҳаларга бора бошлайди. Унинг қалбини аксарият вақтда шунга ўхшаш нарсалар  банд қила бошлади. Бундан турли хил жанжаллар, қарама-қаршиликлар, душманчиликлар  пайдо бўлаверди.  Буларнинг барчаси “дунё матоҳлари” устида содир бўлаверди. Қалбларда “ҳасад” , ундан эса “нафрат” уйғона бошлади. Бир киши иккинчи биродарига  берилган неъматни кўриб ҳасаддан ёниб, “нима учун у мени бу нарсадан маҳрум қилар экан, уни нима ҳаққи бор?”, деган фикрларга боради. Бу қалб хасталигидан яна бир “кибр” деган унданда оғирроқ дард пайдо бўлади. Бу касалликка чалинган инсон агар бир ишнинг устаси бўлса, ўзи билан фахрланишга ўтиб, у қиладиган ишни қилиб билмаган кишидан ўзини афзал санашга боради. У бажариб биладиган ишни бажариб билмайдиган кишиларнинг даврасида тушиб қолса, ҳаммадан ўзини устун деб билишга ўтади. У ўзини энг кучли, энг ҳурматли, энг ақлли деб ўйлай бошлайди. Сал бойроқ бўлиб  пули кўпайиб,  қолса ундай одам, аста секинлик билан фақирроқ дўстларини ўзидан пастроқ санагани учун улар билан ўтириб туришни ҳам тарк этиш ҳаракатига киради. Унинг атрофида фақат унга мақтовлар айтиб, уни мадҳ этадиганлар жам бўлиб қолади. Қалбида ўзи ўзидан розилик ҳисси ошади. Натижада ҳаёти дунё билан бўлган боғланиш инсонни  катта ҳалокатларга олиб боради.  Яшашнинг ҳақиқий моҳияти издан чиқади. Инсоннинг ташвишлари ортиб бораверади.
  
Очлик ва чанқоқлигинигина қондириш учунгина таомга эҳтиёж сезадиган инсон , секин аста  таомларнинг турларига ва уларнинг лаззатлилигига қизиқиб, уларни фарқлашга ўтади.  Инсон нафснинг хоҳишу истакларига бўйсунадиган бўлиб қолади. Унинг нафси махсус таомни талаб қилади. Бир жойда зўр таом пиширилишини эшитса, ўша томонга қараб боришга интилади. Таомнинг нархи уни қизиқтирмай қолади. Нафс эса ўзининг насибасини олиб ҳузурлана бошлайди. 
    
Факат аврот жойларини ёпиш ва совуқдан сақланиш учун керак бўлган кийимга бўлган талаб, инсон жуда ҳам кўп эътибор берадиган нарсага айланиб қоладиган бўлди. Фабрикалар биз учун махсус  кийимлар тайёрлай бошлади. Махсус номлар ва брендлар остида чиқариладиган кўйлак ва шимларни кийинишга қараб инсон ўзини бошқадан баланд ёки паст санашга ўтди. Бир киши мажлис ёки маросимда зўр кийинса, кейингисидан унданда зўрроқ кийинса, у инсонларни дидлиси, ақллисига айлана бошлади. Шунга қараб инсонлар бир бирлари билан муомала қилишадиган бўлишади. Маросимларда баъзан оддийроқ кийимда келганлар пастроқ ёки четроқда ўтиришса, қиммат баҳо кийимлар кийганлар давра тўридан жой олишадиган бўлиб қолишди. Қалблар кийиниш билан банд бўла, бошлади. Нафс ҳам ўзининг  насибасини олаверди. 
      
Инсон иссиқ ва совуқдан сақланиш учун уйга муҳтожлик сезади. У уйга эга бўлди. Кейин уй хоналарини кўпайтириш хаёлига келди. Ўғлимга, қизимга, меҳмонларга алоҳида хона қуришим керак деган  ўй  билан ақли банд бўла бошлади. Уни ҳам қилди. Энди “ҳар кун кўзим тушиб туриши учун уйимнинг мана шу жойини катта боғ қиламан”, дейди. Уйининг девор  ранглари ҳам уни қониқтирмади. Уни нақшинкор, ҳар бир кўзни қувонтирадиган кўринишга келтиришга уринишга ўтади. Яна ҳовлисида алоҳида болалари учун  сув ҳавзалари қуришни ҳавас қилиб, уни ҳам қилади. Бу ҳавойи ҳаваслар бир бирига уланиб кўпайиб кетаверди, инсоннинг яшашдан бўлган асосий мақсади унутила бошланиб, у руҳият дунёсидан узила бошлайди.  
    
Муаммо уйнинг кўринишининг гўзаллиги ёки хунуклигига, пахса, тош ёки ғиштдан, лой ёки цементдан қурилганига эмас.  Муаммо кийимнинг қизил ёки яшил рангда, қиммат ёки арзонлигида ҳамда пахта, жун, ипакдан эканлигига ҳам эмас. Муаммо овқаттнинг лаззатли ёки бемаза эканлигига эмас. Асосий муаммомиз нимани ташкил этишига эътибор қаратайлик. Катта урушлар натижасида ер юзида тўкилган инсон қонининг асосий сабаблари нима? Инсонлар орасида жиддий муаммолар нимадан юзага келяпти? Давлатлар орасида баҳс, тортишувлар қаердан пайдо бўлмоқди? Ота ўғил орасида, опа-сингил, қариндош-уруғлар орасидаги пайдо бўлаётган келишмовчиликлар, адоват ва жанжаллар қандай пайдо бўлмоқда? Эр-хотинлар орасидаги муаммолар, ажралишларнинг кўплиги, фарзандлардан воз кечиш, фарзанд ота-онадан безиб қариялар уйига этиб қўйиши қаердан пайдо бўлди? Булар жамиятнинг оғир муаммолари ва бундай муаммолар жуда кўп. Бу ҳолатлар барчаларимизнинг муаммоларимиз ва кундалик ҳаётимизда доим учраб турадиган ҳолатлардир. Бу хатарли муаммолар жамиятга катта зарар. Шу сабабдан ҳар бир инсон бундай муаммоларни эшитса, дарров унинг ечимини ўйлашга ўтади. Чунки келажакда ўзи шу муаммоларнинг бирига йўлиқиши мумкинлигидан хавфсирайди. Соғлом ақлли инсон ҳамиша бахтли ҳаёт сари интилиб яшайди. Бу муаммоларни эса бахтсизлик деб билади. 
      
Аллоҳ таола Қуръони каримнинг Шамс сурасининг аввалги бир неча оятларини яратган нарсаларининг улуғлари билан қасам бошлайди: “Қуёш билан ва унинг зиёси билан қасам(1). Унинг ортидан келадиган ой билан қасам(2). Ва у(қуёш)ни равшан кўрсатадиган наҳор билан қасам(3). Ва у (қуёш)ни қоплаган тун билан қасам(4). Ва осмон билан ва унинг бино қилиниши билан қасам(5).Ва ер билан ва унинг тўшалиши билан қасам(6). Ва нафс билан унинг бе каму кўст қилиб яратилганлиги билан қасам(7).”    У зот субҳанаҳу ва таоло нима учун бу қасамлар билан бошлади ва у қасамларнинг жавоби нима?  Уларга жавоб сурада келадиган  келгуси оятларда бўлиб, бу билан Аллоҳ таоло нафсини поклаган нажот топиши, уни кир қилган ҳалокатга учрашини билдиради. Яъни суранинг давомида келадиган оятларда: “Батаҳқиқ ким у (нафс)ни покласа нажотга эришади(9). Ва батаҳқиқ ким у (нафс)ни кирласа, ноумид бўлади(10)”,  деди. Инсонлар бахтлилик ва бахтсизлик, яхшилик ва ёмонлик, хафа ва хурсандчилик  ҳақида сўзлаб уни ечимига жуда қийналадилар. Лекин муаммо уларнинг ўзларида. Аллоҳ таоло эса айтганни айтди. Унинг ечимини нозил қилди. Шунинг учун биз Аллоҳ йўлида юрар эканмиз бу оятларнинг маъно ва моҳиятини кенгроқ тушунишга муҳтож бўлиб турамиз.  Оғзига олган бир луқмасини еганда, у Аллоҳнинг менга раво кўргани, У зотнинг неъмати, Узотга ҳамду санолар бўлсин деган кишининг фарқи баъзан ношукрлик қилиб, танқис ва лаззатли таомларни истеъмол қилиб бўлса ҳам доим нолийдиган, исрофга йўл қўядиганлар орасида катта фарқ бор. Аввалгиси Яратганга берган неъмати озми кўпми Унга шукр  қилишдан тўхтамайди. Унинг даражаси У зотнинг ҳузурида баланд.   Банда барча ҳолатда, еб ичса ҳам, кийинса ҳам Аллоҳга холис юзланиб, унинг неъматларига шукр қилиши унинг яшашдан асосий мақсадларидан бири. Унга бўлган ишончини сақлаб қолиши зарур.  Аллоҳ таолога қайтишликдан умиди бор ва доимо У зотнинг розилигини топиш ниятида ҳаракат қилишни ирода қилган кишининг  танлаган йўли шундан иборат.  Мўъмин киши неъматлар ичида бўлганда унга ҳамдларини янада кўпайтиради. Чунки у дунё матоҳлари ўткинчи эканини ҳис этади. Бу дунёни фақат маишатдан иборат деб билганлар эса дунё матоҳларига эришса, лаззатдан бошқа нарсага ўтмайди. Мақсадсиз қадам ташлайди.  Аллоҳни жуда кам эслайди.  Инсон бу дунёда лаззатланиб, яшаши унга нима зарар келтиради? Билайликки дунёнинг барча неъматлари инсон учун яратилган. Муаммо унинг лаззатланишида эмас. Муаммо Яратганнинг бизга инъом этган жисмимизга нисбатан бепарволигимиздадир. Жисмимизни нимага ишлатишимиз кераклигини унутишимизда. Натижада инсонни фақат нафсини қондиришдан бошқа ғами бўлмай қолади. Кўпроқ ерларга эгалик қилишни хоҳлайди. Бу учун бирор бир пасткашликлардан қайтмайди. Жанжаллашади, урушади, қон тўкади. Муаммо нафсда бўлиб, у ислоҳ қилинмаса жиддий камчиликка йўлиқади. Қачон инсон нафси буюрганига чопиб, унга сўзсиз итоат этар экан у икки жиддий дардга йўлиқади. Биринчиси - нафснинг  туганмас орзуларига дуч келади. Қачонки у сўраса, сен берасан. Чунки у сендан талаб қилади. Сен эса унга итоат этасан. Сўраганини берар экансан, у сенинг бераётганларингга қониқмасликка ўтади. Сен унинг айтганларини бир марта, иккинчи, учунчи, тўртинчи марта берасан. Бешинчисида у берганингга қониқмай, ундан кўра жозибалироғини, ғайри оддийроқ  нарсани талаб қилади. Чунки бешинчи бор аввал лаззатланиб юрган нарсасидан лаззат ололмайди. Инсонлар кейин нима қилишади? Ёлғон ишлатишга, фоиз қўйишга, судхўрлик қилиш,  каби зулмларга қўл уради. Бундан мақсади кўпроқ мулкка эгаллик қилиш. Буларнинг барчасига нафснинг ортидан юриш мажбур қилади. Нафс  эгасидан лаззатларни кўпайтиришни талаб қилади. Эгаси эса қулларча унга итоат этади. Биз билайликки нафсни қанча қондиришга уринмайлик  у қониқмайди. Иккинчи муаммо нафснинг ўзида. Ҳар вақт сен уни қониқишга уринганингда у қониқадию, лекин бу қониқиш вақтинча давом этади. Маълум вақт лаззатланади. Кейин эса бу қониқиш кичрайиб бориб оқибатда йўқолади. Бу ҳолат қабрига киргунича давом этади. Унинг истакларининг охири йўқ.
      
Қачон инсон Аллоҳ азза ва жаллани таниш бахтига йўлиқса, у кейин ҳақиқий лаззатга эришади. У инсон энг зўр таомни ейди, ҳамма киядаган кийимни кияда имкони бўлса янада гўзалроқ кийиниши мумкин, баланд уйлар қуради, энг зўр уловга керак бўлса миниши мумкин. Ундай бўлса, унинг улардан фарқи нимада?  Фарқ катта. Чунки у еган таомининг ҳар бир луқмасига Аллоҳни “Менга таомни етказган, сув бериб чанқоғимни қондирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!”, деб эслайди.  Бундан ўзи ҳам хурсанд бўлиб, қалби сурурга тўлади. Аллоҳни доимо ихлос ва самимийлик билан эслашнинг лаззати инсонга абадий роҳат бахш этади. Яъни  бу инсон дунёдан ўтиб кетса ҳам роҳатланади. Яна бир фойдаси у ўз нафсига ўзи хўжайинлик қилади. Нафси унга эмас. Шунда инсон Аллоҳнинг розилигини топиш йўлида бўлади. У доимо Аллоҳнинг  ёрдамида ва мададидан баҳра олиб яшайди. Нафс унга “алда”, “ўғирла” каби сўзлар билан йўлиқса, у “Йўқ. Аллоҳдан қўрқаман ва унга интиламан, Унинг бергани менга кифоя қилади бу ишлар билан У мендан ғазабланади”, дейди.  Нафс бошида анча тортишади. Сўнг эса бош эгишга мажбур бўлади. Аста секин Роббисини ибодатига бош эгади. Эртами кечми келадиган ажал шаробини ичиш соати келганда, нафс Аллоҳнинг ҳузурига боришга тайёр бўлиб, шайланиб туради. 
      
Биз инсонларнинг ҳаётдан кўзлаган асосий мақсадимиз Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва Расулининг гўзал суннатига эргашиб, инсонларга манфати етадиган  амалларда бардавом бўлишимиз керак. Қалбларимизни қалб хасталикларидан поклашлик, бошқалар билан ҳақиқий инсоний муносабатларни маҳкам боғлашлик билан У зотга яқинлашамиз. Биз ўрганган оятларда дунё неъматларидан баҳра олган кишилар эмас, балки дунё ортираман деб гуноҳ орттирадиганлар огоҳлантирилмоқда. Чунки дунё ва ундаги барча неъматлар инсоният учун яратилган. Инсон хоҳлаганича фойдаланиши мумкин. Фақат уни тўғри йўл билан топиши динимизда алоҳида таъкидланади. Шу билан бирга унинг ортидан туғиладиган манманлик, риёкорлик, бировни паст санашлик, ғурур каби  қалбни зулуматга айлантирадиган хасталикларидан эҳтиёт бўлиши керак. 
 
 
“Абу Бакр ас-Сиддик” жомеъ
 масжиди имом хатиби
О. Тўқсанов  
 
 
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram