Нафсни поклаш энг афзал илм
07 феврал 2017 й.
1742 марта ўқилди.

Нафсни поклаш энг афзал илм

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд.
Қуръонни бандалари учун асл илм манбаси қилган Алийм ва Ҳакийм Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолога Ўзининг калималари ададича ҳамду санолар бўлсин. Инсониятга гўзал ахлоқларни комил қилиш учун юборилган ва хулқлари Қуръон бўлган  пайғамбаримиз Муҳаммад сололлоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни етиб келишида ҳисса қўшган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин.
Олимлар нафснинг руҳ, қалб каби турли номлари бўлиб инсондаги руҳоний бир нарса сифатида таърифлашадилар. Нафсни поклаш “тазкиятун-нафс” шаклида келган бўлиб “тазкия” нинг ўзбекчаси поклаш тозалаш ва зиёда қилиш каби маъноларни билдиради. Бундан нафсни турли ёмон иллат ва гуноҳлардан поклаш ҳамда руҳонийликни зиёда қилиш тушунилади. Яна бир номи хулқ бўлиб инсоннинг қиладиган амалларидан унинг қанақалиги билинади.
 Аллоҳ таоло инсонни илк яратганида уни лойдан яратиб сўнгра унга руҳидан пуфлагандан сўнг унга фаришталарнинг сажда қилишларини амр этган. (Сод 71-72 оятлар) Кимки энди мана шу нафсни покласа ютуққа эришиши ва кимки уни кирласа ноумид бўлишини(Шамс 9-10 оятлар) Аллоҳ бандаларига билдириб қўйган. Яъни Аллоҳнинг амрлари ва пайғамбарларнинг рисолатлари лойдан бўлган жасадга эмас айнан мана шу руҳга нафсга қаратилган ҳисобланади. 
Аллоҳ таоло бандаларига нафснинг қандай бўлишини таълим бериб Қуръонда нафс даражалари ҳақидаги уч оятда билдирган. Биринчисида “нафсул-аммора”(Юсуф 53-оят) ёмонликка бошловчи нафс, иккинчиси “нафсул-лаввама”(Қиёмат 2-оят) ўзини маломат қилувчи нафс ва “нафсул-мутмаъинна”(Фажр 27-оят) хотиржам нафс тарзида келган.
Нафсни поклаш нажот йўли эканини таълим бериб Аллоҳ субҳанаҳу ва таъала  Аъла сурасида кимки нафсини покласа нажот топади ва кимки Роббисини исмини зикр қилиб намоз ўқиса ҳам деган (Аъла 14-15 оятлар).
Аллоҳ таоло Ўзи маҳбуб кўрган бандаларининг қалбларини поклашни исташини Қуръоннинг бир неча ўрнида зикр қилган ва бунинг акси ўлароқ Моида сурасининг 44-оятида шундай дейди: “Кимники Аллоҳ (фитнада) синашни истаса, Сиз унинг учун Аллоҳдан ҳеч нарсага эга бўла олмайсиз. Ана ўшаларнинг қалбларини поклашни Аллоҳ ирода қилмаган. Улар учун бу дунёда шармсорлик ва улар учун охиратда улкан азоб(муқаррардир)”
Инсондаги энг муҳим нарса қалб бўлганидан шайтон аълайҳи лаъна ҳам унга таъсир этишга уринади. Унинг ҳужумлари қалбни фасодга тўлдириш васваса ва турли ёмон хаёллар билан инсон руҳини кучсиз қилишга қаратилган. Инсоннинг энг катта душмани эгалламоқчи бўлган бирдан бир нарса инсон қалби эканлиги ҳам нафсни поклаш илмини ўрганиш нечоғлик муҳимлигини билдиради.
Уламолар Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни тадқиқ қилиб нафсни ахлоқни гўзал қилиш баён қилинган хислатларни 200 тага етказганлар. Шунингдек нафсни кирлантирадиган ва инсонни Аллоҳдан узоқлаштириб қалбини қорайтирадиган иллатлардан 161 тасини санаганлар.
Қалб касалликларининг бошқа гуноҳлардан оғирлиги сифатида бу аъзо билан қилинган гуноҳлар энг катта гуноҳлар эканидан ҳам билиб олса бўлади. Бу эса нафс поклиги аҳамиятини инсоннинг ҳаётидаги асосий вазифаси эканлигини билдиради. Гуноҳи кабиралар ҳақидаги энг машҳур китоблардан бири Имом Заҳабийнинг “Кабоир” лари бунга далил. Китобда келтирилган энг катта гуноҳларга бир эътибор берайлик: “Катта ширк, риё, кибр, макр, Аллоҳнинг синовидан хотиржам бўлиш, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш, тақдирни инкор этиш...” Буларнинг бари қалб амаллари ва булардан қутулиш учун нафсимизни поклашимиз зарур.
Аллоҳ таоло қалб касалликларининг даъвоси сифатида Қуръонни туширган. Аллоҳ таоло пайғамбар юборишининг асосий мақсади ҳам қалбларни поклаш эканлигини Жумъа сураси 2-оятида айтиб ўтган. 
Аллоҳ Ўзининг буюк пайғамбари Иброҳим алайҳиссалом таърифлаб Соффат сураси 84-оятида шундай деган: ”Қайсики, Парвардигорига соғлом қалб билан келди”. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу аълайҳи васаллам ҳам Қиёматда Тарозига қўйиладиган инсоннинг энг оғир тош босадиган яхши амали бу ҳусни хулқ эканини айтганлар. Бир ҳадисларида эса кимки ўз нафсини таниса батаҳқиқ Роббисини танибди деб марҳамат қилганлар.
Нафс тарбияси илми фақатгина китобларни ўқиб ўзлаштириб олинадиган илм эмас. Қалб риёзатида устознинг ўрни муҳим. Афсуски бугунги кунда бу илмнинг устозлари жуда озайиб кетган. Мана шу сабабдан ҳам намозларимизда хушу ва хузу билан,  қалбимиз билан Аллоҳга йўнала олмаймиз. Шу сабабдан ҳам намозларимиз бизларни фаҳш ва мункарлардан тўса олмайди. Аллоҳга боғланишимиз озлигидан ҳам дуоларимиз мақбул бўлмайди.
Имом Шофий раҳматуллоҳ алайҳга: "Бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган амални энг буйуги қайси?!", деб сўралганда. Имом Шофий раҳматуллоҳ алайҳ йиғладилар, сўнг: "Аллоҳ таъоло сени қалбинга қараганда, қалбингда дунё ва охиратни эмас, фақат Аллоҳни хоҳлаганлигингни кўришидир", деб жавоб бердилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васаллам доимо дуоларида қалб касалликларидан Аллоҳдан паноҳ сўраганлар. Аллоҳ бизларни ҳам пайғамбаримиз паноҳ сўраган ботиний иллатлардан Ўзи покласин. Амин.
 
 
Бухоро шаҳар бош имом хатиби,
“Файзобод” жомий масжиди имом хатиби О. Авезов 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:18
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram