Насафни машҳур қилган зот
16 ноябр 2017 й.
1247 марта ўқилди.

Насафни машҳур қилган зот

Қашқадарё вилоятининг тарихи Марказий Осиёнинг энг кўҳна шаҳарлари –Самарқанд, Бухоро, Хива тарихи сингари қадимийдир. Айниқса, Қашқадарё вилоятининг маркази Қарши шаҳри машҳурдир. Чунки унда Ислом оламининг забардаст олимлари чиққан. Қаршининг олдинги номи Насаф бўлган.

Маълумки, бу табаррук заминда кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Х асрда Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Тадёний, Ҳаммад ибн Шокир ан-Насафий, Абдулмўмин ибн Халаф ан-Насафий, ал-Лайс ибн Наср ал-Кожарий, ХI асрда Абдулазиз ибн Муҳаммад ан-Нахшабий, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Баладий, ал-Ҳасан ибн Али ал-Ҳаммадий ан-Нахшабий каби олимлар бутун ислом оламида шуҳрат топган эдилар.

Буларнинг ичида энг машҳури Абул Муъин Насафийдир. У алломанинг тўлиқ номи Маймун ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Макҳул бўлиб, 1027 йилда (ҳижрий 418 йил) Насаф (Қарши)да таваллуд топган. Абул Муъин Насафий илму ирфонда етук, зиёли бир оилада улғайган, айниқса, унинг аждодларидан кўплари фиқҳ илми соҳасидаги улкан салоҳиятлари билан эл-юрт орасида танилган эдилар. Абул Муъин Насафийнинг илмга қизиқишига сабабчи бўлган киши унинг отасидир. Отаси Муҳаммад ибн Мўътамад ўз шаҳрининг пешво олимларидан ҳисобланган. Ҳатто Имом Насафий баъзи ривоятларнинг санадини айтганда отасининг номи зикр қилинган.

IX—X асрларда ислом кенг тарқалган Яқин ва Ўрта Шарқ, Марказий Осиё ўлкаларида ислом илоҳиёти, фалсафаси, калом илми ривож топди. Бу соҳаларга бағишланган қатор асарлар ва калом масаласи билан шуғулланувчи йирик мутакалимлар вужудга келди.

Калом илмининг бир қанча йўналишлари бўлиб, улардан ашъария ва мотуридия йўналишлари ғоятда кенг тарқалган эди. Мотуридия мактабининг асосчиси самарқандлик таниқли олим Абу Мансур ал-Мотуридий (870—944) таълимотидан сабоқ олган ан-Насафий асосан ал-мотуридия мактабига мансуб Ғаззолийнинг маслагига амал қилган олимлардан ҳисобланган. Ўз навбатида ал-Ийжий (1355- йилда вафот этган), Саъдуддин ат-Тафтазоний (вафоти 1390 йил) ва бошқа кўплаб таниқли олимлар ан-Насафий таълимотига таянган ҳолда фаолият кўрсатиб, калом илмида баракали ижод этиб, етук олимлар даражасига кўтарилганлар.

У ўз асрининг тенгсиз олими, тақводори, ҳанафий фақиҳи, муҳаддис, мутакаллим. Ҳар бир фикрини қатъий ҳужжат билан қувватлантиради. У Мўътазила, Ҳанбалия, Жаҳмия, Рофизия, Хаворижий ва бошқа фирқа вакилларига инкор этиб бўлмас ҳужжатлар билан далил келтирадиган буюк олимдир. Манбаларда келтирилишича, ан-Насафий ўн бешга яқин асар яратган бўлиб, уларнинг аксарияти калом илмининг турли масалаларига бағишланган.

Абул Муъин Насафий мотуридия мазҳабининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. У зот туфайли Насафга “Қуббат-ул илм ва-л-адаб”-“Илм ва адаб қуббаси” деб шарафли ном берилган.

Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Мавлонов Жамол

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:57
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram