Қимматли насиҳат
18 ноябр 2015 й.
1300 марта ўқилди.

 Қимматли насиҳат

 
Ёмонлик кетидан яхшилик қилиш борасида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: 
 
وَالَّذِينَ إِذَا فَعَلُواْ فَاحِشَةً أَوْ ظَلَمُواْ أَنْفُسَهُمْ ذَكَرُواْ اللّهَ فَاسْتَغْفَرُواْ لِذُنُوبِهِمْ وَمَن يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلاَّ اللّهُ وَلَمْ يُصِرُّواْ عَلَى مَا فَعَلُواْ وَهُمْ يَعْلَمُونَ
 
“Ва улар (тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар. Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур. Улар билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир (Оли Имрон,135).
Пайғамбар алайҳис салом марҳамат қилиб айтадилар: “Истиғфор айтган кишининг гуноҳидан асар қолмайди” (Термизий ривояти).
“Гуноҳдан тавба қилувчи гуноҳсиз кишидек” (Ибн Можжа ривояти).
Гуноҳнинг ювилишига асло шак қилмаслик керак. Аллоҳ кечиришга сўз бердими, албатта бажаради. 
Ҳубайб ибн Муҳаммад судхўрлик билан шуғулланарди. Унинг бу иши ҳаммага машҳур бўлиб кетди. Бирор киши уни фикридан қайтара билмади. 
Кунларнинг бирида ёш болаларнинг ёнидан ўтиб кетаётганида, улар: “Сиз судхўр Ҳубайбсиз”, – деб қочишди. Ҳубайб бундан қаттиқ таъсирланди. Ёмон ишларига надомат чекди. Инсонлар орасида шарманда бўлгани учун астойдил тавба қилди. Судхўрликдан воз кечиб, бутун молини садақа қилиб юборди. Умрини илму маърифат ҳосил қилишга бағишлади. Тоатда бардавом бўлди. 
Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Тасодифан яна ўша болаларнинг олдидан ўтиб қолди. Улар бу сафар: “Хуш келибсиз, Эй Абу Муҳаммад”, – дея қарши олишди. У қилган ишидан рози бўлди. Аллоҳнинг мақтови зийнат, хорлаши айб, деб шуни айтсалар керакда. 
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбар алайҳис салом марҳамат қилиб айтадилар: “Агар ёмонлик қилсанг, кетидан уни ўчирадиган яхшилк қил” (Термизий ривояти).
Банда қилган хатосини хоҳ у Аллоҳга нисбатан, хоҳ бандага нисбатан бўлсин ўзи ювмоғи керак. Уни ювиш учун вақт етарли. Жон ҳалқумга келганда бу имконият қўлдан кетади. Маҳшарда эса бировларнинг гуноҳи бўйнига осилади. Бундан қутқарадиган ягона йўл – истиғфор.
Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин” асарида келтирилади: “Сизларга қойилман, дард билан бирга даво бору ундан фойдаланмайсиз. Дард – гуноҳ, давоси – истиғфор”.
Ислом дорихонасида зикр, тиловат, тасбеҳ, ҳамд, такбир, тамжийд, таҳлил, тавба, истиғфор каби турли шифобахш дорилар борки, уни истеъмол қилиб юрган банда маънавий дардига даво топиб, Аллоҳнинг изни билан тузалади. Баъзи дорилар борки, бемор бўлгандан кейин, баъзилари эса бемор бўлмаслик учун ичилади. Муҳаммад алайҳис салом ташхис қўйган, Қуръон ва ҳадисларда тавсия этилган дорилардан ҳам ана шу йўсинда фойдаланилади. 
Машойихлардан бири айтган экан: “Куну тун зикр дорисини ичиб юрганим боис мендан касаллик йироқ. Тарк этган куним ўзимни бемор ҳис этаман”.
Жоҳиллик вақтида хато қилиб, ҳозирда ҳаётда ўз йўлини топиб кетган инсонларни айблаш мусулмоннинг иши эмас. Кечирилган гуноҳни зикр этиб янгилаш хато саналади. Қимор ўйнаб юрган киши тавба қилиб, яхши йўлга киргандан кейин бировларни бу касофатдан қайтармоқчи бўлганида “Сен жим ўтир, ишинг бўлмасин, ўзинг бир пайтлар ким эдингу, бугун одам бўлиб қолдингми”, деб уни маломат қилмаслик керак. Аллоҳ унга инсоф берганига, тавбасини қабул этганига шукр қилинг. Дунёда ким гуноҳкору ким гуноҳсизлиги ёлғиз Яратганга аён.
Умар розияллоҳу анҳу жоҳилият вақтида бутларга ибодат қилар, ароқ ичар, мусулмонларни ҳақоратлардилар. Тавбаю тазарруъдан кейин курраи заминнинг энг афзал мусулмонига айландилар. Расулуллоҳ у киши билан доимо фахрланардилар. Хулофои рошидийнларнинг иккинчиси бўлиб мамалакатни адолат билан ўн йил бошқардилар. Юз минглаб кишилар у зотнинг қўлларида исломни қабул қилишди. 
Мусулмон кишига ўзи хоҳламаган вақтда мусибат яқинлашса, иймони сабаб уни енгиб ўтади. Бундан келажакда тўғри хулоса чиқаради. Айбларини тан олиб, хатоларни ислоҳ қилиб яшаган банда қандаям яхши. Истиғфор билан тоғдек, денгиздек гуноҳлар ўчади. Истиғфорсиз кичик гуноҳлар давом этиш билан катталашиб бораверади. Бора-бора гуноҳ бутун аъзони қамраб олиб уни ҳалокат гирдобига тортади. 
Уламолар тавбанинг асосан учта таърифи борлигини таъкидлашган. 1. Бу гуноҳга яна қайтмасликни мақсад қилиш. 2. Қилган ишига астойдил пушаймон бўлиш. 3. Хатосининг ҳақини бериб, уларни рози қилиш. Бу шартлар бажарилмаса тавба ноқис бўлиб қолаверади. Энг катта даража – тавба қилганлар даражаси. Тавба борасида кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган. Тавбаси туфайли кўплаб одамлар авлиёлик мақомига эришган. Истиғфорни лозим тутган киши саодатга эришиши муқаррар. Истиғфор айтиб юрган кишидан Парвардигор рози бўлади. Бандасининг тавбасидан хурсанд бўлади. Пайғамбар алайҳис салом ҳар куни юздан зиёд истиғфор айтардилар. У зотнинг аввалу охирги гуноҳлари кечирилган бўлсада, бир зум истиғфорни тарк этмаганлар. Сабабини сўрашганида “шукр қилувчи банда бўлмайинми”, деб жавоб берардилар. 
Истиғфор менинг гуноҳимни кечиролмайди, деган эътиқод мутлақо хато. Аллоҳ тавбани мақсад қилган Бани Исроиллик кишини кечирди. У ҳаёти давомида юзта одамни ўлдирганди. Аллоҳнинг мағфирати қаршисида ҳар қандай катта гуноҳ кичикдир. Жаннат тепасига “Раҳматим ғазабимдан устун” деб ёзиб қўйилган. Аллоҳдан чин қалб ила гуноҳларимизни кечириб, ишларимизни ўнглашини сўрайлик. 
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram