Навоийни янгидан кашф этиш
09 феврал 2015 й.
2125 марта ўқилди.

 Навоийни янгидан кашф этиш

 
      Собиқ шўролар тузуми даврида буюк алломаларимиз, мутафаккирларимизнинг илмий ва адабий мероси ўз замини ва замонидан узилган, бир ёқлама - шўро мафкурасига мослаштирилган ҳолда нашр килинар эди. Айниқса, уларнинг ажралмас қисми бўлган диний-тасаввуфий ғоялар умуман олиб ташланар ва мантиқий яхлитлигига путур етказилган ҳолда чоп этилар эди. Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандларнинг номини тилга олиб бўлмасди. Хатто, буюк бобокалонимиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг беназир асарлари хам узуқ-юлуқ, коммунистик ғояларга бўйсундирилган ҳолда китобхонларга тақдим этилган эди.
      Навоий ўз ижодида дунёвийлик ва илоҳийликни ҳеч қачон бир-бирига зид қўйган эмас. Унинг назарида инсон илоҳий ва дунёвий талаблар асосида камол топади. Илоҳий ва дунёвий талаблар асосида шаклланган одам чин комил инсондир. Ҳақиқий комил инсон Тангри Таолога яқин бўлади. У элпарвар, юртпарвар бўлади. У эл-юртга беминнат хизмат қилади. Мана шу ғоя Навоий асарларининг мағзини ташкил этади.
Шу нуқтайи назаридан қараганда шоир ижодини ўрганишда унинг исломга муносабатини хам доим назарда тутиш кераклиги аён бўлади. Акс ҳолда Навоий ижод оламини англашимизда катта хатоликка йўл қўямиз. Унинг девонида сўфиёна ғазаллар, “ишқи илоҳий” ва “ишқи мажозий” ни бирга олиб куйлаган ғазаллар жой олган. Навоийнинг барча достонлари аввал Аллоҳга ҳамд билан бошланади, сўнгра Пайғамбаримиз (с.а.в.)га наът келади.
      Маълумки, Алишер Навоий ижодида илоҳийлик ва дунёвийлик ўзаро уйғунлашган. Шоир ижодига муносабат билдиришда мана шу икки жиҳатни инобатга олиш лозим бўлади.
       Афсуски, Собиқ Шўролар замонида Навоийнинг бебаҳо хазинаси ўзининг мана шундай фазилатларидан мосуво бўлган эди. Шоирнинг достонларидан наът ва ҳамдлар олиб ташланди. Сўфиёна ғазаллар, “ишқи илоҳий” куйланган ғазаллар коммунистик мафкурага мослаб талқин қилинди. Биргина мисолга мурожаат қиламиз. Навоий ёзади:
Зоҳид санга ҳур, манга жонона керак,
Жаннат санга бўлсин, менга майхона керак.
        Тасаввуфона руҳда ёзилган ушбу мисраларда Аллоҳнинг ишқи ва маърифати куйланади. Шўролар даврида ушбу мисраларда Навоий май ва жононани таърифу тавсиф қилган, дея талқин қилинган эди. Шу тақлид Навоийни даҳрий, худосизга чиқариб, у берилиб куйлаган тасаввуф ғоялари хаспўшланган эди. 
      Мустақиллик шарофати туфайли биз Навоийни қайта кашф этдик. Унинг ижодига чуқур ва холис баҳо берадиган бўлдик. Унинг беназир асарлари тўлалигича асл ҳолатига мос равишда чоп этилди. Шоирнинг 10 жилддан ибораттула  асарлар тўпламини “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи” томонидан нашрдан чиққан алоҳида эътирофга сазовордир. Бу нашр олдингиларидан тубдан фарқ қилади. Олдинги нашрларда ғазалларда йўл қўйилган имловий мантиқий хатолар бартараф этилган. Достон ва девонлардаги наът ва ҳамдлар тикланган. Шоирнинг инсоннинг ахлоқий ва руҳий камолоти, савоб ва гуноҳ, инсоф ва диёнат, дунё ва охират билан боғлик теран тушунчаларни акс эттирувчи бир қатор диний- тасаввуфий асарлари ҳам илк маротаба ушбу 10 жилдлик тўла асарлар тўпламидан жой олган. Ана шулардан бири буюк шоирнинг “Арбаин-ҳадис” китобидир. “Арбаин”да пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг феъл-атворлари, таълим- тарбия қоидалари бобидаги кўрсатма ва ўгитлари тарғиб қилинади. Ундаги ҳадислар дўстлик, қўшничилик, тинчлик, ота-онага ҳурмат, инсонларга меҳр- муҳаббат, етим, бева-бечораларга мурувват каби одоб-ахлоқ асосларини ўз қамровига олади.
       Навоий ушбу асарларида пайғамбарларимиз ҳадисларини ўзбек тилида назмда тўртликлар орқали лўнда ва таъсирчан қилиб ифодалайди. “Арбаин” ғоявий-бадиий аҳамият касб этиш билан бирга катта таълимий-тарбиявий аҳамият ҳам касб этади. Улар китобхонни шу инсоний фазилат ва ахлоқий сифатларга эга бўлишга, иймон ва эътиқодни пок сақлашга даъват этади.
      Навоийнинг “Сиротул-муслимин” асари ҳам мустақиллик берган имконият туфайли илк маротаба китобхонларимиз қўлига тегди. Унда ислом асослари, Аллоҳнинг сифатлари, шариат аҳкомлари, қонун, қоида ва ақидалари назмда баён қилинган. “Сиротул-муслимин” нинг тугал топишида Хожа Убайдулло, Хожа Аҳрори Валининг истаги асос бўлганининг навоийшунослар таъкидлайдилар. Ушбу асар Навоийнинг эътиқоди, диний тасаввури, қарашларини теранроқ англашимизга кўмаклашади. “Сиротул-муслимин” қуйидаги мисралар билан хотима топган:
Умидим шулки, ҳар ким ўқигай,
Мунинг нури билан кўнгли ёруғай.
Дуо бирла мени айлагай ёд,
Равоним ул дуодин айлагай шод!
      Мустақиллик шарофатидан Навоийнинг ушбу орзу-истаги бизнинг юртимизда ҳам амалга ошди. Ўзбек китобхонлари хам Навоийнинг асарини ўқиб, унинг ҳақида дуо қилишдек улуғ шарафга муяссар бўлдилар.
Навоий умрининг охирида яратган асарларидан бири “Муножот” асаридир. У Аллоҳга тазарруъ баёнидан иборат. Диний мазмундаги қатьий назар буюк инсоний заковат билан яратилган бу асар китобхон кўнглига иймону-эътиқод, дину-диёнатни уйғотади.
      Навоийнинг форс тилида ёзилган “Ситтайи Зарурия” асари олти қасидани ўзида мужассам этган. Ушбу асарнинг ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилгани ҳам буюк шори ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитишга хизмат қилади. Навоий улуғ қасидаларида одамларнинг асл душмани - нафсу аммора, шайтонга лаънат васвасаси “дунёи дун”нинг ортиқча талвасаларидан огоҳлантириб уларни ҳушёрликка чақиради. Уларда комил ва маҳбуб инсон бўлиш, Ҳақ Таолога қурбат ҳосил қилиш учун аввало гуноҳ ишлардан сақланиш, гўзал хулқ-атвор билан безаниш лозимлигини уқтиради.
     Бизга Навоий ва унинг ижодини бор бўй-басти билан тасаввур қилишимизга имкон берди. Навоийнинг пурҳикмат асарлари халқимизининг ўзлигини англаб фикримизда эркин ва фаровон ҳаёт яратишда бунёдкорлик сари илҳомлантирмокда. Навоий бобомизнинг бой адабий мероси, маърифат ва маданият  равнақи борасидаги дунёқараш, назарий қарашлари ёшларимизнинг ахлоқий-маънавий юксалишида катта тарбиявий аҳамият касб этмоқда.
 
Хўжа Исмат масжиди 
имом хатиби
 Гадоев Салоҳиддин
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram