Неъматлар шукри
02 апрел 2019 й.
158 марта ўқилди.

 
Неъматлар шукри

Аллоҳ таоло дунё ҳаётида инсониятни беҳисоб неъматлар билан ризқлантирганки, унинг саноғига етиб бўлмаслиги хақида Қуръони каримда шундай баён қилинган:
"Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматини санасангизлар, саноғига етолмайсиз. Ҳақиқатан, инсон ўта золим ва жуда ношукрдир" (Иброҳим, 34).
Баъзи кишилар неъмат сўзининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар. Бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув,ҳаво соғлик,эл-юрт тинчлиги каби, инсон ҳаётининг асоси бўлган бу нарсаларга бепарво қараб, гўё булар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи "Мунъим" (Аллоҳ)нинг қадрига етиш ва шукрини адо этиш демакдир.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан", деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора килганлар.
Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маънавий неъматлар эса имон, ислом, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга караганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.
Кўпинча инсонлар неъматнинг қадрига қўлдан кетгандан кейингина   етадилар. Соғлиқнинг қадри беморликда, бойликнинг кадри фақирлик етганда, тинчликнинг қадри эса нотинчлик вақтида билинади. Неъмат-нинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб шундай мархамат қилган:
"Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир" (Иброҳим, 7).
Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда "алҳамду лиллоҳ" дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, улар¬нинг шукрини адо этишда тил билан қилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди, балки буларга амалий шукр даркор. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш тан соғлиқнинг шукри бўлса, имон ва ислом неъматининг шукри фарзандларимизни имон-эътиқодли, ҳалол, пок қилиб вояга етказишдир. Неъматларнинг энг сараси бўлмиш мустақилликнинг амалий шукри эса ёшларимизни Ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялаш, десак муболаға бўлмайди. Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис қила олади. У ердаги одамлар¬нинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас шундай экан, маънавий неъмат¬нинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадисда: "Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, мо¬лини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билганларига қай даражада амал қилгани",  деб марҳамат қилганлар.
Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради. Аллох ҳаммамизни берган неьматларига шукр қилувчилардан айласин.

Ромитан тумани «Эшони Пир» 
жоъме масжиди имом хатиб 
О.Ибрагимов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram