Неъматлар шукри
13 март 2016 й.
1484 марта ўқилди.

      Неъматлар шукри

Аллоҳ таоло дунё ҳаётида инсониятни беҳисоб неъмат¬лар билан ризқлантирганки, унинг саноғига етиб бўлмаслиги хақида Қуръони каримда шундай баён қилинган:
"Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматини санасангизлар, саноғига етолмайсиз. Ҳақиқатан, инсон ўта золим ва жуда ношукрдир" (Иброҳим, 34).
Баъзи кишилар неъмат сўзининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар. Бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тан соғлик, эл-юрт тинчлиги каби, инсон ҳаётининг асоси бўлган бу нарсаларга бепарво қараб, гўё булар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи "Мунъим" (Аллоҳ)нинг қадрига етиш ва шукрини адо этиш демакдир.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан", деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора килганлар.
Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маъ¬навий неъматлар эса имон, ислом, акд, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.
Кўпинча инсонлар неъматнинг қадрига қўлдан кетгандан кейингина  етадилар. Соғлиқнинг кадри беморликда, бойликнинг кадри фақирлик етганда, тинчликнинг кадри эса нотинчлик вақтида билинади. Неъмат¬нинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб шундай марҳамат қилган:
"Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсан-гиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир" (Иброҳим, 7).
Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда "алҳамдулиллаҳ" дейиш билан адо бўлса, бошка хил неъматлар ҳам борки, улар¬нинг шукрини адо этишда тил билан айтилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди, балки буларга амалий шукр даркор. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш тан соғлиқнинг шукри бўлса, имон ва ислом неъматининг шукри фарзандларимизни имон-эътиқодли, ҳалол, пок қилиб вояга етказишдир. Неъматларнинг энг асасийларидан бўлмиш мустақилликнинг амалий шукри эса ёшларимизни ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялаш, десак муболаға бўлмайди. Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис кила олади. У ердаги одамлар¬нинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас шундай экан, маънавий неъмат¬нинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда: "Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: "Танингни сот қилиб қўймапми-дим? Сени муздак сув билан қондирмаганмидим...?", деб сўрайди", деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: "Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, мо¬лини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билгандарига қай даражада амал қилгани", деб марҳамат қилганлар.
Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.
"Руҳул-баён" тафсирида шундай ривоят келтирилади: "Бир куни Исо алайҳиссалом бир фосиқ билан сафарга чиқадилар. Исо алайҳиссалом сафарда ейишга ўзлари билан уч бурда қотган нон олиб, уларни ҳамроҳларига бериб қўядилар. Йўлда у киши Исо алайҳис-саломга билдирмай ноннинг биттасини еб қўяди. Бир дарахтнинг ёнига етганларида Исо алайҳиссалом нонушта қилиб олишни таклиф қилиб, кишига нонларни халтадан олишни буюрадилар. У икки бўлак нонни чиқаради. Буни кўрган Исо алайхиссалом ундан қолган бир бўлакни ҳам чиқаришни айтадилар. Фосиқ киши эса унда фақат мана шу иккита бўлакдан бошқа йўқ эканини, Исо алайҳиссалом унга фақат иккита нон берганларини айтиб, ҳар қанча талаб қилсаларда еб қўйган нонидан тонади.
Нонуштадан сўнг яна йўлда давом этадилар. Сафар давомида ҳалиги киши Аллоҳ таолонинг Исо алайҳис-саломга берган бир нечта мўъжизаларининг гувоҳи бўлади. Исо алайхиссалом унга кўрган мўъжизалари ҳаққи-ҳурмати учинчи нонни қаерга қўйганини айтишни сўрайдилар. У Аллоҳнинг ягоналигига, Унинг қудратига далолат қилувчи қанчадан-қанча мўъжизаларни кўрган бўлсада, барибир ёлғон гапиради, яъни унда фақат иккита нон бўлганига қасам ичади.
Икки ҳамроҳ йўлда кета туриб, тасодифан қум уюми остида ялтираб турган нарсага кўзлари тушади. Яқинига бориб қарасалар уч бўлак тилло қуймаси экан. Шунда Исо алайхиссалом тиллоларни тақсимлашни так¬лиф қиладилар ва бир бўлаги менга, иккинчи бўлаги сенга, учинчи бўлаги эса учинчи бўлак нонни олган кишига, дейдилар. Мана шу вақт фосиқ тиллонинг учин¬чи бўлагига ҳам эга бўлиш мақсадида ноннинг учинчи бўлагини ўзи еганини тан олади. Шунда Исо алайҳис-салом унга: Аллоҳнинг қанчадан қанча мўъжизаларини кўра туриб тан олмаган нарсангни, арзимас дунё матосига эришиш учун бўйнингга олмоқдасан. Демак, сен Парвардигорнинг неъмати қадрини билмайдиган ношукр бандасан, энди сен билан менинг йўлимиз бошқа-бошқа, деб фосиқни тарк этиб кетдилар.
Исо алайҳиссаломдан ажраган киши ёлғиз кетаётганида ногаҳон олдидан уч нафар қароқчи чиқиб қолади. Улар уни ўлдириб, тиллоларини бўлишиб олдилар. Шундан сўнг қароқчилардан бири егулик олиб келиш учун яқин қишлокдарнинг бирига кетади. Қолган иккитаси шериклари егулик олиб келгач уни ўлдириб, тиллосини бўлиб олиш режасини тузиб қўядилар. Таом сотиб олишга кетган қароқчи ҳам шерикларининг таомига заҳар солиб, улар ўлгач тиллоларини ўзлаштириб олишни режалаб қўйган бўлади. Шундай қилиб, таом олиб келган қароқчини шериклари ўлдқиради ва ўзлари ҳам таомдан татиб, заҳарланиб ўладилар.
Исо алайхиссалом тасодифан ҳалиги ҳамроҳи ва учта қароқчининг мурдаси устидан чиқиб қоладилар ва Аллоҳнинг берган ҳалол ризқига қаноат қилмаган, берилган неъматларнинг қадрига етмаган, унинг шукри-ни адо этмаган кишининг ҳоли шудур, деб йўлларида давом этадилар".
 
 
Ромитан тумани “Эшони пир” 
жоме масжиди имом хатиби:
   Ибрагимов О.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram