Тўй ва маросимларда ҳаддан ошмайлик
12 март 2016 й.
1618 марта ўқилди.

 ТЎЙ ВА МАРОСИМЛАРДА ҲАДДАН ОШМАЙЛИК.

Дунёдаги мавжудоту махлуқотлар борки барчасини Роббимиз жуфт-жуфт яратган. Жумладан инсоният оламини ҳам холиқимиз бир эркак ва бир аёлдан пайдо қилди. Инсон насли бошқа махлуқотлардан улуғ бўлгани боис одамзотнинг эр-хотин бўлиб жуфтланишига алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилишини динимиз белгилаб берган. Бу ҳақда кўплаб ояту ҳадислар бор. Динимизда одамзот наслини жуфтланишини никоҳ деб айтилади. Мен бугун ушбу никоҳга тегишли масалалардан бири бўлган “Тўй” маросимларини истисно тарзида айтишликни мақсадга мувофиқ деб топдим. Чунки тўй ва маросимлардаги ким ўзарга мусобақалшиш, ҳаддан ошиш, одамлар нима дейди, мен фалончидан камми? деган шайтоний васвасалар остида маънавий ва иқтисодий мусобақалашишлар тобора авж олиб кетди. Тарихга назар солсак ўттизинчи-қирқинчи йилларда очликдан вафот қилган, бир челак тариқ ёки арпага қизларини никоҳлаб берган, қавм бугунлик кунда ҳали ўша оғир дамларни, бошидан кечирган боболаримиз вафот қилмасдан дастурхонимизда шундай таомлар қўйилияптики ҳатто ундан зиёда таом қўйишга жой йўқ. Битта ошқозонда таом еймиз агар Аллоҳ таоло инсонга 3-4 та ошқозон яратса эди улар ҳам тўйиб яна таом ортиб қоладиган даражада таомлар тайёрланмоқда. Ачинарлиси шуки баъзида тўйдан кейин қолган таомлар айниб, бузилиб шундайлигича ахлат қутиларига кетмоқда. Келин учун фалон минг сўмлик оқ либос, шаҳар айланиб ЗАГСдан ўтиш учун қимматбаҳо машиналарни чорлаш, ҳаддан зиёда суратга тушиш, тўйхоналарни танлаш, “фалон ресторанга ўтказамиз” деб ким ўзарга пойгалашиш кун сайин “орзу ҳавасларимиз” гирдобига тушиб бормоқда. Ҳеч кимга сир эмаски бугун миллатимизнинг нақадар меҳнату машаққат билан топилган пуллари, молу-дунёлари, тўй пайтидаги икки томоннинг асабийлашиб олтиндан қиммат бўлган соғликларини йўқотишлари бир кунда ўтиб кетадиган тўй учун фидо бўлмоқда. Тўй ва маросимларни ислоҳга келтириш учун қанчадан қанча Давлатимиз қарорлари, Диний идораларимиз фатволари эълон қилинди. Мақолалар ёзилиб мажлислар ўтказилди. Бу саъйи ҳаракатлар ҳам ижобий натижа бера бошлади, лекин ҳали ҳамон тўйларини ҳашаматли ўтказиш, исрофгарчилик, ўзини кўрсатиш тўхтагани йўқ. Ўзларига “халқдан еганмиз энди биз ҳам бир халққа едирайлик”, “обрўни олайлик”, “одамлар кўрса, эшитса нима дейди”, “пул кетса ҳам обрў кетмасин”, “қизимни ёки ўғлимни кўнгли синмасин умрида бир марта тўй бўлади”, “бизни ҳам орзу ҳавасимиз бор”, “биз кўрмаганни фарзандларимиз кўрсин”... каби баҳона ва сабабларни рўкач қиладилар.
 
Юқоридаги каби “орзу ҳавасларимиз”ни амалга ошириш учун биринчи ўринда пул керак, аммо ўша пул, молу дунёга инсон осонликча эриша олмайди. Натижада нима қилиб бўлса ҳам масалани ҳал қилишга ҳаракат қилади. Ҳатто келаётган маблағни ҳалол ҳаромлигига ҳам эътибор бермай елиб югуради, баъзида ота-оналаримиз ўғил қизларига таълим тарбия бериб ҳаётда ўз ўрнини топиши, маънавий камолга етиши учун бош қотириш ўрнига “болам энди кап-катта бўлиб қолдинг, шунча ўқиганинг етар”, яқинда тўй қиламиз, пул топиш керак деб ёки фарзандларини истеъдодини поймол қилиш ҳоллари ҳам хаётда учраб туради.
 
Минг афсуслар бўлсинки миллион-миллион пулларни сарфлаб қилинган тўйлар, минглаб одамларни зиёфат қилиб айтилган яхши тилаклар келин куёвни тўйдан кейинги ҳаётларига моддий маънавий фойда бўляптими? “Билмайин босдим тиканни тортадурман жабрини” деганларидек ёш келин-куёвларни тўйдан кейинги можаролари, қудаларни ораси бузилиши, ҳомиланинг тушиши, бефарзандлик, ҳар хил касалликлар, бало-ю офатларни келиши, худо асрасин охир оқибат ёш оилани ажрашиб кетишига эҳтимол юқорида айтганимиздек тўйларимиздаги ҳаддан ошишлигимиз сабабчи эмасми? Бу дабдабалар билан биз ёш келин куёвларимизни гўзал турмушлари илдизига болта урмаяпмизми?
 
Мен юқоридаги фикрларни айтиб тўйларимизга қарши чиқмоқчи эмасман балки тўйларимизни камхаражат озгина одам айтиб эълон қилинса кифоя демоқчиман. Тўйга одам кўп айтилса харажат ҳам шунга яраша бўлади, қанча кам одам айтилса шунча харажат ҳам оз бўлади. Ҳозирги даврда ҳаммамизни ҳам дўстларимиз, ёру биродарларимиз, қариндош уруғларимиз бор. Уларни ҳаммаси тўйга таклиф қилинса мингга яқин одам бўлади.
 
Аслида тўй “фалончини ўғли билан фалончини қизи бирга юрибди” деган нолойиқ сўзлардан холи бўлиши учун уларни ҳалол покиза никоҳланганлигини халққа билдириб, озроқ одамга бир қўй сўйиб зиёфат бериш билан эълон қилиб қўйишдир.
Пайғамбаримиз Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида бир қўй сўйиб тўй ўтказганлари бир неча ҳадисда ривоят қилинган. Уйланишни айтган саҳобалардан бирларига “Бир қўй сўйиб бўлса-да тўй қил” деганлар.
 
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Аҳмад Муҳаммад Турсун ўзларини “Сиз қандай яшамоқчисиз” номли китобларида ўзлари гувоҳ бўлган бир никоҳ тўйини қуйидагича ёзадилар. “Араб мамлакатидаги бадавлат бир хонадонда ўтказилган никоҳ тўйида қатнашганман. Алоҳидадан иккита залга элликтача эркак, шунча аёл тўпланган. Зиёфатда ярим косадан суюқ, биттадан тарелкачада палов тортилди, дастурхонда нон, пўртахол, банан ва бир хил мева шарбатидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Эй инсонлар, ёлғонни ёзаётганим йўқ, тўй зиёфатининг дастурхонида бундан бошқа ҳеч нарса йўқ, “нега бундай камтарона тўй қилдинг?” деб ҳеч ким уни юртидан қувиб чиқаргани ҳам йўқ! Ваҳоланки, тўй эгаси икки-уч корхонанинг, бир неча катта дўконларнинг эгаси бўлган йирик сармоядор эди. Истаса, тўйни хориждаги оролними, қасрними, ижарага олиб ўша ерда шоҳона қилиб ўтказишга ҳам қурби етарди. Ундан камчиқимлигининг сабабини сўрасам, “Бизлар қизни узатганда дастурхонга арпа нони, хурмо ва бироз гўштдан бошқа нарса қўймаган Пайғамбарнинг умматимиз!” деб жавоб қилган эди.” –деб ёзади муаллиф.
 
Эркакми ё аёлми кимда ким мўъмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз
(Наҳл сураси 97-оят)
Бу соҳада биз мусулмонлар шундай бўлишимиз керакки агар бир инсон тўй қилганда кам харажат билан, озроқ кишиларни чақириб ҳолига яраша тўй қилса, ўша тўйга айтилмай қолган ёру дўстлари ҳамда қариндош-уруғлари, бўлиб ўтган тўйни эшитган замон, “фалончи мани тўйига айтмабди”, “унинг пули кўпайган”, “одамни менсимайди”, мансабдор бўлиб одамни писанд қилмай қўйди” каби салбий фикрларни билдириш ўрнига, “фалончига раҳмат бир суннатни тирилтирибди”, “ҳолига яраша тўй қилибди”, “фарзандлари бахтли бўлишсин”, “жуда тўғри иш қилибди”, “биз ҳам шундай қилишимиз керак” деган ижобий фикрларни билдирсагина халқимиз бундай дабдабали тўйлар қилиб охири кўринмайдиган чиқим ва исрофгарчиликларга чек қўяди деб ўйлайман.
Эй биродарлар диний, дунёвий ҳар бир ишларимизга Аллоҳга, унинг Расулига ва устимизга турган бошлиқларимизга итоатли бўлайлик!
 
Шофиркон туман
“Қори Фазлиддин”
Жомеъ масжиди
Имом хотиби М.Исоев  
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:54
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram