Нурли ҳаёт
24 декабр 2015 й.
1254 марта ўқилди.

 Нурли ҳаёт

 
قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنِّي رَسُولُ اللّهِ إِلَيْكُمْ جَمِيعًا الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ لا إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ يُحْيِـي وَيُمِيتُ فَآمِنُواْ بِاللّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ
 
Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига – Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз – шояд ҳидоят топурсиз» (Аъроф, 158). 
У зотга нозил қилинган нур – китоб ва суннат. Яъни, Қуръони карим ва ҳадиси шарифдир. Буларни маҳкам тутганни ва нурни шунда деб билганни Аллоҳ икки дунёда хор қилмайди. Уларга тўғри йўлни кўрсатиб беради. Бу нур инсоннинг ҳаёт йўлларини чароғон этиб туради, икки дунёда нажот беради. Ким улардан юз ўгирса Аллоҳ уларнинг кўзи ва қалбини кўр қилиб қўяди: у ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормай, насиҳат тингламай, ғофиллик лойига ботиб қолади. Ундай гумроҳлардан жамият ҳам безордир. Негаки, улар на шариатга ва на жамиятга манфаат беришмайди. Турган-битгани касофат, инқироз ва разолат пайида бўлишади. Машҳур мутасаввиф шоир Сўфи Оллоёр бобомизнинг”Саботул ожизийн” китобларида:
Насиҳат тингламас, дили сахт маҳжуб,
Кўкармас тошға ёмғир ёғса ҳам кўп, дейилган.
Бу мисоли: “Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ. Ҳолбуки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқса, айримлари ёрилиб, ундан сув чиқади ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб тушади” (Бақара, 74).
Бу илоҳий нурни қабул қилмаганлар узоқ адашибди, катта хато қилибди. Бундай қалбларга Яратган ҳам раҳмат назари билан боқмайди. Бу нурдан баҳра олмаганлар том маънодаги кар ва кўрдир. Нурдан баҳраманд бўлганлардан Аллоҳ рози. Розиликка эришган қалбга китоб ва суннат янада суюкли бўлиб бораверади. Бу нурни тутганлар ҳидоятда, ҳаётда ўз йўлини адашмай топиб олишади. Уларга боғу роғли, чашма-ю анҳорли, соя салқин жаннат мунтазир, шаҳло кўзли ҳурлар муштоқ. 
Бу икки нур мустаҳкам арқон. Бу арқони узиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаган, келмайди ҳам. Бу арқонни маҳкам ушлаган ҳаётда ўз ўрнини топади. Расулуллоҳ вафот этиш арафасида: “Мен сизларга икки нарсани қолдиряпман. Уларни маҳкам ушласанглар, асло адашмайсизлар. Улар: Қуръон ва менинг суннатларим (ҳадисларим)”, – деганлар.
Дарҳақиқат, асрлар оша бу васиятга амал қилганлар ҳаётда асло адашмасдан, тўғри йўлни топиб яшамоқдалар. Чунки Қуръони каримда: “Сизга Расул нимани берса, олинг ва сизни У зот нимадан қайтарса, қайтинг”, – дейилган (Ҳашр, 7).
Пайғамбар алайҳис салом: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, – деганлар (Бухорий ривояти).
Китоб ва суннатни маҳкам тутганлардан Аллоҳ рози. Уларнинг даражалари юқори, бошлари баланд, қалблари уйғоқ ва руҳлари тирик бўлади. Бу нурдан воз кечиб, шаръий далилсиз ҳалолни ҳалол, ҳалолни ҳаром дейдиганлар ақли паст кимсалардир. Жамият кушандалари ҳам ана шулар. Динни бузиб кўрсатувчилар, нотўғри талқин қилувчилар ҳам шулардан чиқади. Бу худодан қайтганларнинг одати. Ҳақиқий ҳукм чиқарувчи – ягона Аллоҳ. 
“...нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир” (Аъроф, 157).
Ҳатто пайғамбарлар ҳам тўғридан тўғри ҳукм чиқаришмаган. Пайғамбар алайҳис салом керакли ўринларда Жаброилни кутардилар, ваҳий бўйича иш юритардилар. Ҳеч қачон ўзларича гапирмаганлар. Бу оятда ҳам ўз исботини топгани барчамизга бирдек аён.
Суннат – Қуръон каби, иккиси асло бир-бирига хилоф эмас. Аҳли суннат мазҳабига хилоф баъзи қадимги фирқалар бизга Қуръон кифоя, ҳадисга ҳожат йўқ, деган даъволарни қилишди. Улар ҳамма ҳадисни ҳам инкор этишмайди. Ўзларига мос ҳадислардан далил сифатида фойдаланган ўринлари ҳам кузатилган. Аҳли суннат эътиқодидагилар саҳиҳ бўлган барча ҳадисларга бир хилда амал қилишган.  Суннат – Қуръонни тўлдирувчи, фиқҳ ҳадисни тўлдирувчи восита эканига имонлари комил.
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram