ОҒИР ЮК
20 октябр 2020 й.
66 марта ўқилди.

 
ОҒИР  ЮК
 
Одам ҳамиша яширадиган, яширишга уринадиган   иллат -  ҳасаддир.
Ҳасад – бирон биродарининг , ҳамроҳининг ёки  яқин қариндоши-
нинг муваффақияти, ютуғи  учун тутилган азадир.
(Донолар бисотидан)

         Ҳар бир мўмин мусулмон банда қалбини поклаши лозим бўлган дардлардан бири ҳасаддир. Бу хасталик қалбга оид хасталикдир. Инсонни қалбида бўладиган ва жуда кўп зарар етказадиган беморлик ҳисобланади. Уламоларимиз, ҳасад бировга етган наъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар. Ҳаётнинг энг майда икр-чикирларидан  тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасига барқарор бўлишини хохлаган холда, ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳавас килган бўлади. Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гунох саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавас эгаси эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Аллох таоло Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида ҳасадни қоралаган. Аллох таоло “Нисо сурасининг 54-ояти”да: “Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?”-деган. Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад хам қаттиқ қораланади ва катта гунох ҳисобланади. Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллалоҳу алайҳи вассаллам: “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жам бўлмайди”, - дедилар”  Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда икки турли нарса бир банданинг қалбига жам бўлмаслиги хабари берилмоқда
     Биринчиси – Аллоҳнинг йўлида иш қилиб шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаханнамнинг олови кирмаслиги, яъни, ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб жаннат аҳлидан бўлишлигидир.
Иккинчиси эса – бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жам бўлмаслиги. Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади. Ҳасад шундай ўтдирки, агар тутаса ҳўли-қуруқ баро-бар ёнади.
Абдуллоҳ ибн Буср розиаллоху анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасад эгаси мендан эмас”, - дедилар. Табароний ривоят қилган. Яъни, ҳасадчи менинг умматим эмас, деганлар. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам бадбахтлик йўқдир.
Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутила бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан хам қутилиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий даражасига етишишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Ул зот: “Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатдан бир одам чиқади”,- дедилар. Ансорийлардан, соқолидан тахорат суви оқиб турган, чап қўлида ковуш тутган киши чиқиб келди. Эртасига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айни гапни айтган вақтларида, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди. Учинчи куни хам худди шу холат такрорлангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, мажлисдагилар тарқалганида, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс ҳалиги одамга эргашиб борди-да: “Отам билан орамиздан гап ўтиб қолди уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг”,- деди (Яъни Абдуллоҳ ибн Амр  ниятлари бунинг қандай амали бор эканки унга жаннат ваъдасини бердилар) уч кеча ўтгандан сўнг унинг амали хеч нарса эмас экан деган фикрга келган Абдуллоҳ ибн Амр. Унга : “Эй , Аллохнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч марта: “Ҳозир хузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади”, деган гапларини эшитдим. Уч маротаба ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг хузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларга сени нима эриштирган?” деб сўрадим. У эса: “Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ”,- деди. Қайтиб кетаётганида у мени ёнига чақириб: “Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ”. Фақат, мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат сақламайман. Ҳеч кимга нисбатан унга Аллоҳдан етган яхшиликка ҳасад қилмайман”,- деди. 
“Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан. Ана шунга биз тоқат қила олмаймиз”,- деди. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс. Аҳмад ва Насаий ривоят қилган.
Ҳақиқатдан ҳам, инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Зеро, бундай одамдан хеч бир ёмонлик чиқмайди.
 Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. ”Ҳасаддан сақланинг! Чунки, ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни еганидек, еб юборади” дедилар” (Абу Довуд ривояти).
Ҳасадчи инсоннинг қилган совоб ишлари бўлса, бекорга чиқишини, умуман, ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз. Уламоларимиз ҳасадни тушунтириш учун “Ҳасадчи худди бир одамга кўр-кўрона тош отадиганга ўхшайди” дейдилар. “Шу тош билан бир уриб бошини ёрсам дейдию,  тоши деворга тегиб, ўзига қайтиб келиб кўзини ўяди, яна отса, иккинчисини ўяди, яна отса ўзини бошини ёради. Шу билан ўзини бошини ўзи ейди” деб, ушбу мисолни келтирадилар. Шу маънода инсон Аллоҳга бўлган ақийдасини, иймонини бақувват қилиб, исломий сифатларни ўзида мужассам  қилиш ва ҳасадга ўхшаш ёмон сифатларни йўқотиш кераклигини англаб, айнан шу ҳасадни фойда зарарини ўзи кўриши керак. Аллоҳ таоло барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин!
Ҳасаднинг зарарлари:
  1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир.
  2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади.
  3. Ҳасад эгасининг мартабасини пасайтиради.
  4. Ҳасадчини одамлар ёмон кўради.
  5. Ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади.
  6. Ҳасад катта ёмонликларнинг манбаъсидир.
  7. Ҳасад  ахлоқсизлик аломатидир. 

Ғиждувон туман “Имом ал-Бухорий” жомеъ масжид 

имом-хатиби О.Рўзиев 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:46
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram