ОГОҲЛИК ВА ҲУШЁРЛИК – БАРЧАМИЗНИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАМИЗ
10 май 2017 й.
41 марта ўқилди.

 ОГОҲЛИК ВА ҲУШЁРЛИК – БАРЧАМИЗНИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАМИЗ

 
Тинчлик ва осойишталик. Бу икки сўз замирида ривожланиш, тараққиёт ва фаровонлик мужассам. Эзгу орзу-умидларимиз, мақсаду ниятларимизнинг рўёбга чиқиши ҳам айнан тинчликка бевосита боғлиқ. Шу боис ҳам нуронийларимиз дуога қўл очганида оилаларимизга, маҳалламизга, юртимизга ва бутун дунёга тинчлик ҳамда омонлик тилашади.
Биз тинчликсевар халқмиз. Уйимиз, маҳалламиз, юртимиз тинч бўлса, хотиржам меҳнат қилиб, ҳар қандай ютуқ ва маррага эришамиз. Одамнинг онги, тафаккури тоза, маънавияти юксак бўлса ҳеч қандай ташқи ғаразли кучлар унга таъсир кўрсата олмайди.
Бугун мамлакатимиз тинч, одамлар бемалол ишлаши, орзу-ниятларига етиши учун шароит ҳам, имконият ҳам етарли. Бу инсон учун энг буюк неъмат, улуғ бахт аслида. Атрофга назар ташласак, ҳозир айрим давлатларда болаларни боғчага, мактабга юбориш, ишга бориб-келиш ҳам катта муаммога айланган. Кўчага чиқишга одамларнинг юраги дов бермайди.
Юртбошимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган доно сиёсати туфайли юртимиз тинч-осуда, халқимиз фаровон ҳаёт кечирмоқда. Хоҳ кундузи, хоҳ тунда юртимизнинг исталган ҳудудида бемалол сайру саёҳат қилиш мумкин. Бунинг қадрига етиш учун маҳаллаларда тарғибот ишларини янада кучайтириш керак. Турли  мафкура ва қарашлар авж олган ҳозирги замонда инсон онгу тафаккурини бузғунчи ғоялар билан забт этишга бўлаётган ҳаракатларга бепарво қараб бўлмайди. Шу боис аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини кенг кўламда олиб бориш долзарб вазифаларимиздан биридир.
Юртимизда эмин-эркин яшаш, меҳнат қилиш, диний эътиқодларга амал қилиш учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилган бир пайтда адашган манқуртларнинг қилмишларини сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Ёшларнинг нотўғри, нопок йўлларга кириб кетишига нима сабаб бўлди экан? Уларни манфур йўллардан қайтаришда ота-она, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик қандай ишларни амалга оширишлари керак эди?
Қўпорувчи ва жангари тўдалар аслида тинчлик дини бўлган ислом номини сотиб, ўз ёвузликларини амалга оширмоқдалар. Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД) деб аталмиш жангари тўдалар ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиб, ўз ёвузликларини хаспўшламоқдалар. Уларнинг мақсади ўзларига эргашмаганларни кофирга чиқариб, йўқ қилиш, моддий бойлик орттириш ва ҳокимиятга эга бўлишдир. Бу жиноятчи тўдалар ўзларини динимизнинг «ҳақиқий жонкуярлари» қилиб кўрсатишга қанчалар уринмасинлар, уларнинг «ҳижрат»и ватанфурушликдан, «жиҳод»и қонхўрлик ва худкушликдан бошқа нарса эмас.
Ҳозирги кунда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки мусулмонлар ҳозирги маъносиз қуролли тўқнашувлар қилишлари фарз эмиш. Ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш керак эмиш. Асло тўғри бўлмаган тушунча ва ғирт мазмунсиз ғоя.
Эътиқоднинг соф бўлишини нафақат исломда, балки бошқа самовий динларда ҳам муҳим саналган. Чунки соғлом эътиқод нафақат шахс, балки жамият ҳаётида ҳам катта ўрин тутади. Кишиларнинг эътиқоди мусаффо ва қарашлари соф бўлса, ўша жамиятда тотувлик, бирдамлик, диний бағрикенглик ҳукм суради. Бу эса тинчлик-осойишталикни асосий тамойилларидан ҳисобланади.
 
 
Абдураҳмон Бақоев
Бухоро тумани «Имом Аъзам» 
жомеъ масжиди имом хатиби
 
 
 
 
«орқага