ОИЛАДА СОҒЛОМ ТАРБИЯ
01 июн 2015 й.
2020 марта ўқилди.

 

 
ОИЛАДА  СОҒЛОМ  ТАРБИЯ
 
Нақадар гўзал бу ислом. Бу шундайин динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради.  Аллоҳ берган неъматларнинг улуғи Фарзандир, у туғилганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади. Фарзанд туққан аёл қадр топади.  Инсонга Аллох фарзанд ато этиши билан, ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ота, айниқса, биринчи фарзанди туғилганида еру кўкка сиғмайди. Мол-давлати, мансаб-мартабаси туфайли сезмаган ҳузурни ҳис этади. Фарзанд неъмати ота қалбини фахр туйғусига тўлдиради. Қасрининг бўғиқ ҳавоси жаннат райҳонининг иси билан тўлади. Хонадондан гўдак йиғиси ва яқинларининг кулгиси эшитилади. Яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлди.   Албатта, дунё синов ва имтиҳондан иборат. Яратган зот баъзи оилаларга фарзанд неъматини бериб, бандасидан шукрини сўрайди.  Баъзи оилаларга сабрини синаш учун фарзанд бермайди. Халқимизнинг насл-насабга эътибори, элати ва шажаралари билан насл ва насаб суриштириб, бир-бирларини танишлари, айниқса, оила қуришда, қуда-андачиликда миллий қадриятга айлангандир.  Динимиз насл ва насабни сақлаш учун никоҳ ва унинг аҳкомларини баён қилиб берди. Никоҳ барча пайғамбарларнинг ҳалол билан ҳаромни ажратувчи суннат амалидир.   Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ота-она ушбу тамал тошини қўйишда, албатта, диний ва миллий кўрсатмаларга қатъий амал этиши лозимдир. Динимиз отага бўлажак фарзанди учун яхши она танлашни буюради. Фарзандларимиз ибо-ҳаёси, кийиниш маданиятию ўзларини тутиши тўғрисида гапирмай иложимиз йўқ. «Қиз асрагунча, туз асраган афзал» дейишган доно халқимиз. Нега? Чунки. Топ-тоза оқ сутга бир томчи сиёҳ томса, қанчалик булғанса, қиз боланинг ташқи кўринишининг очилиб - сочилиб кетиши ҳам шунчалик унинг бутун борлиғу номусига доғ бўлиб тушадигандек. Бироқ ҳозир гап қиз бола тугул ҳатто ўғил болаларимизнинг кийиниш «маданияти» тўғрисида ҳам эмас, балки қандай кийинганидан, феъл атворининг кенгу торлигидан қатъи назар - кўз ўнгимизда ўз-ўзича шаклланиб келаётган бу одам нима эшитиб, нима кўриб улғаяётганлиги ҳақида. Бошиданоқ айтиб қўяйлик: қадрли ота-оналару азиз ва мўътабар устозлар бизни кечирсинлару, аммо тан олмай иложимиз йўқ - ҳозирги кунда фарзандларимиз тарбияни биздан эмас, ойнаижахондан олиб ётгани бор гап. Бир қараганда шуниси ҳам яхшидек. Ахир биз уззукун ўғил-қизимизнинг тарбияси билан шуғулланадиган бўлсак, бола-чақани ким боқади?    Шу боисдан ҳам биз чарчаб-ҳориб ишдан келамиз, бир луқма овқатимизни наридан-бери еймиз, сўнг тўйгами, туғилган кунгами ё бошқа бир тирикчилигимизга отланамиз: «Болам, салом, болам, хайр. Пул керакми, ма, ол, болам. Ўтган йилги палтойинг калтайиб қолдими? Майли, янаги маошда янгисини оламиз. Мактабга бораяпсанми ўзи? Ҳа, баракалла. Уйни йиғиштирдингми?» Боламиз билан бўладиган энг узоқ ва «мазмунли» суҳбатимизнинг моҳияти фақат шулардангина иборат холос.  Ойнаижахон эса унинг ҳам отаси, ҳам онаси, опаси, дугонаси, дўсти, тарбиячиси бўлиб қолганини шундан кейин ҳам тан олмай кўрингчи.  Ҳа, болаларнинг кўзи тугул киндиги ҳам очилиб кетгани энди янгилик эмас. Улар мактаб дастуридан тўрт қатор шеърни билмаслиги мумкин, аммо ҳар бир маъни-маънисиз реклама роликларини тўтиқушдай ёддан такрорлайди:» болам барибир ҳеч нарсани тушунмайдику, деб хотиржам ўтираверарсиз, аммо болалар бир-бирига зимдан кўз уриштириб, пиқир-пиқир кулишади. Бизнинг аҳмоқлигимизнинг устиданми ёки ўзларининг ақлли бўлиб кетганликлариданми, билмайсиз.... болалар филмлари, кўрсатувлар,шунингдек адабиётлар, мултфилмларда аҳлоққа зид жумлаларнинг ишлатилиши ёқи ғайритарбиявий кўринишларнинг намойиш этилиши ижобий ҳол эмасми?   Мамлакат келажагини мустаҳкам қуриш, метин пойдеворини ўрнатишдек олижаноб, юксак мақсадларни амалга ошириш учун фарзандларимизни чуқур илмли,касбу ҳунарнинг устаси қилиб ўстириш, айниқса, уларга гўзал одоб-ахлоқ кўрсатмаларини бериш жуда муҳим. Миллатимизнинг одоб-ахлоқи эса муқаддас динимиз таълимоти асосида шаклланган десак, муболаға бўлмайди. Фарзандларимизнинг эрталаб турганида салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашидан тортиб, онасига қандай мурожаат қилишини кўрсатувчи тартиблар соф исломий тарбиялардан ҳисобланади. Зеро, бу талаблар комил инсонни вояга етказишга қаратилган. Комил инсон нафақат яқинларига, балки бутун жамиятга манфаат келтиради.   Ҳадиси қудсий: “Қазо ва ҳукмимга ишонган, Қуръон таълимотига бўйсунган, берган ризқимга қаноат қилган, Менинг ризолигим йўлида шаҳвоний истакларини тарк этган ёш мўмин (Менинг наздимда) малаклар даражасидадир”.  Шаҳват – нафснинг керагидан ортиқ истаги, озига қаноат қилмаслик, кўпга тўймасликдир. Ёшлигида куч-қувватли, соғлом бўлатуриб, ўзини Аллоҳга таслим этган, фарзларни тўла-тўкис адо қилган йигитни Аллоҳ малаклар  даражасида васф этмоқда. Чунки фаришталар Аллоҳга оғишмай, бенуқсон ибодат қилувчилардир, нафсоний, шаҳвоний истаклар уларда йўқ. Аллоҳ васф этган ёш мўмин оддий фаришталардан зиёдадир. Чунки бандада нафс бор.Нафсига қарши курашиб, машаққатлар чекиб, нафсоний  ва шаҳвоний истаклари хуружини Аллоҳ ризоси йўлида тарк этади. Фаришталарда эса шаҳвоний ҳис-туйғулар бўлмагани учун ҳам, улар ёш мўмин чеккан машаққатларни сезмайдилар, ҳис қилмайдилар. “Мақомоти нақшбандия” асарининг форсий нусхасида бундай ибратли ривоят баён қилинган: Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига:   
– Сизларнинг етмишингиздан ҳам Абу Бакр (розийаллоҳу анҳу) яхшироқдир, 
 – дедилар. 
– Саҳобалар: “Нега бундай? Ҳазрат Абу Бакрнинг нима яхшилиги бор экан? Ахир биз билан доим бирга бўлсалар, тоат-ибодатларини билсак?” дея қизиқишди ва ҳазрат Абу Бакрнинг уйларига боришди. Фарзандлари Абдурраҳмон чиқиб, ҳазрат намоз ўқиётганларини билдирди ва бир оз кутиб туришларини илтимос қилиб, сўнг ичкари киритди. У зот намозни адо этиб бўлиб, дуо қила бошладилар. Кутишга тоқатлари етмай, йўталиб, томоқ қириб кутаётганларини билдиришлари билан мезбон дуони тугатди ва уларга юзланди. Йиғидан у кишининг соқол ва кўйлаклари ҳўл бўлиб кетганини кўрган саҳобаларнинг ҳам беихтиёр кўзлари намланди. 
 – Нима сизни бунча йиғлатди? Бизга айтинг, 
 – дейишди.
 – Ҳеч айтмас эдим. Сиз сўраётганингиз учун айтаман, 
 – дедилар. – Кеча Ҳабибим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи умматларининг дўзахга дохил бўлишларини айтиб,ғамгин бўлдилар. Гулдек юзлари сўлди, қуёшдек нур сочиб турган чеҳрасида хафалик белгилари сезилди. Мен бу зотни бундай ҳолатда кўришга тоқат қилолмайман. Ўшандан бери Аллоҳдан қиёмат куни шу жисмимни катта қилиб, бутун дўзахни менинг жасадим билан тўлдиришини сўраяпман. Токи мендан бошқа бирон киши дўзахга кира олмасин. Шу тариқа Аллоҳ ва Унинг расули розилигини топармиканман, – деб жавоб бердилар.Меҳмонлар: 
 – Биз ўзимиздан бошқани ўйламас эканмиз. Ҳақиқатда ҳам Абу Бакр ҳазратлари барчадан ортиқ эканлар, – дейишди (ризвонуллоҳи алайҳим ажмаъин). Демак, комил инсон қалбида бошқаларни ҳам бахт-саодатга эриштириш истаги бўлади. Мутакаббирлик, худбинлик каби разилликлардан ўзини поклайди. 
Устоз Абдуллоҳ ҳожи Ҳамдам ҳикоя қиладилар: “Бир улуғ зот меҳмон бўлди. Кўпчилик зиёратларига келиб, у зотдан билмаган, эшитмаган нарсаларини билдилар, ихлослари ошди. Бир инсон беш-олти ёшлар чамаси набираси билан у кишининг зиёратларига келди. У зот қўлларида райҳон билан пешвоз чиқдилар. Салом-алик, ҳол-аҳвол сўраганларидан кейин ҳалиги болани эркалаб, қўлларидаги райҳонни бердилар. Болакай ҳайрон бўлганича райҳонни қўлига олиб, буни нима қилсам экан деб, бир оз ушлаб турди. Бир бурнига олиб бориб ҳидлаган ҳам бўлди. Аммо бирданига уни юлиб, узиб-узиб, отиб юборди. Боланинг бу ишидан буваси қаттиқ ҳижолат тортди. Қайтаётган вақтларида набирасига яхшилаб тушунтириб кетди: “Бундай улуғ зотлар бир нарса берса, дарҳол икки қўл билан олиб, “оҳ, оҳ” деб ҳидлаб, чаккага тақиш керак. Кейин ўрнингдан туриб: “Қуллуқ, қуллуқ”, дейиш керак”.Бува билан набира келаси сафар зиёратга келишганида бу улуғ зот паловга қўйилган устухон (ичида илиги бор катта суяк)ни тозалаб ўтирган эканлар. Болани эркалаб, қўлларидаги устухонни унга бердилар. Бола бурнига олиб келиб, “оҳ, оҳ” деб, дўпписига қистириб олди. Ўрнидан туриб, “Қуллуқ, қуллуқ”, деб бошини бир оз эгиб, таъзим ҳам қилди. Ҳаммалари ҳижолат бўлиб қолишди. Айниқса, боланинг буваси ўзини қўярга жой тополмади”. Шунинг учун болага бир нарса ўргатиладиган бўлса, ётиғи билан тушунтириш керак, дейдилар.  Ҳазрат Аҳмад Яссавий етти ёшлик вақтларида оталари уни буюк мутасаввиф олим, шайхулислом, Юсуф Ҳамадонийнинг ҳузурларига илм ва одоб ўрганиши, шогирдликка қабул қилишлари учун олиб борадилар. Ёш Аҳмад зукколиги ва меҳнаткашлиги билан пири комилнинг назарига тушади. Кунларнинг бирида бундай иш бўлиб ўтади. Лаганда палов тортилгач, дастурхон атрофига ёши улуғ мўйсафидлар, ҳазратнинг ҳузурида бир неча йиллардан буён хизмат қилиб юрган шогирдлари ўтиришади. Аҳмаднинг юзида савол аломатини сезган пири комил нима гап эканини сўрайдилар. Камоли одоб билан ёши улуғлардан узр сўраб, яна устознинг рухсатини олиб: 
 – Бу таомнинг устида нима бору охирида нима бор!? 
 – деб сўрадилар. Ўтирганларга: “Жавоб беринглар-чи”, деганларида, улар ёш боланинг тушунчаларига мос қилиб жавоб қилдилар. “Устида гўшт, лаганда турибди”, – дедилар. Жавобдан савол эгаси кўнгли тўлмаганини кўрган пири комил: 
– Бўтам, қани ўзингиз айтинг-чи, сиз нималар кўряпсиз? 
– деб сўрадилар. Ёш Аҳмад яна тавозе билан тик туриб, гапиришга рухсат олди ва ёши улуғлардан узр сўрар экан: 
– Бу таомнинг устида “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” ва охирида “Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламин” бордир, шундай эмасми?! – дедилар. Пири комил жавобдан шундай қониқдилар ва мамнун бўлдиларки, “Боракаллоҳ, бўтам, боракаллоҳ! Албатта, шундай”, дедилар. Ўтирганлар ҳам “Тақсир, тақсир”, деб, яъни шу оддий нарсани билмай қолибмиз, бу зикрлардан паришон бўлай дебмиз, дедилар ва ўринларидан туриб, ёш Аҳмадга ҳурмат кўрсатдилар. Шундан кейин Аҳмад ҳазрат устознинг ишоралари билан ёнларидан жой олди.
 
Шофиркон туман Хожа Ориф Ревгарий Моҳитобон
жоме масжиди имом-хатиби Миржон Эгамбердиев.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:58
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 17:55
Хуфтон: 19:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram