Омонатдорлик буюк фазилат
25 март 2020 й.
37 марта ўқилди.

 

Омонатдорлик буюк фазилат

Инсон нимаси билан гўзал, чиройли кўз ва қоши биланми, келишган қомати ёки насл насибининг улуғлиги уни гўзал қилиб кўрсатадими ёки бойлиги биланми? Бу гўзалликларнинг барчаси инсонни ташқи тамондан чиройли қилиб кўрсатиши мумкин. Лекин шундай хислатлар борки, агар улар инсонни тарк этса, у ҳаттоки, юқорида саналган неъматларнинг барчасига эга бўлса ҳам, хунук кўринади. У хислатлар кимда бўлса, ўз эгаси дунёдаги энг фақир ёки энг хунук инсон бўлишига қарамай, бой ва гўзал қилиб кўрсатиш кучига эга. Омонатдорлик шундай гўзал сифатлардан бири ҳисобланади. Топширилган молни ёки бир ишни, айтилган вақтида адо этиш, ошкора ва махфий ҳолатларда ҳам бу вазифаларнинг хилофини қилмасдан, қандай адо этишга буюрилган ёки қачон қайтаришга ваъда қилинган бўлса, ўша вақтда эгасига топшириш омонатдорлик ҳисобланади. Омонатга хиёнат қилиш, киши қалбидаги иймонинг ўта заифлиги ёки ўша неъматдан маҳрумлигининг аломатидан саналади. Иймонли кишини Аллоҳ Каломида “мўмин” - деб номлади. У Аллоҳнинг ягона ва борлигига ишонади. Охират бўлишига қалбида қатъий ишонч ҳосил қилган. Шунинг учун олган омонатини охиратга қолишини истамайди. Аҳдига вафо қилади. Қуръони Каримнинг Мўминун сурасида Аллоҳ таоло мўминларнинг бир қатор сифатларини эслатиб, бу гўзал хулқлар сирасига омонатдорликни ҳам қўшди. Яъни:
قال الله تعالي  :وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُون
“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир.” (Муминун сураси, 8-оят). Инсон ўзида омонатдорлик сифатини топган бўлса, шу ҳолатидан ўзгармай мустаҳкам турган бўлса, демак унинг қалбида иймон қарор топибди. 
Омонатдорлик инсонларнинг ўзаро олди бердилардагина бўлиши лозим бўлган хислат эмас, балки инсон Роббиси ва Пайғамбари олдидаги омонатларни адо этиш билан омонатдорлиги мукаммал бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақида:
 قال الله تعالي  :يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ   
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!”, - деб марҳамат этган.
Аллоҳнинг бандларидаги омонати Унинг амрига итоат этиш, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидаги омонатлари суннатлари бўлиб, уни маҳкам ушлаган кишилар, якка қолганида ҳам унга амал қилганлар шу омонатларни риоясида турган бўлади.
Мусулмонларнинг бир бирлари устидаги ҳақлари, обрўйи, ишониб билдирган сирлари ҳам омонат саналади. Қатода: “Билингларки, Аллоҳнинг дини омонатдир. Бас, сизларнинг елкангизга қўйилган Аллоҳ азза ва жалланинг фарзлари ва “ҳад”ларидан иборат омонатни Унинг Ўзига адо этинглар. Кимнинг зиммасида бирор омонат бўлса, уни қўйган одамга топширсин”, - деганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар инсон ўз сирини айтиб бўлиб, ён арофга қараб қўйса, бас ўша сўз (айтилган кишига) омонатдир”, - дедилар. Бу ҳам омонатнинг бир кўриниши бўлиб, бунга хиёнат қилиш, мусулмоннинг обрўйи, моли, жонига зарар етишига сабаб бўлади. Кун сайин инсонлар орасидан бундай омонат соҳиблари озайиб бормоқда. Ҳозир омонатдорликнинг камлиги сабабли, баъзан инсонлар орасида "сирингни ҳеч кимга айтма, ҳозир ҳеч кимга ишонч қолмади”, - деган маънодаги сўзлар тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Бировнинг сирини омонат эканлигини ҳис этмаслик, фақат шахсий манфаатларини бошқаларнинг манфаатидан устун қўядиган, ҳиммати паст инсонларнинг қалбида пайдо бўладиган иллатдир. Афсус билан айтамизки, кўп жойларда, инсонлар орасида омонага хиёнат қилиш авж олган. Кўпчилик инсонлар бунга ҳатто кўникиб ҳам кетган. Баъзилар учун бу амалнинг гуноҳлигини ҳис этиш четда қолиб кетиб, Аллоҳ олдидаги айбдорлик ҳисси буринга чивин қўнганчалик ҳам кучга эга эмас. Биз омонатдорлик борасидаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларига амал қилсак, бу боради у зотдан намуна олсак, бир-биримизга нисбаттан ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка, меҳр-оқибатга, файз-у баракага эришамиз. Мўъминнинг омонатдорлиги фақатгина мол олди-берди қилганидагина кўлланиладиган хислат эмас. Балки, бу ҳаётнинг барча қисмиларини қамраб олади. Мисол никоҳ қурганида “никоҳимга қабул қидим” деган калимани айтиши билан, бировнинг қизини бир умрлик жуфт сифатида, уни ҳақларини адо этишлик ила омонатни бўйнига олади. Бу ҳам энг катта омонатлардан бири саналади. Орадан бир оз вақт ўтиб, фарзанд кўрганидан кейин, бу фарзандлари то вояга етганига қадар таълим-тарбиясини гўзал қилишлик ҳам у учун омонат. Ота-она қариганда, кучдан қолиб, беллари букулиб қолганда , улар ҳам фарзанд учун омонат бўлиб, хизматларини астойидил бажариши зарур бўлиб, фарзанд бу хизматни омонат деб қабул қилади. Бу омонатларни ҳис этиб, уларни адо этиш икки дунё саодати ҳисобланади. Аллоҳ таоло:
قال الله تعالي  : فَإِنْ أَمِنَ بَعْضُكُمْ بَعْضًا فَلْيُؤَدِّ الَّذِي اؤْتُمِنَ أَمَانَتَهُ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ...
“...Агар бир-бирингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатни қайтарсин ва Рабби бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин!”, - деб марҳамат этган. (Бақара сураси, 283-оят)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Омонат берган кишига омонатини қайтаринг. Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг”, - деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса:

قال رسول الله صلي الله عليه وسلم : لا ايمان لمن لا أمانة له ولا دين لمن لا عهد له

“Омонатсиз кишининнг иймони йўқ ва аҳдига вафосиз кишининг дини йўқ”, - дедилар. Бу айтган ҳадисларидан, омонат юксак масъулият эканини яна бир бор ҳис этамиз. Ҳадисдан иймон ҳам мўмин кишига берилган омонат эканлиги билинади. Демак, омонат топширилганда уни сақлай олмайдиган киши, ўз иймонини ҳам, сақлай олмайди. Бугун баъзи жиноятлар омонатни сақлай олмаслик туфайли содир бўлаётгани ҳеч бир кишига сир эмас. Одамлар бир бирларидаги ҳак-ҳуқуқларини яхши билмасликлари ёки билсалари ҳам унга риоя қилмасликлари сабаб, уруш жанжаллар ва мушкул муаммолар вужудга келмоқда. Масалан, қарзга пул олиб, фалон муддатга келишиш, келишилган вақтда эса, қарзни бермаслик. Баъзан ўша қарзни тўлашга имкони бўла туриб ҳам беришни ортга суриш каби ҳолатлар, омонатга хиёнатнинг айни ўзи ҳисобланади.
Шунинг учун, ҳар бир инсон масъулиятни чуқур ҳис этиб, турли салбий сифатлардан сақланиб боришга ва зиммасидаги омонатларни ўз вақтида адо этишга жиддий ҳаракат қилиши лозим.

Бухоро шаҳар “Абу Бакр Ассиддиқ” жомеъ масжид
имом - хатиби О.Тўқсанов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:15
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram