Ота-она ҳурмати
07 феврал 2016 й.
895 марта ўқилди.

 Ота-она ҳурмати

 
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг қатор оятларида ота-онани ҳурматлаш борасида кўрсатма берди, эслатди, буюрди. Ота-она ҳақи Аллоҳнинг ҳақига яқин. Уларга итоатни ўзига ибодатдан кейинги ўринга қўйганининг ҳикмати ҳам ана шунда. Аллоҳни ҳурмат қилган ҳар бир банда, албатта ота-онасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоғи ҳам фарз, ҳам қарз. 
Ота-онасини рози қилган одам ўз бурчини адо этибди. Уларни хафа қилганлар эса розилик мақомига эриша олмабди. 
Солим розияллоҳу анҳу оталари Абдуллоҳ ибн Умарга кўп яхшилик қилардилар. Падари бузрукворлари уловга минмоқчи ёки тушмоқчи бўлганларида елкаларини букиб, қиблагоҳларининг муборак оёқларини белларига қўйдирардилар. Ўтиришларидан олдин оёқ кийимларини ечар, турмоқчи бўлсалар, кийдириб қўярдилар. 
Пайғамбар алайҳис саломнинг мактабларида таълим олган саҳобаларнинг фарзандлари шунақа хулқ билан тарбияланишган. Улар таҳсинга лойиқ тарбияни буюк тарбиячидан ўрганишган, Расулуллоҳнинг одоблари ила  безанишган. Улар падари бузрукворлари ҳамда волидаи муҳтарамаларининг қадрларини яхши билишган, уларнинг қўл-оёқларини ювишган, ўпишган. Нурли юзларига термулиб баҳра олишган. Кийимларини кийиш ва ечишда кўмаклашишган. Сочларини ювишган, силашган, тарашган, тўйиб-тўйиб ҳидлашган. Уйга кириб-чиқишда эшикни очиб беришган. Баъзан қўлларидан ушлаб юришган. Уловга кўтариб миндиришган, кўтариб туширишган. Жойларини тўшаб, яна йиғиб қўйишган. Таҳорат қилмоқчи бўлсалар, таҳорат сувларини тайёрлашган. Намоз ўқимоқчи бўлганларида, жойнамозларини қиблага қаратиб ташлаб беришган. Таомдан олдин ва кейин уларнинг қўлларини ювиб, юмшоқ сочиқ билан артиб қўйишган. Ҳадялар улашиб туришган. Шу амаллари билан уларнинг дуоларини олишган. 
Булар арзимас нарсалар эмас. Ота-онага қанча яхшилик қилса зое кетмайди. Улар яхшиликни миннат қилишмаган. Исломий тарбия ўзи шунақа. Соғлом фикрли бола ота-онасини ҳар томонлама улуғлайди, ҳурматларини жойига қўяди, истакларини ўз истагидан устун қўяди. 
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳис салом: “Катта гуноҳлардан бири ота-онасини лаънатлаш”, – дедилар. “Киши қандай қилиб ота-онасини лаънатлаши мумкин?” – деб сўрадик. “Бировнинг отасини сўкса, ўз отасини, бировнинг онасини сўкса, ўз онасини сўккандек бўлади”, – деб жавоб бердилар» (Бухорий ривояти).
Бировнинг ота-онасини сўкса, албатта, у ҳам бунинг ота-онасини сўкади. Шуни билиб туриб сўкиш мумкин эмас. Ҳатто Анъом сурасининг 108-оятида мушрикларнинг санам ва бутларини ҳам сўкмаслик борасида айтиб ўтилган. Негаки улар бундай пайтда Аллоҳни сўкадилар. Аллоҳнинг сўкилишига сабабчи бўлганлар сўккан кишидек гуноҳкордир. Бировларнинг ота-онасини сўкиш ёки лаънатлаш ҳам шунақа. Булар кечирилмас гуноҳ. Ота-онасининг сўкилишига сабабчи бўлганлар албатта гуноҳкорлиги ҳаммага маълум. Одамлар унга жавоб қайтариши аниқку. Бировга чоҳ қазиган шу чоҳга ўзи қулаши шубҳасиз. Бу гуноҳга йўл қўйганлар зудлик билан кеч бўлмасдан тавба қилмоқлари зарур. “Сўнгги пушаймон – ўзингга душман”, бўлиб қолмасидан олдин имкониятни қўлдан бой беришмасин. Фақат тавба ва Яратганнинг розилигини олишгина унга кушойиш беради. 
 
وَوَصَّيْنَا الْإِنسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا وَإِن جَاهَدَاكَ لِتُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ (8) وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَنُدْخِلَنَّهُمْ فِي الصَّالِحِينَ
 
“Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик. агар улар сенинг ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун ҳаракат қилсалар, бас, уларга (бу борада) итоат этма. Қайтишларингиз Менгагинадир. Бас, сизларга қилган нарсаларингиз хабарини берурман. Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларни солиҳлар қаторига қўшурмиз” (Анкабут, 8–9).
Бу оят Саъд ибн Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақларида нозил бўлган. Ўғлининг мусулмон бўлганини эшитган она ўзига очлик эълон қилди. Бу жоҳилият одатларидан бўлган. Исломда бундай иш умуман мумкин эмас. Она ўғли диндан қайтиб яна мушрик бўлмагунча емаслик ва ичмаслик учун Лот ва Уззо номига қасам ичди. Шундай бўлсада ўғил ҳар сонияда илтимос билан онасига ейиш ва ичишни таклиф қилар, уни рози қилишнинг турли йўлларини ахтарарди. Бироқ она бир гапда туриб олганди. Ўғил икки ўт орасида қолди. Бир томонда умр бўйи ғамхўрлик қилиб келган волидаи муҳтарама розилиги бўлса, ккинчи томонда ҳидоят машъали Ислом, уммат раҳнамоси Муҳаммад алайҳис салом. Иймон кучи ғолиблик қилди. Она бир неча кун ўтгач очликдан қийналиб, тамоғи қуриб-қақшаб, қасамини бузди. Фарзанд яхшиликда давом этаверди. Аллоҳ унинг бу ишини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатди. Яхшиликлари эвазига эзгу амаллар ила мукофотлади.
Ўз ота-онасини ҳурматлаган фарзанд бошқаларнинг ота-онасини ҳурматлаши шарт. Бу иймонининг қалбга жойлашганидан далолат. Бунақа болалар соғлом эътиқод ва пок виждон соҳибларидир. Бу амаллари аждодларнинг ҳақиқий вориси эканлигидан далолат. Улар ота-онасига асло қўл кўтаришмаган, айтганларини икки қилишмаган, ҳузурларида овозларин баланд кўтариб гапиришмаган, озор топмасинлар деб оёқ учида юришган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам турли вазиятларни рўкач қилмасдан, сўзларига итоат этишган, астойдил хизматда бўлиб, дуоларини олишган. Шу туфайли дуолари шаксиз қабул бўладиган мақомга етишганлари ҳам талайгина. Гумон йўқки, ота-онага яхшилик қилганнинг дуосини Аллоҳ қабул этади. 
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:28
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram