ОВДА «БАСМАЛА»НИ АЙТИШ
22 май 2020 й.
26 марта ўқилди.


ОВДА «БАСМАЛА»НИ АЙТИШ

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим» лафзи улуғ зикрлардан ҳисобланиб, уни кўп талаффуз қилиш билан мусулмон киши катта ажру мукофотларга эга бўлади. Мазкур лафзни талаффуз қилиш борасида шаръий тавсиялар кўп учрайди. Ҳатто фиқҳ китобларида алоҳида боблар ҳам келтирилган бўлиб, уни айтиш жоиз ёки ножоиз ўринлар, уни зикр қилишнинг вожиб, суннат, мустаҳаб ёки мубоҳ бўлган ҳолатлари алоҳида кўрсатиб берилган.
Мана шундай ҳолатлардан бири бу – овда «Басмала» айтиш масаласидаги ихтилофлардир. Мазкур мақолада ушбу масала тўғрисида тўртта мазҳабнинг хулосаларини келтириб ўтамиз.   
Ҳанафийлар ва моликийлар гўшти ейиладиган жониворни ов қилишда тасмия вожиб дейдилар. Бу ўринда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш кифоя, айнан «Бисмиллаҳ» дейиш шарт эмас. Аммо  «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» дейиш афзал, деган фикрни олға суради. Лекин «Бисмиллаҳ»га «Арроҳманир Роҳим» ёки салавотлар қўшилмаслиги кўрсатилади. «Басмала»ни, агар унитиб қўймаса ва айтишга қодир бўлса, ўқ отиш олдидан ёки овчи ҳайвонни, масалан ит ёки қирғийни қўйиб юбориш пайтида айтиш вожибдир. Лекин, шунга қарамай, тасмияни ожизлик ёки унутиш сабабли тарк қилган бўлса, ов ҳалол бўлаверади, бироқ  қасдан тарк этган бўлса, ҳалол бўлмайди, балки бундай овнинг гўшти ейилмайди. 
Имом Шофеий эса, овда тасмия айтиш суннат эканлигини айтади. У «Бисмиллаҳ» дейиш билан ҳам ёки мукаммал шакли «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм»ни айтиш билан ҳам жоиз ҳисобланади дейди. Ва аввалги икки мазҳабга хилофан уни қасддан тарк қилиш, забиҳада бўлганидек, макруҳ, аммо ов ҳалол бўлаверади, дея таъкидлайди.
Ҳанбалийлар наздида эса, ов ҳалол бўлиши учун овга ўргатилган ҳайвонни қўйиб юбориш вақтида «Бисмиллаҳ» дейиш шарт. Агар «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» деса ҳам, жоиз. Агар тасмияни унутиб ёки қасдан тарк қилса, ов ҳалол бўлмайди. Шу билан бирга, Аҳмад ибн Ҳанбалдан ов ҳам забиҳа каби тасмияни унутиш сабабли ҳаром бўлмайди, деган қавл ривоят қилинган. Бошқа бир ривоятда, ўқ отишда унутса, ҳалол бўлади, ўргатилган ҳайвонни юборишда унутса, ҳалол бўлмайди, дейилган. 
Мазҳаблар ўртасидаги мазкур жузъий ихтилофлар катта қарама-қаршиликни келтириб чиқармайди. Зеро, ҳар тўрттала мазҳабда ҳам «Басмалани» айтиш тавсия қилинади.

Бухоро шаҳар “Халифа Худойдод” жомеъ масжид

имом-хатиби Одилжон Садуллоев 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:17
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram