Поклик – хайр барака омили.
21 апрел 2017 й.
30 марта ўқилди.

 Поклик – хайр барака омили.

 
Асли поклик ила қурилган динимиз ҳар бир мўмин мусулмонни поклик ва озодаликка чақиради. Бу поклик йўлида қилинган ҳар қандай амал юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улуғ савоблар берилади. Қолаверса, ибодатларимизни қабул бўлиши учун бутун танамиз, кийим – бошимиз ва ҳатто ибодат жойимиз пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлишимиз керак. Ана шундагина Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул қилиб, унинг муҳаббатига сазовор бўламиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Унда покланишни яхши кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни яхши кўради”. (Тавба – 108)
Ушбу оятда Аллоҳ таоло покликни ва пок кишиларни мақтамоқда, шу билан бирга Аллоҳ таоло наздида поклик қанчалик эътиборли иш эканини кўрамиз.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Поклик кишини имонга чақиради, имон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир” – дедилар. (Табароний ривояти). Ҳадиси шарифдан имон ва поклик бир бирига чамбарчас боғлиқ эканлиги ва буни самараси жаннат эканлигини билиб оламиз.
Хўш, Аллоҳ таоло буюк каломи бўлмиш Қуръони каримда мақтаган, покликда бутун умматга намуна бўлган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам уни имондан деб таърифлаган поклик қандай поклик? Аввало уни луғавий маъносига қарасак “Поклик” асли араб тилида “таҳорат” маъносидан келиб “тозалик ва озодалик”ни англатади. Кўпчилик ҳам худди шу нарсага амал қилади, яъни таҳорат, ғусл қилишни, бадани ва кийим бошини тоза-озода сақлашликни поклик деб тушунади. Бу айни муқаддас динимиз таълимотларида буюрилган кўрсатмалар ҳисобланади. Аммо фақат буларга амал қилиш билангина чекланиб қолиб, ҳовли-жойимиз, қозон-товоғимиз, кўчамиз, дам олиш жойлари ва иш жойимизнинг тозалигига эътиборсиз бўлсак мукаммал иймонга эриша олмаймиз. 
Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдан Абу Молик Ашгарий (р.а) ривоят қилган ҳадиси шарифда “Поклик иймоннинг ярмидир” – дедилар. (Муслим, Термизий ривояти).
Исломда имоннинг аҳамияти ва унинг қадри қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик имоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам ислом динида озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берилганини билиб оламиз.
Омир ибн Саъддан, у эса отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло хушҳолдир – хушҳолликни яхши кўради, озодадир – озодаликни яхши кўради, сахийдир – сахийликни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Бани Исроилга ўхшаманг” – дедилар.
Барча инсонлар, шу жумладан, мўмин мусулмонлар ҳам доим ўзлари яшаб турган уй, кўча ва шаҳарларини озода ва обод тутиши лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин.   
Шу ўринда ҳозирги даврда тозалигига эътибор қаратишимиз лозим бўлган жойлардан бу эшигимиз олди ва кўчаларимиз. Хонадонлар борки уй атрофи, кўчасини тоза – озода сақлайди, кўчасидан ўтсангиз ёки ҳовлисига кирсангиз баҳри – дилингиз очилади, хайр – баракани кўриб ҳақларига раҳматлар айтиб, дуолар қиласиз. Аслида ҳам шундай қаерда поклик – ҳалоллик, тозалик – озодалик бўлса ўша ерда хайру барака бўлади. Аммо афсуслар бўлсинки оз бўлса ҳам шундай хонадонлар борки, эшик олди ёки кўчасидаги инсонни, ҳам руҳига, ҳам жисмига озор берадиган нопоклик ва озодасизликни кўриб таъбингиз хира, қалбингиз хафа бўлади. Агар назар солсангиз шундай жойлар ва хонадонларда хайру барака ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам динимиз таълимоти кўча ва йўлларимиздаги инсонларга озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашни иймон шўъбаси даражасига кўтарган.
Абу Ҳурайра (р.а) ривоя қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш”. 
(Бухорий, Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Лаънатга сабаб бўладиган икки ишдан сақланинглар дедилар. Шунда саҳобий киромлар сўрадилар: Эй Аллоҳни расули лаънатга сабаб бўладиган у икки иш нима? – дедилар. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам одамлар йўлига ва сояланадиган, дам оладиган жойларда таҳорат синдириш, нажосат қилиш” – дедилар.      (Абу Довуд ва Муслим ривояти)
Аммо одамлар фойдаланадиган бу икки жойга қозои ҳожат қилиш ёки ифлос қиладиган нарсаларни ташлашлик, ўтган – кетган одамларни унга лаънат айтишига сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам бу икки ишни “Икки лаънат келтирувчи” – деб атамоқдалар. 
Азалдан ота – боболаримиз, момоларимиз юқоридаги оят ва ҳадиси шарифларга мувофиқ, поклик ва озодаликка амал қилиб бутун дунё халқларига юксак намуна бўлганлар. Ҳовли – жойлари ва кўчаларини озода сақлаганлар, у ерларга ҳар хил инсонларга зиён етказадиган нопокликларни ташлашни гуноҳ санаб, лаънатга дучор бўлиб қолишдан қўрққанлар. Чунки лаънатга дучор бўлиш, бу Аллоҳни таолони раҳматидан узоқ бўлиш демак.
Аллоҳ таоло ерни яшашимиз учун маскан қилиб берди. Бу масканни обод қилиб, тоза – озода сақлаш бизнинг холиқ Зот олдидаги бандалик бурчимиз ҳамдир.
Пок бўлган ва покликни яхши кўрадиган Зот барчаларимизни, фарзанд зурриётларимизни моддий – маънавий ва жисман пок бўлмоқлигимизни насиб ва осон айласин. 
 
 
 
“Шоҳ – Аҳсавий” жомеъ 
  масжиди имом – хатиби                                         Ҳ.Ширинов
 
 
«орқага