Поклик – иймоннинг ярми
31 май 2019 й.
314 марта ўқилди.


 Поклик – иймоннинг ярми

              Ислом – озодаликка ғоят жиддий эътибор қиладиган, поклик тушунчаси мукаммал ифодасини топган ягона шариат ҳисобланади. Унда жой поклиги, либос поклиги, шахсий гигиена, атроф-муҳит тозалиги, ювинадиган сувларнинг тоҳир-покизага ёки таҳур-покизаловчига ёхуд нажас яъни нопок сувларга ажратилиши, бир кунда беш вақт намоздан олдин юз-қўл, оёқ ва ҳоказоларни таҳорат ниятида ювиш, жунуб бўлганда, албатта, ғусл қилиш, ҳафтада бир марта (жума кунида жунуб бўлмаса ҳам) ғусл қилиб, покланишга чақириши ҳамда турли хушбўйликлардан фойдаланишга тарғиб этиши динимизда покизалик ва орасталикка нисбатан қай даражада буюк эътибор қаратилишини кўрсатади.
        Озодаликка тарғиб қилувчи оят ва ҳадислар ниҳоятда кўп. Шу боисдан покликни динимиз асосларидан бири десак сира муболаға қилмаган бўламиз.
Ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаб қолманглар”, дейилади (Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф мазмунидан Ислом дини шахсий тозалик билан бир қаторда атроф-муҳит тозалигига ҳам аҳамият қаратиши аён бўлади.
Демак, мусулмон киши уст-боши кир ва ғижим ҳолда юрмасдан, покиза ва текис либосларни кийиши, оёқ кийимини покиза тутиши, соч-соқолига аҳамият бериши, парваришлаши, баданини хушбўй қилиб юриши Аллоҳга маҳбуб ишлардан экан. Аллоҳ шундай имконият берган банда маълум маблағ сарфлаш эвазига бўлса ҳам ўзини ораста тутиб юриши Аллоҳга маҳбубдир. Чунки бунда инсон Роббимизнинг неъматини ошкор қилган ва шу тариқа шукрини ўзига хос тарзда изҳор қилган бўлади.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга сўнгги дин рисоласини илк нозил қилаётган даврларда Аллоҳни давомли равишда улуғлашга ва либосни покиза тутишга буюрган: “Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг ва кийимларингизни пок тутинг!”(Муддассир сураси: 3-4-оятлар). Ушбу ояти карималар тафсирида Имом Фахруддин Розий шундай дейди: “Агар ояти каримадаги “кийимлар” ва “поклаш” лафзлари зоҳирига ҳавола қилинадиган бўлса, бундан шуни тушунамизки, Пайғамбаримиз ўз либосларини янада поклашга буюрилган бўладилар”. Ҳа, агар Исломда поклик тушунчаси ғоят муҳим ўрин тутмаганда унга бу қадар юксак аҳамият берилмас ва ояти карималарда тилга олинмас эди.

Бухоро шаҳар “Халифа Худойдод” масжиди
Имом хатиби Одилжон Садуллаев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram