Қабр зиёрати одоблари
13 май 2015 й.
3659 марта ўқилди.

 بسم الله الرحمن الرحيم

Қабр зиёрати одоблари
 
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад шукрлар, мақтовлар бўлсин. Муборак жасадлари қабрда чиримайдиган ва салом берилганда руҳлари ўзларига қайтиб саломимизга алик оладиган суюкли Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин. 
 Юртимиздаги барча мусулмонлар келаётган “Хотира ва қадрлаш” куни муносабати билан ўтганларимизни эслаб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилинади. Динимизда “Қабрни зиёрати одоби” ҳақида ояту ҳадисларда қандай насиҳатлар берилганини айтиб, зиёрат одобини ўрганамиз. Парвардигори олам Ўзининг китоби Қуръони азимуш шаънда марҳамат қилиб айтади:
وَالَّذِينَ جَاؤُوا مِن بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِّلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
“Улардан кейин келганлар:Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат пайдо қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дейдилар . 
Динимиз Ислом дини тирикларни қанчалик даражада эъзозласа, ўтганларни ҳам шунчалик эъзозлайди. Худои таоло юқоридаги оятда бизларга ўтган аждодларимизни эслаб, уларнинг ҳақларига мағфират тилашлигимизни хоҳлаяпти. Хўш, ўтганларнинг ҳақларига мағфират тилашлик қандай бўлади? Биринчи ўринда ҳар доим ота-она ҳаққига хоҳ тирик бўлсинлар, хоҳ вафот этган бўлсалар, хоҳ бирлари ҳаёт бўлсалар ҳам ҳар намозда уларнинг ҳақларига дуо қилишлик, яъни улар учун Аллоҳдан мағфират сўраш, Аллоҳнинг раҳматини тилаш лозим ва лобуддир.  Буюк тарбия кунандамиз Парвардигори олам шуни бизларга ўргатмоқда:
وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا
“Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва “Роббим, улар мени гўдаклигимда меҳрибонлик қилиб тарбия қилганиларидек, уларга раҳм қилгин” 
Буюк Исломий тарбия! Аллоҳ ҳаммамизга мана шундай хулқли фарзандларини насиб қилсин! Фарзандлик бурчимиз ҳар доим уларнинг ҳақларига дуои истиғфор тилашлигимиз. Ҳар вафот этган кунларини эслаб, йилда бир марта дуо қилиш эмас, балки мудом ва бардавом ҳолда бўлиши керак. Чунки улар бизларни тарбиялаганда, эсларига тушганда меҳрибонлик қилмадилар, балки қадрли умрларининг ҳар сониясини бизлар учун сарфладилар. Ҳар бир фарзанд ота-онасини ҳаққига дуо қилишлиги вожибдир. Устозларимиз дейдиларки, ҳар намознинг охирида ташаҳҳуддан кейин, саловотдан кейин дуо қилиш ўрни бор ўша жойда ушбу оятдаги дуони қўшиб ўқишлик мақсадга мувофиқдир, яъни رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا ота-она ҳаққига дуо қилишлик вожиботи шу билан адо бўлган бўлади. Яна оятда дейилади:
رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ
“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин” 
Аллоҳ таоло бизларга ота-онани дуо қилиш билан биргаликда бошқа мўминларни ҳам ҳақларига дуои мағфират сўрашликни ўргатмоқда. Чунки мўминлар: 
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ
“Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар” 
Яъни мўминлар ўзаро ака-укадирлар. Мусулмон ота-онасини дуо қилгандан кейин ака-укасини ҳам эслаб дуо қилиши керак. Ўтганларни ҳаққига мағфират тилашликнинг иккинчи ўрни бу Худога мақбул бўладиган амали хойрларни қилиб, уларнинг савобини ўтганларнинг руҳига бағишлашлик. Энг афзал амал бу Илоҳий сўзларни тиловат қилиб, яъни Қуръони каримни тиловат қилиб савобини ўтганларнинг руҳларига бағишлашлик.
عَنْ مَعْقِلِ بن يَسَارٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"يس" قَلْبُ الْقُرْآنِ، لا يَقْرَؤُهَا رَجُلٌ يُرِيدُ اللَّهَ وَالدَّارَ الآخِرَةَ إِلا غَفَرَ اللَّهُ لَهُ، اقْرَؤُوهَا عَلَى مَوْتَاكُمْ"
“Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Ким “Ёсин”ни қироат қилса, Аллоҳ таолони ва охират кунини умид қилиб, албатта мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар”
عن أنس رضي الله عنه أنه قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ فَقَرَأَ سُورَةَ يس خَفَّفَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَكَانَ لَهُ بِعَدَدِ مَنْ فِيهَا حَسَنَاتٌ "
“Кимики қабристонга бориб, “Ёсин” сурасини тиловат қилса, Аллоҳ таоло ўша пайт қабрдагиларга енгил қилади ва унга ўликлар ададича савоб берилади”
عن علي رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه و سلم قال " مَنْ مَرَّ عَلَى الْمَقَابِرِ وَقَرَأَ { قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ } إِحْدَى عَشْرَةَ مَرَّةً ثُمَّ وَهَبَ أَجْرَهُ لِلْأَمْوَاتِ أُعْطِيَ مِنْ الْأَجْرِ بِعَدَدِ الْأَمْوَاتِ " رواه الدارقطني 
“Ким қабристон олдидан ўтиб, 11 марта “Ихлос” сурасини ўқиса, сўнг унинг савобини қабристондагиларга бағишласа, унга ҳам маййитлар ададича савоб ёзилади”
Яна ўтганларимиз учун савоблар юборишимиз хайру эҳсонлар қилиш билан бўлади.
عَنْ عَائِشَةَ - رضى الله عنها - . أَنَّ رَجُلاً قَالَ لِلنَّبِىِّ - صلى الله عليه وسلم - إِنَّ أُمِّى افْتُلِتَتْ نَفْسُهَا ، وَأَظُنُّهَا لَوْ تَكَلَّمَتْ تَصَدَّقَتْ ، فَهَلْ لَهَا أَجْرٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ عَنْهَا قَالَ « نَعَمْ » .
“Бир киши келиб Расулуллоҳ с.а.в.дан: “Менинг онам тўсатдан вафот этди. Менимча, агар онам васият қилиб билганида эди, садақа беришимни васият қилган бўларди. Энди мен онам номидан садақа берсам, савоби унга етадими?”, деб сўраганида Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа” деб жавоб бердилар”.
 
ЗИЁРАТ ОДОБЛАРИ
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : فَزُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الْمَوْتَ
“Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки у ўлимни (охиратни) эслатади”.
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : أَلاَ فَزُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُزَهِّدُ فِى الدُّنْيَا وَتُذَكِّرُ الآخِرَةَ
“Огоҳ бўлинглар! Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у зиёрат туфайли фоний дунёдан зоҳидроқ ва охиратни эсловчироқ бўласизлар”.
Зиёрат одобини уламоларимиз қуйидагича айтиб ўтишган. “Шарҳу Лубоб”да айтилганки, зиёрат қилиш кунларининг афзали бу жумъа, шанба, душанба ва пайшанбадир. Қабристонга зиёратга борилганда, аввал ўша ердаги масжидга кириб икки ракаат намоз ўқилади ва савоби қабристон аҳлига бағишланади. Сўнгра қабристонга юзланиб салом берилади: 
السَّلامُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ ، وَيَرْحَمُ اللَّهُ الْمُسْتَقْدِمِينَ مِنَّا ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ بِكُمْ لاحِقُونَ
“Салом бўлсин сизларга эй аҳли мўминлар ва мусулмонлар, биздан олдин ўтиб кетганларни Аллоҳ таоло раҳматига олсин ва биз ҳам Худо хоҳласа сизларга етамиз”. 
Кейин қабристон йўлакларидан юриб, қабр бошига боради. Хоҳласа тик туриб, хоҳласа ўтириб тиловат қилиши мумкин. Орқасини қиблага қилиб юзини қабрга туради. Агар ким қиблани билмаса, бизларнинг диёрларимизда қуёш ботадиган томонга орқасини қилсин. Зиёрат қиладиган кишисини тириклигида қандай ҳурмат қилган бўлса, қабрининг олдидан ҳам шундай ҳурмат ила ўтиради.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ الْمَيِّتَ إِذَا وُضِعَ فِى قَبْرِهِ إِنَّهُ لَيَسْمَعُ خَفْقَ نِعَالِهِمْ إِذَا انْصَرَفُوا »
“Албатта маййит, қабрга қўйилгандан кейин қайтаётганларнинг оёғининг товушини эшитади”.
عن عائشة رضى الله تعالى عنها قالت قال رسول الله-صلى الله عليه وسلم-" ما من رجل يزور قبر أخيه ويجلس عنده إلا استأنس به ورد عليه حتى يقوم".
“Бирор киши биродарини зиёрат қилиб ёнида ўтирса, маййит уни танийди ва туришидан олдин саломига жавоб беради”
عَنْ ثَوْبَانَ ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : إِنِّي كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ ، فَزُورُوهَا ، وَاجْعَلُوا زِيَارَتَكمْ لَهَا صَلاةً عَلَيْهِمْ، واسْتِغْفَارًا لَهُمْ
“Илгари мен сизларни қабр зиёратидан қайтаргандим. Энди бўлса зиёрат қилаверинглар ва зиёратларингизда намоз ўқиб, савобини бағишланглар ва улар учун дуои истиғфор айтинглар”
Зиёрат одобларидан зиёрат қилишдан олдин иложи борича таҳоратли бўлиш, шунинг учун аёлларнинг узрли ҳолатларида боришлари мумкин эмас. Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охират ўйламоқ. Хотамул Асом дейдилар: “Бир киши қабристондан ўтса-ю, ўзи учун ўлимни, қабрда ётишни ва охиратни тафаккур қилмаса, ўзига хиёнат қилган бўлади, ўликларга ҳам хиёнат қилган бўлади”. Зиёрат қиладиган зот ҳаёт бўлганида эди, у зотга қанчалик эҳтиром қилса, қабр олдида ҳам шунчалик эҳтиром кўрсатади. Қабр олдига борганда салом беради. Қабр ёнида Қуръон каримдан ўқиб, дуои хайрлар қилади.
ҚАЙТАРИҚЛАР
Қабр зиёратидаги энг хунук ишлар бу – баланд овозда йиғлаш: 
عن أبي هريرة ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « لَعَنَ اللَّهُ زَائِرَاتِ الْقُبُورِ»
“Қабр зиёратида дод-вой солиб йиғлагувчи аёлларни Аллоҳни лаънатлайди”
қабр тошларига ўзини суртиш, қабр ёнида шам, олов ёқиш ва қабристоннинг ҳар ерига латталар боғлаш. 
عَنْ أَنَسٍ قَالَ : نَهَى رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« وَكُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ ثُمَّ بَدَا لِى فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُرِقُّ الْقَلْبِ وَتُدْمِعُ الْعَيْنَ وَتُذَكِّرُ الآخِرَةَ فَزُورُوا وَلاَ تَقُولُوا هُجْرًا ».
“Аввал мен сизларни қабр зиёратидан қайтаргандим. Менга аниқ бўлдики, энди зиёрат қилаверинглар, чунки зиёрат қилганда қалблар юмшайди, кўзлар ёш тўкади ва охиратни эслатади. Шунинг учун зиёрат қилинглар, аммо дод вой солиб, бемаъни сўзларни айтманглар”
Авлиёларнинг қабрининг олдига бориб “Менинг фалонча ҳожатимни раво қилинг” дейилмайди. Бундай ҳолат шариатимиз қайтарган, балки “Аллоҳим бу дўстинг, авлиёинг ҳурматидан ҳожатларимни раво қилгин” дейилади.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ وَكُفُّوا عَنْ مَسَاوِيهِمْ ».
“Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон ишларини айтишдан сақланинглар”
عَنْ عَائِشَة عَنْ رَسُول اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ " لَا تَسُبُّوا الْأَمْوَات , فَإِنَّهُمْ قَدْ أَفْضَوْا إِلَى مَا قَدَّمُوا "
“Ўлганларни сўкманглар, чунки амаллари билан борадиган жойларига бориб бўлдилар”
عَمَّنْ سَمِعَ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ يَقُولُ قَالَ النَّبِىُّ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنَ الأَمْوَاتِ فَإِنْ كَانَ خَيْراً اسْتَبْشَرُوا بِهِ وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لاَ تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا ».
“Албатта, амалларингиз вафот этиб кетган яқин қариндошларингизга ва аждодларингизга қабрларида кўрсатилади. Агар амалларингиз яхши бўлса, улар бундан шодланурлар ва агар ёмон бўлса улар: “Аллоҳим, бизларни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмагунингча ўлдирма”деб дуо қилишади”.
Аллоҳ таолодан барчаларимизни бу дунёда амалларимизни яхши бўлмоғлигини, ўзимизни эса яхшилардан бўлишлигимизни ҳамиша дуо қилиб сўраймиз.
 
 
Маҳмуд Торобий масжиди имом хатиби А. Ашуров  
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram