ҚАЛБНИ ЮМШАТАДИГАН АМАЛ
09 май 2017 й.
389 марта ўқилди.

 ҚАЛБНИ ЮМШАТАДИГАН АМАЛ

Баъзида инсон дунё ташвишлари билан банд бўлиб, охират куни  ташвишларини унутади.  Ваҳоланки, охират диёри абадий, бу ҳаётимиз эса фоний ҳисобланади.  Бу дунё мўъмин учун охиратга озуқа ҳозирлайдиган манзил. Шундай амаллар борки, улар инсонга доимо охиратини эслаб туради.  Инсон бу дунёнинг фоний эканлигидан доимо огоҳ бўлса, яхши амалларни кўпайтиришга,  инсонларга манфаат етказиб яшашга ҳаракат қилади. Чунки айнан шу амалларигини охирати учун манфаатли эканлигини ҳис этади.  
Аллоҳ таолонинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  охиратни эслатиб,  қалбларни юмшатадиган амаллардан бири қабрларни зиёрат қилиш эканлигини билдирганлар. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни, Аллоҳ томонидан буюрилди) . Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади,  кўзни ёшлатади  ва охиратни эслатади”, деганлар.  Ҳаммага маълумки,  қалби юмшоқ инсон муҳтожлар, ночор инсонларга қўлидан келганча яхшилик қилишга уринади. Демак, инсон мана шу сифатга эга бўлиши учун қабрларни зиёрат қилиб туриши керак. 
Қабр зиёратининг ўз одоблари бор.  Биз, динимиз  кўрсатган одоб қоидаларини ўз ўрнига қўйсак, юқорида келтирилган ҳадисга мувофиқ қалб юмшоқлигига эришамиз  ва ажру савобга эга бўламиз.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари,  қабристон аҳлига салом бериш билан бошланган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабристонга кирган киши  қўйидагича салом бериши керак эканлигини ўргатганлар: “Ассалуму алайкум я аҳлид-дияр минал муъминийна вал муслимийна ва ярҳамуллоҳу мустақдимийна, вал-мустаъхирийна ва инна иншааллоҳу бикум лаҳиқун”.
Яъни, “Мўъмин ва мусулмонлардан бўлган бу диёр аҳлига салом бўлсин! Аллоҳ таоло аввал ўтганларни ва  кейинда қолганларни раҳматига олсин! Бизлар ҳам Аллоҳ хоҳласа сизларга келиб қўшилурмиз”.
Салом бериб бўлганидан кейин Қуръони карим оятларидан тиловат қилинади. Қабр аҳлига истиғфор айтиб, уларнинг фақат яхши амаллари эсланади. Зиёратда Қуръони каримдан хоҳлаган сурадан бир оятни тиловат қилса бўлади. Афзали  “Ясин”, “Мулк”, “Такосур”, “Ихлос”, суралари эканлиги  ҳадисларда келган. Баъзилар одам гавжум зиёратгоҳларга келиб, бақириб ҳаммани эътиборини ўзига жалб қилиб узун бир сурани тиловат қилади. Бу билан зиёратга келиб, тезроқ кетишни режалаштирган кишиларни сақлаб туради. Шу билан ўзи зиёрат қилиб турганларга ҳам ҳалақит беради. Бу эса зиёрат одобларига зид ҳисобланади.  Аслида қандай амалларни бажарсакда,  Аллоҳ таоло қалбимизга назар солади. Аллоҳ риёдан ҳоли, фақат Ўзининг розилигини истаб, қилинган амални  ёқтиради. Биз холислик билан энг майда сурани тиловат қилсак ҳам,  улкан ажр олишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллламдан Али розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у зот: “ Кимки қабристондан ўтаётиб, у ерда ихлос сурасини  ўн бир марта ўқиса, унга маййитлар сонича ажр берилади”, дедилар.
Қабристонда юрган киши қабрни босиб олишдан эҳтиёт бўлиши ниҳоятда муҳим. Чунки Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламдан Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда : “Сизлардан бирингиз чўғ устида ўтириб, кийимларига (чўғ) етиб бориб баданига етиб бориши, унинг қабр устига ўтиришидан яхшироқдир”,  деганлар. Бундай жойларда мўъмин мусулмон доимо таваззуъ билан шовқин қилмасдан юриши афзалдир. Шу билан бирга турли хил бидъату хурофотлардан узоқда бўлишнинг аҳамияти катта. Баъзиларнинг зиёратгоҳ ё қабристонларга бориб шам ёқиши, дарахтларга латталар боғлаши, қабрларни ўпиб, уларга таъзим қилиши  шулар жумласига киради.
Улуғ аллома Ҳасан Басрий ҳазратлари: “Зиёратнинг афзали ота –онанинг қабрини зиёрат қилмоқдир. Зиёрат қилмоққа кунларнинг афзали Жумъа кунидир”, деганлар.
  Ислом таълимотлари инсонни тириклигида қандай азиз  бўлса, у вафот этганидан кейин ҳам шундай мукаррам  эканлигини  ўргатади . Парвардигори олам барчамизни доимо тўғри йўлга бошласин.  Ўтганларимизни охиратларини обод этсин. 
                                                                             “Ҳазрати Билол” Жомеъ масжиди 
                                                                                    Имом хатиби Остонов Зоир 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:53
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram