Қариндошларга силаи раҳм қилиш фазилати.
25 май 2016 й.
1740 марта ўқилди.

 Қариндошларга силаи раҳм қилиш фазилати.

       Исломда ота-она билан бўладиган муомала ва алоқа, силаи раҳм аввалги ўринда бўлса ундан кейин иккинчи ўринда қариндошлар билан бўладиган алоқа туради. Ва бу алоқаларни боғлашлик фарзу вожиб бўлиб, уни узишлик ҳаром ҳисобланади. Исломий адабиётда “ Сила” сўзи “ боғлаш”,“ улаш”, деган маънони билдиради. “Раҳм” сўзи эса аёлнинг хомиладорлик вақтидаги бола сақланиб турадиган аъзоси “бачадон”, “қорин” деган маънони билдиради. Силаи раҳм бирикмаси “бачадондошлик алоқасини боғлаш”, “қориндошлик алоқасини боғлаш” деган маънони билдиради. Бизнинг орамизда “қариндошлик алоқасини боғлашлик”, “ бир қориндан туғилганлар” маънолари кенг тарқалган. Силаи раҳм қариндошларга боғланиш, уларга раҳм-шафқат кўрсатиш, яхшилик қилиш, муҳтожларига ёрдам кўрсатиш, ҳолларидан хабардор бўлиб туриш ҳисобланади. 
     Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади:“Бобом:“Ё Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?” - деди. “ Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва улардан кейин келадиган яқинларингга вожиб ҳақ силаи раҳмдир”,- дедилар”.
 
  Демак,  она- отага, опа-сингилга, ака-укага ва улардан кейин келадиган яқинларга силаи раҳм, яхшилик қилиш, ёрдам ва нафақа бериш вожиб амал ҳисобланади.
   Силаи раҳм хусусида инсонлар учга бўлинади.
 
1. Ҳақиқатда силаи раҳм қиладиганлар. ( Бахтлилар. Ҳеч ким ундан хабар олмаса ҳам, келмаса ҳам у ҳаммадан хабар олади, боради.)
 
2. Ҳисоб-китобни жойига қўядиганлар. ( Бахтдан ҳам бадбахтликдан ҳам мосуво бўлганлар. Агар ундан хабар олинса у ҳам хабар олади. Агар биров келмаса у ҳам бормайди. Яъни “Бор товоғим кел товоғим”, “ Сиздан угина, биздан бугина” қабилида амал қиладиганлар).
 
3. Алоқани узадиганлар. ( Бадбахтлар. Улардан биров хабар олса ҳам у бировлардан хабар олмайди. Биров яқинлашишни хоҳласа у узоқлашади).
 
    Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади:“ Бир Аъробий Набий алайҳиссаломнинг йўлларини тўсиб чиқиб:“Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, -деди. “ Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан”, - дедилар”. 
Бу ҳадисда силаи раҳм қилишлик - қариндошлар билан алоқани яхшилаш иймон, намоз ва закот каби Исломнинг асосий рукнлари билан бир даражага қўйилмоқда.
    Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:“ Ким ризқини кенг бўлишини ва орқасидан асари кўп қолишини яхши кўрса, силаи раҳм қилсин”,-дедилар.
 
     Ибни Умардан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ алайҳиссалом:“Ким Роббидан қўрққан бўлса, силаи раҳм қилган бўлса, унинг ажали орқага сурилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради”, - дедилар”.
 
    Демак, силаи раҳм қилишлик билан инсон умри зиёда, моли кўп, ризқи кенг бўлади, ажали орқага сурилади, ўз аҳлини ва қариндошларининг муҳаббатига сазовор қилади.
    Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ алайҳиссалом:“Албатта қариндошлик алоқасини узувчи бор қавмга раҳмат тушмайди”,-дедилар”.
    Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ алайҳиссалом:“Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди”,-дедилар.
 
    Аъмаш, Ҳасан ибн Амр ва Фитрдан ривоят қилинади:“ Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Қилганига яраша қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас. Аммо силаи раҳм қилувчи-қариндошлари алоқани кесганда боғловчи бўлганидир”,- дедилар.
 
     Ҳозирги кунда қариндошлик алоқаларини узулишига сабаблардан бири “У қилса, мен қиламан, у қилмаса мен ҳам қилмайман”, “ У келса мен ҳам бораман, агар келмаса мен ҳам бормайман”, “У айтса мен ҳам айтаман, айтмаса мен ҳам айтмайман”, деган тушунча сабаб бўлмоқда.  Аслида, Расулуллоҳ алайҳиссалом биздан талаб қилган силаи раҳм - биздан узоқлашишни хоҳлаб турган, алоқани узган қариндошимиз билан алоқа қилишлигимиз ва боғланишга ҳаракат қилишлигимиздир. Шундагина юқорида ваъда қилинган жаннат, кенг ризқ, узоқ умр, савоб ва ажрларга эга бўламиз. Акс ҳолда Аллоҳнинг раҳмати бизнинг устимиздан кўтарилади, осмон эшиклари ёпилади, дуоларимиз, қиладиган яхши амалларимиз қабул бўлмайди. Албатта орамизда бундай кимсаларнинг биттасини борлиги ҳам биз учун кўп ва халқимиз, мусулмонлар учун катта мусибат. Шу биргина инсон туфайли  бутун бир миллат кўпгина яхшилик ва хайру-баракотлардан маҳрум бўлади. Шу биргина одам биз бўлмайлик.
 
    Бугунги кунда, баъзида бир қориндан дунёга келган  ака-укалар, опа-сингиллар, ота-она ва фарзандлар, қариндошлар оросида арзимаган мерос, молу-дунё деб, бир қарич ер учун бир-бирлари билан қирпичоқ бўлиятган, судма-суд юриб бир-бирларини айблаятган, турли хил жиноятларга қўрқмасдан қўл ураётган, ёлғон ишлатиб яқин жигарларига бўҳтон қилиятган инсонларни учратамиз. Юқоридаги ҳадислардан ўзимизга хулоса чиқариб, вафотимиздан кейин тобутимизни кўтарадиган, касал бўлсак ҳолимиздан хабар оладиган, бошимизга мусибат тушганда ёрдамга шошиладиган, меҳрибон жигарларимиз билан алоқани узган бўлсак ҳозироқ бориб узр сўраб, боғланиб, силаи раҳмни амалга оширайлик. Ҳаммадан қолган ва қоладиган, ҳеч кимга вафо қилмаган ва қилмайдиган молу-дунёни деб қариндошларимиздан юз ўгирмайлик. Ҳали ҳеч кимни эгаллаган ерига дафн қилишмаган ва тўплаган моли билан кўмишмаган.
 
      Пайғамбаримиз Муҳаммад  алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадилар: “ Мусулмон мусулмон билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмасдир. Улар бир – бири билан йўлиқади. Ва уларнинг яхшиси салом билан бошлагани ”,-дедилар.
 
Қиёмат кунида икки кишига,
Раҳмат нигоҳини ташламас Аллоҳ,
Кимки қариндошдан ўгирса юзни,
Қўшнисини кимки ранжитса ногоҳ.
      
Аллоҳ таоло барчамизни силаи раҳм қилувчилардан қилсин. Қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкам қилсин.
 
 
« Соктари » жомеъ
масжиди имом хатиби
 Жасурбек Латипов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram