Қарзу ҳасана
19 ноябр 2015 й.
1586 марта ўқилди.

 Қарзу ҳасана

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Ҳадид” сурасида шундай марҳамат қилади:
 “Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоби) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор” 
Аллоҳ таоло бу оятда инсон ўзининг охирати учун, муҳтожларга, бева-бечораларга ва Худони йўлида бериладиган ҳар қандай моддий ёрдамни ўзига берилган «яхши қарз», деб таърифлаяпти.
Ҳолбуки, У зот бутун дунёдан беҳожат, барча Унга ҳожатманддир. Ушбу услубнинг ўзида хайру эҳсонга тарғиб мавжуд.
Уламолар Аллоҳ таоло қабул қиладиган яхши қарзнинг шартларини ҳам зикр қилганлар:
 
1. САДАҚА ҚИЛУВЧИНИНГ НИЯТИ СОФ БЎЛСИН
Исломда ҳар бир нарсага ният шарт. Шунинг учун ҳам бир нарсани амалга боғлаб, қасд қилишга ният деб айтилади. Ниятсиз амаллар, ибодатлар эътиборсиз бўлганлиги сабабли ниятни яхшилаш аҳамиятли ишлардан биридир. Ният қилинганидан сўнг амал хоҳ бўлсин, хоҳ бўлмасин, бандаларга савоб ёзилади. Аммо ниятсиз қилинган амалларга савоб йўқдир.
Имом Бухорий келтирган ҳадис: Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу минбардан туриб шундай дедилар: “Мен Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳадисни эшитганман: 
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифни муҳаддислар атрофлича ўрганиб, шундай хулосага келдилар: “Банда фақат ниятига яраша савоб олади”. Ҳар бир амал - у хоҳ сўз билан бўлсин, хоҳ жисмоний бўлсин ҳамда оз-кўплигидан қатъи назар - ниятга қараб бўлишини билдиради. Агар ният бузуқ бўлса, амали ҳам бузуқ, агар ният яхши бўлса, амали ҳам яхши бўлади.
 
2. САДАҚА ЧИН КЎНГИЛДАН, РИЁСИЗ, АЛЛОҲНИНГ РОЗИЛИГИ УЧУН БЕРИЛСИН
Худони йўлида хайру эҳсон қилиш ибодат саналади. Ибодат эса луғатда "чин кўнгилдан бўйин эгиш" маъносини англатади. Демак, ҳар бир амал чин кўнгилдан бажарилмас экан у ибодат саналмайди.
Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган ҳадисда: Жундаб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
 “Ким эшиттирса, Аллоҳ уни эшиттиради, ким кўрсатса, Аллоҳ уни кўрсатади”
Ким қилаётган амалини одамлар эшитисин, билсин деб қилса ва қалбида унинг шов шувидан мақталишни хоҳласа, Аллоҳ таоло қиёматда у бандани ўша қилган амали холис қилмаганлиги, кишилар эшитиб билишликлари учун қилганлигини маълум қилиб, ҳаммага эшиттиради-да ва у банда шарманда бўлади. Ёки қилган ишни одамлар кўрсин деб қилса, уни ҳам холис қилмагани учун Аллоҳ таоло у бандани барча халойиққа кўрсатиб, шарманда қилади.
Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:
“Кимики ҳалол касб қилиб, бир дона хурмочалик садақа қилса, Аллоҳ таоло уни албатта қабул қилади. Сўнгра сизлар тойчоқни қандай боқиб улғайтирсангиз, Аллоҳ таоло ҳам берган садақангизни тоғ баробаринда қилиб, ўзингизга қайтаради”
Абдуллоҳ ибн Муборак: "Шубҳали бир дирҳамни тарк қилишим менга юз минг, юз мингларни садақа қилишимдан афзалдир, деганлар. Олти юз мингача санаб борганлар".
 
3. ҲАЛОЛ МОЛДАН БЎЛСИН
Имом Аҳмад келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:
 “Ҳаромдан пул топган банда хайру эҳсон қилса, садақа қилса ва ундан барака истаса у фақат дўзахда ўзини даражасини зиёда қилади холос. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳни гуноҳ билан кетказмайди, балки гуноҳни хайрли амал билан кетказади. Албатта ёмонлик ёмонликни кетказолмайди”
Чунки Аллоҳ таоло Қуръон каримда ҳам:
 “Албатта, яхши амаллар ёмонлик – гуноҳларни кетказур”, деб марҳамат қилади. 
 
4. СИФАТСИЗ БЎЛМАСИН
Аллоҳ таоло дейди:  “Яхши кўрган нарсаларингиздан хайру эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз” 
Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган ҳадисда: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Талҳа Мадинада ансорийларнинг энг моли кўпи эди. Унинг молларининг энг маҳбуби «Байруҳо» боғи эди. У масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кирар ва ундаги яхши сувдан ичар эдилар. «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганида Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Аллоҳ таоло Ўз китобида: «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» демоқда, менинг учун молларимнинг энг маҳбуби «Байруҳо»дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин! Аллоҳнинг ҳузурида унинг яхшилигини ва (савоб) захирасини умид қилурман. Эй Аллоҳнинг Расули, уни нимага хоҳласангиз шунга қилинг!» деди.
«Жуда яхши. Бу фойда келтирувчи молдир! Бу фойда келтирувчи молдир! Унинг ҳақида айтган нарсангни эшитдим. Менга қолса, уни қардошларингга қил», дедилар у зот. Абу Талҳа уни қариндошлари ва амакиваччаларига тақсим қилди».
 
5. ЭНГ ЗАРУР ЖОЙГА САРФЛАСИН
Ато ибн Абу Робаҳдан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайранинг Байтни тавоф қилиб юриб, «Фақат аҳли аёлдан ортганини садақа қилиш бор» деб нидо қилаётганини кўрдим».
 
6. САДАҚАНИ ЯШИРИН ҲОЛДА ҚИЛСИН
Аллоҳ таоло дейди:  “Ва агар махфий қилиб фақир-камбағалларга берсангиз, бу ўзингиз учун янада яхшироқдир” 
Садақа ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши нарса. Уни очиқ берилса ҳам яхши. Бу ҳолни кўрган бошқа кишилар ҳам ўрнак олиб, садақа қилишларига сабаб бўлади. Лекин садақани махфий қилган ундан ҳам яхши. Чунки бу ҳолда риёкорликдан сақланади. Холис Аллоҳнинг йўлида қилинаётганига исбот бўлади. Яширинча хайру эҳсон қилишнинг фойдаси риёдан, инсонларнинг кўзидан ва сумъадан, яъни кишилар эшитишидан халос бўлишдир.
Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Аллоҳ етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ кунда соясига олур: «... Садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам».
 
7. МИННАТ ҚИЛМАСИН
Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат ва озор билан ботил қилманг» , деган.
Бундан садақа қилган киши берган садақаси орқасидан миннат қилса, садақа олувчига озор берса, қилган садақаси ботил бўлиб, худди садақа қилмагандек бўлиб қолиши маълум бўлади. 
Шунинг учун мўмин-мусулмон одам қилган садақасини ҳеч қачон миннат қилмаслиги ҳамда ўзидан садақа олган одамга озор бермаслиги керак. Ана шундагина садақадан кўзланган мақсадга эришади. Бу ерда садақа олувчи кишининг обрўси, кўнгли синмаслиги, хижолат бўлмаслиги кўзланган. Ночор инсон ночорлиги учун бировдан садақа олишга мажбур бўлади. Ич-ичидан эзилиб, хижолат бўлиб садақа олади. Бунинг устига садақа берувчи берган садақасини миннат қилса, садақа бериш баҳонаси билан унга озор берса, ўзи хижолат бўлиб турган одамнинг иззат-нафси, инсонийлик қадр-қиймати оёқости қилинган бўлади. Шунинг учун ҳам миннат ва озор бериш каби номаъқулчиликни қилган одамнинг берган садақаси ҳам ботил бўлади.
 
8. КЎП БЎЛСА ҲАМ, ОЗ САНАСИН
Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:  “Сизлардан қайси бирингиз меросхўрингиз молини ўзингизнинг молингингиздан кўра яхшироқ кўрасиз? Яъни бировнинг бойлигидан кўра ўзини бойлигини яхши кўради”, деб сўраганларида, саҳобаи киромлар: “Ё Расулаллоҳ, орамизда ўз бойлигидан кўра бошқаларнинг бойлигини яхши кўрадиган кимса йўқ” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Киши бойлигининг қанчасини инфоқ қилган бўлса, ўзиникидир. Нафақа қилмай йиғиб қўйгани эса, меросхўриникидир”, дедилар.
 
9. ЎЗИНИНГ ЯХШИ КЎРГАН МОЛИДАН БЕРСИН
Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган ҳадисда: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўлолмайди”.
Яъни киши комил мўмин бўлиши учун ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўриши лозим. Мўмин киши ўзи учун ёмон кўрган нарсаларни бошқа мўминларга ҳам раво кўрмаслиги унинг комил мусулмон эканлини аломатидир.
 
10. ЎЗИНИ БОЙ САНАБ, ОЛУВЧИНИ КАМБАҒАЛ САНАМАСИН
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким садақа қилса, албатта, тиланчининг қўлига тушишдан олдин Роббул оламийннинг қўлига тушади. Ҳолбуки, у тиланчининг қўлига солган эди», деди ва: «Билмайдиларми, албатта, Аллоҳ ўз бандаларидан тавбани қабул қилади ва садақани олади» ни тиловат қилди».
Мўмин-мусулмон банда садақа қилса, садақа қилинаётган нарсани бир муҳтожга, мискинга узатаяпман, деб ўйламаслиги керак. Унинг берган садақаси тиланчининг ёки муҳтожнинг қўлига тушмай туриб, Аллоҳнинг қўлига тушади. Бу жуда улуғ мартабадир. Оятдан далил ҳам турибди, ҳадислар, саҳобаларнинг сўзлари турибди, демак садақа биз ўйлагандек оддий нарса эмас экан. 
Садақа жуда эътиборли нарса, унинг катта-кичиги бўлмайди. Зотан, садақа сўзи «сидқ», «содиқ» сўзларидан олинган бўлиб, банданинг иймон борлигини тасдиқловчи амал деган маънони билдиради. Кишининг иймони, Аллоҳга ишончи бўлса, қалбида қилаётган хайр-эҳсонининг савобидан умидворлик туйғуси бўлса, берган садақаси ана шу туйғуларнинг чин эканлигини тасдиқлайди.
Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бойлик сўровдим бердилар. Яна сўровдим бердилар. Сўнгра яна сўровдим, яна бердилар ва: «Эй Ҳаким, албатта, бу молу дунё яхшидир, шириндир. Ким уни саҳоватли нафс-ла олса, унга баракали бўлур. Ким уни қизғанчилик нафси-ла олса, унга баракали бўлмас. Худди еб тўймайдиган кишига ўхшайди. Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир», дедилар».  
Пайғамбар алайҳиссалом “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир” деганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби бой саҳобалар ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаймиз деб у зотга сўз беришган. Сўраш деганда фақат мол-дунё, моддий маблағни тушунмаслигимиз керак. Саҳобалар отда ёки туяда кетишаётганда қўлларидан қамчилари тушиб кетса, ерда турган одамга “Шуни узатиб юборинг” дейишмаган. Чунки, улар хатто ўша қамчини бировга айтиб олдиришни ўзлари учун хорлик деб билишган. Шунинг учун ҳам қамчиларини ўзлари отдан тушиб олишган.
 
Мир Араб садрасаси мударриси
Ж. Мавлонов
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram