ҚАЙНОНА-КЕЛИН МУНОСАБАТЛАРИ
08 март 2017 й.
2055 марта ўқилди.

 ҚАЙНОНА-КЕЛИН МУНОСАБАТЛАРИ
 
Азизлар маълумингизким, давлатимиз томонидан томонидан оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Радио, телевидения ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали бу борада турли туман кўрсатув, эшиттириш, мақола ва ҳоказоларни эълон қилиш орқали маънавий ишлар олиб борилмоқда.
 
Эътиборингизни яна бир нарсага қаратмоқни лозим кўрдик. У ҳам бўлса, баъзи оилалардаги келишмовчиликнинг тилни тиймаслик оқибатида келиб чиқаётганидир. Маълумки, пароканда бўлаётган оилаларимизда содир бўлаётган жанжал-тўполонларнинг аксарияти қайнона-келин можароларидан келиб чиқмоқда.
 
Оиланинг мустаҳкамлиги жамият учун муҳим саналади,  чунки айнан мана шу оилада жамият аъзоси сифатида фарзанд тарбия топади.
 
Икки ёшнинг бирга умр йўлларини боғлаши бу оиланинг асоси ҳисобланади. Уларнинг бир-бирларини тушуниб, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши, келажак ворисларини дунёга келтириб, жамиятга, инсонларга нафи тегадиган шахс  қилиб тарбия қилишлари оилада соғлом муҳитнинг юзага келишига, ҳамда бахтиёрлик тушунчасига омил бўлади.
 
Оиланинг мустаҳкам бўлиши нафақат эр ва хотинга, балки қайнона ва қайноталарга ҳам боғлиқ томонлари бор. Қайнона-келин муаммоси хақида жуда кўп эшитгансиз, ҳатто улар сабаб оилаларнинг бузилишига ҳам гувоҳ бўлгандирсиз.
 
Қайнона ва келинларимиз бирбирларига нисбатан бағрикенг, сабрли бўлсалар айни муддао бўларди.
 
Айрим қайноналар келинларига зулм қилишлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Баъзи ўзига ҳаддан зиёда бино қўйган қайноналар ўзларини бамисоли бир қироличадек, келинларини эса чўридек ҳисоб қиладилар. Арзимас сабаблар билан келинларини турткилайверадилар. Келин сал ухлаб қолса, ёки қайнонанинг оёқ кийимини тўғрилаб қўймаган бўлса, ёки ҳадеганда бўйида бўлавермаса, бошидан тегирмон тоши юргизадилар. Баъзи қайноналар, келиннинг уйидан вақти-вақти билан сара-сара нарсалар келиб турмаса, сарпо ва мебеллари яхши бўлмаса келинига кун бермайди. Ҳаммага келинини ёмонлаб юради, қуда-ндаларини назари “паст” эканидан нолийди. Келинига қўпол муомала қилади. Дилини оғритади. Бу ҳам тил офатларига киради. 
 
Оилаларнинг бузилишига, ёки қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашишига кўпинча арзимаган “деди-деди” гаплар ҳам сабаб бўлади. Ҳеч қайси келин янги уйига келганда, уларга нисбатдан ғараз ниятлар олиб келмаса керак ёки уларни беҳурмат қилишни ўйламаса керак. Улар гўёки ёш ниҳолга ўхшайди, уни  эгри ўзишига йўл қўймай, меҳр билан суғориб, кўп йиллик тажрибага эга аёл сифатида муаллимлик қилса, тушунмовчиликлар юзага келмасмиди. Баъзан бу дунёнинг ҳеч нарсага арзимайдиган моддий бойликларидан кўра ёнимиздаги яқинларимизни асрашни ўрганишимиз керак. Ҳамма инсон ҳам ҳато қилади, кечира олиш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Меҳр эса ҳар қандай муаммоларнинг оддий ечими ҳисобланади.
 
 Қайноналик ҳам маъсулият, ўзга бир оила муҳитида тарбия топган қизни ўз қизидек қабул қилиш, унга ғамхўрлик кўрсатиш ҳам катта фидоийлик талаб қилади. Қайнона юрагининг бир парчасини ўзга хонадондан келган бир қизга тортиқ қилади. Келин ҳам кимнингдир кўз қорачиғидай, асраб, авайлаб катта қилган дилбанди ҳисобланад. У шу хонадон давомчилари бўлган  ворисларни дунёга келтиради… Атрофимизда  қайнона-келинларнинг яхшиси ҳам  ёмони ҳам бор буни инкор қилиш қийин. Қайнона-келин муаммоси ҳақида гап кетганда айбни бир кишидан излаш нотўғри, албатта. Аммо кимнингдир яхши муносабатини суъистемол қилиб ёмонга айланишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг оилаларимизга тинчлик-хотиржамлик ва бахту саодатни насиб этсин. 
 
Аллоҳ таоло барчаларимизни тил офатларидан паноҳида асрасин, фақат Ўзининг зикри ва фойдали сўзлар билан машғул бўлишимизни насиб айласин ва шу тариқа икки дунё саодатига эришишда Ўзи мададкор бўлсин!
 
Одилхон қори Юнусхон ўғли
 
Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби
 
 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram