Қурбонлик ибодати
31 август 2017 й.
1106 марта ўқилди.

 

Қурбон байрами

بسم الله الرحمن الرحيم

Қурбон ҳайити хонадонларимизга хурсандчилик киритиши билан бирга баракотлар олиб кирсин. Қалбларимиздаги эзгу ниятларга етказсин. Аллоҳ мусулмонларни азиз қилсин. Худои таборак ва таоло юртимизни тинч, осуда ва осмонини мусаффо айласин, Ватанимиз мустақиллигини барқарор айлаб, ушбу икки ҳайитни халқимиз мусулмонлари кўнгилдадек байрам қилишлари учун дам олиш куни деб эълон қилган муҳтарам Юртбошимизни Аллоҳ Ўз паноҳида асрасин! Мана шундай ҳайитларни чандон кўриб байрам қилишликка Парвардигор барчамизга муяссар айласин!

Ҳайит кунларида қилинган барча хайрли амалларимиз, қолган ойларда қилинган хайрли амаллардан кўра ажру савоби кўпроқ бўлади. Бу фурсатларни ғанимат билиб, қўлимиздан келадиган савобли ишларни қилиб қолайлик.

Худои таоло бойлик билан сийлаб қўйган барча  мусулмонлар бугун, эрта ва индин кунлари, уч кун, кўнгилларида тугуб юрган, чиройли қилиб парвариш қилиб юрган қурбонликларини Худо йўлига сўйиб, атрофларидаги қавму қариндошларига, қўни қўшниларига тарқатиб, Парвардигорнинг олдидаги қарзларини адо қиладилар.

Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:

Имом Доруқутний келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« مَا أُنْفَقَتِ الْوَرِقُ فِى شَىْءٍ أَفْضَلَ مِنْ نَحِيرَةٍ فِى يَوْمِ عِيدٍ ».

Кумуш тангаларни бировга садақа қилиш, ўша ҳайит куни битта қурбонлик қилишнинг фазилатига тенг бўлолмайди”.

Демак, бу ҳайит кунларда қилинадиган энг афзал амал у ҳам бўлса Аллоҳ таоло йўлига жонлиқ сўйиб қурбонлик қилиш экан.

ҚУРБОНЛИК ФАЗИЛАТИ

Азизлар, қурбонлик сўзи арабча “қурб” сўзидан олинган бўлиб, ўзбекчада “яқин бўлиш” маъносини англатади. Яъни бизлар Аллоҳ таоло йўлига жонлиқ сўйиб, ўзимизни итоатли банда эканлигимизни Аллоҳ таолога кўрсатамиз ва бу қилган хайрли амалимиз билан Парвардигорга яқинлашамиз. Чунки бу ҳам бир ибодатдир.

Имом Табароний келтирган ҳадисда: Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بن حَسَنِ بن حَسَنٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، عَنْ جَدِّهِ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ ضَحَّى طَيِّبَةً بِهَا نَفْسُهُ ، مُحْتَسِبًا لأُضْحِيَّتِهِ ، كَانَتْ لَهُ حِجَابًا مِنَ النَّارِ ".

Кимики чин кўнгилдан, ихлос билан қурбонлик қилса, у қурбонлиги у учун дўзахдан парда бўлади”.

Аллоҳ таоло инсонларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюради. Дарҳақиқат, ибодат Унга қурбат ҳосил қилишга ва Унинг розилигини топишга бир воситадир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи молиявий ибодатлардан бири қурбонликдир. Қурбонлик учун сўйилган ҳайвонлар орқали мўмин киши Аллоҳ таолонинг амри билан ўз молидан воз кеча олиши имтиҳон қилинади.

Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-фуқаролар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Ояти карима шунга далолат қилади:

لَن يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِن يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ

“Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун-уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!”[1] 

Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банданинг Аллоҳ таолони улуғлаши учун бир фурсатдир.

ХЎЖАКЎРСИН - РИЁ

Биз бозорданми ёки чўпондан олиб келган чиройли қўчқор бўлсин, каттакон қорамол бўлсин, унинг гўшти ҳам, қони ҳам ҳеч нарсаси Худога керакмас, балки бизни тақвомиз кўради. Тақводан мурод, бизнинг ихлосимиз. Сўяётган жонлиқимиз ҳалол пулдан бўлишлиги, қурбонлигимиз биров кўрсин, биров билсин учун эмас, холис Ўзи учун бўлиши керак.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Риё бу – одамлар кўришлари ва соҳибини мақташлари учун тоатни ошкор қилмоқдир”

Ашраф Али Тоҳанавий роҳматуллоҳи алайҳ риёни қуйидагича таърифлайдилар: “Риё яхшиликни бошқалар кўрсин учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди”

Муҳтарам жамоат, қиладиган савобли ишларимиз, адо этадиган ибодатлариларимиз ва қолган барча хайрли амалларимизни ажри мукофотидан айирадиган, савобу баракотини йўққа чиқарадиган нарса бу одамлар кўрсин, қўшниларим билсин, ўртоқларим эшитсин, қариндошларим мақтасин қабилида иш тутиб риё қилишдир.

Имом Аҳмад келтирган ҳадисда: Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

عَنْ مَحْمُودِ بْنِ لَبِيدٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِنَّ أَخْوَفَ مَا أَخَافُ عَلَيْكُمُ الشِّرْكُ الأَصْغَرُ ». قَالُوا وَمَا الشِّرْكُ الأَصْغَرُ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ « الرِّيَاءُ يَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ لَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِذَا جُزِىَ النَّاسُ بِأَعْمَالِهِمْ اذْهَبُوا إِلَى الَّذِينَ كُنْتُمْ تُرَاءُونَ فِى الدُّنْيَا فَانْظُرُوا هَلْ تَجِدُونَ عِنْدَهُمْ جَزَاءً ».

Сизлардан қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичикна ширк”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, кичик ширк қанақа бўлади?” деб сўрашди. “Кичикина ширк бу риёдир”, деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва яна: “Инсонлар амалларига яраша жазо-мукофот олган вақтида Аллоҳ таоло риёкорларга: “Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансизлар?!” дейди”, деб сўларини давом эттирдилар.

Худои таборак ва таоло Ўзи бизни огоҳлантириб дейди:

فَمَن كَانَ يَرْجُو لِقَاء رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلاً صَالِحاً وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَداً

«Ким Роббисига рўбарў бўлишни умид этса, солиҳ амал қилсин ва Роббиси ибодатига ҳеч бировни шерик қилмасин»[2]

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий роҳматуллоҳи алайҳ дейдилар: “Ҳақиқий ихлосли банда гуноҳларини қандай яширса, савобли ишларини ҳам шундай беркитадиган кишидир.

Қурбонлик қилдикми қанақа қўчқор сўйганмизни гапириб юрмайлик, бировга эҳсон қилдикми бировга билдирмайлик, одамлардан мақтовни кутмайлик ана шундагина ихлосимиз зиёда бўлади. Чунки бу солиҳ амалларни фақат Аллоҳ учун қиляпмиз, Унинг Ўзи кўрсин ва билсин, Унинг Ўзи бизни мақтасин. Аллоҳ мақтовининг олдида кимни мақтови тенглаша олади.

Ал-Харавий: "Ихлос бу амалларни хар кандай ташки аралашмалардан халос килишдир",- деб таъриф берганлар. Арашламадан мурод одамларнинг мақтови, миннатдорчилигини кутиш ёки ўша қилинган яхшилик билан уларни қарздор қилиб қўйиш.

Айрим олимлар эса: "Ихлос бу амалларни одамларнинг назаридан олиб кочишдир",- деб айтишган.

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ КИМЛАРГА ВОЖИБ

Худои таборак ва таоло қурбонлик қилиш нафақат уммати Муҳаммадга балкибиздан олдинги пайғамбарларнинг умматларига ҳам амр этилган:

وَلِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنسَكًا لِيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَى مَا رَزَقَهُم مِّن بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ

Биз (ўтган) барча умматга қурбонлик қилишни буюрганмиз Аллоҳ таоло берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз[3].

Аллоҳ таоло ҳамма умматларга қурбонлик қилишни жорий этган. Қурбонлик ҳам катта ибодатлардан саналади. Ҳамма ибодат Аллоҳ учун бўлганидек, қурбонлик ибодати ҳам Аллоҳ учундир. Одамларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб бергани учун улар шукр қилиб, улуғлаб, Аллоҳнинг номини зикр қилсинлар, деб қурбонлик жорий этилган. Шу боис Аллоҳдан бошқанинг номи айтилиб сўйилган ҳайвон гўшти ҳаром бўлади.

Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим бўлган, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга бўлган ҳар бир мўмин­-мусулмон эркагу аёлга вожиб ҳисобланади.

Демак, қурбонлик қилиши шарт бўлган киши бу закот бера оладиган, яъни энг камида 15.725.000 (Ўн беш миллион етти юз йигирма беш минг) сўми бўлган одам, бой ҳисобланиб, шу кунларда қурбонлик қилиши шарт. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, учинчи ҳайит куни қуёш ботишидан олдин тугайди. 1.09.2017 –2.09.2017 –3.09.2017 қуёш ботгунча. Бугун жума, эрта шанба ва индин кун якшанба қуёш ботгунча сўйиш мумкин.

Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир. Садақаи фитр ҳур, мусулмон ва ўсмаса ҳам закот нисобига молик бўлган одамга вожиб бўлади. Бир кишининг нисобга етган моли бўлиб, у ўсадиган бўлса закот берар эди. Аммо садақаи фитрда молнинг ўсиши шарт эмас. Нисобга етса бўлди. Ўсмаса ҳам садақаи фитр бериши вожиб бўлаверади. Чунки садақаи фитрни бериш имкони борга вожиб қилинган.

Имом Аҳмад келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ وَجَدَ سَعَةً لأَنْ يُضَحِّىَ فَلَمْ يُضَحِّ فَلاَ يَحْضُرْ مُصَلاَّنَا".

Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин

Бу ҳадисдан қанчалар норозилик аломати зоҳир бўляпти. Бу норозилик, зиммасига қурбонлик вожиб бўла туриб, қурбонлик қилмаган кишилар учундир. Қурбонлик қилмайдиган кишидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалик нафратланганликлари маълум бўлди. Бундай шахсга мусулмонлар ийдгоҳининг яқинига ҳам йўламаслик ҳукми берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заррача ҳам муҳаббати бўлган киши учун бу гап жуда қаттиқ гап!

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:57
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram