ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК!
27 август 2017 й.
1042 марта ўқилди.

ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК!

Ҳар бир мўмин- мусулмон эркак ва аёл учун энг қадрли кун бу икки ҳайит, яъни Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ҳисобланади.  Ҳайит кунлари шодиёнаси   сабабли, мусулмонлар Роббиларига ибодатларни адо этиш орқали янада яқинроқ бўладилар.  

 Байрам инсон хурсандчилигини намоён этадиган , мўминни Аллоҳга қурбат ҳосил қилишига ҳам сабаб бўладиган кун ҳисобланади. Қурбон ҳайитининг ҳам ўзгача баракоти ва файзи бор.  Чунки, унда энг аввал Қурбон ҳайити намозини мусулмонлар жамоат  бўлиб, адо этишади.  Бир- бирлари билан дийдорлашади. Барча мусулмонлар суннатга мувофиқ мисвоқ ишлатиб,  барча аъзоларини поклаб   ғусл қилишади. Энг пок ёки   янги кийимлар кийиб,    кўпчилик  ичида бошқаларга азият етказмаслик учун ўзларидан ёмон ҳидларни кеткизиб, хушбўй нарсаларни суртиб, Аллоҳ наздида энг суюкли  маскан- масжид сари равона бўладилар. Мўмин намозгоҳ сари қадам қўяр экан, оҳиста ва виқор билан юриб, тилида Аллоҳни улуғлаб ёд этиш мақсадида масжидга борганча такбир(Аллоҳу Акбар) айтади. Қалблар бу такбирлардан роҳатланади. Мўмин банда, тили ва қалбида Яратувчининг ёди ила қадам ташлашар экан, кўзини мусулмонга хос бўлмаган нарсаларга қарашдан ва бошқа азолари билан бировга азият етказишдан ўзини сақлайди.

  Жума намозидаги  шариат талаб қилган шартлар,  Ҳайит намозини ҳам вожиб қилади . Яъни, муқим, соғлом, кўзи кўрадиган, оёғи юрадиган кишиларга Ҳайит намозини адо этиш вожиб саналади. Намоз ўқиладиган масжид шаҳар ё шаҳар атрофида ёки мусулмонлар идораси томонидан ижозат берилган жомеъ масжид бўлиши, имом ва имомдан ташқари камида учта эркак бўлиши  шарт қилинган.  Ҳайит намози қуёш кўтарилиб, нафл намоз ўқиш жоиз бўлган вақтда бошланади.  

Қурбон ҳайит намози Зулҳижжа ойининг 10-кунида адо этилади. Зулҳижжа ойи динимизда фазилатли ойлардан бири ҳисобланади. Бу ойнинг аввалги ўн кунлигида қилинадиган ибодатлар Аллоҳнинг наздида суюкли саналади. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ наздида бу ўн кунликда  қилинадиган амаллардан кўра, суюклироқ кун йўқдир”(Бухорий ривояти), деганлар. Бу муборак кунларнинг фазилатларидан яна бири, мўмин-мусулмонлар  исломнинг бешинчи аркони бўлган  Ҳаж ибодатларини  айнан  шу даҳада адо этадилар. Дунёнинг барча нуқталаридан келган мусулмонлар мубрак хонаи Каъбани тавоф қиладилар. Ҳажнинг аввалги амаллари  шу ойнинг 8-кунидан бошланади. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжанинг 9 чи кунида , яъни  Арафа куни  рўза тутишнинг ажри икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлишини билдириб: “Ким Арафа кунида рўза тутса, унинг келаси ва ўтган йилги гуноҳлари кечирилади” (Ибн Можа ривояти ), деганлар.  Бу ўн кунликда кўпроқ такбир(Аллоҳу акбар),  тасбиҳ (субҳаналлоҳ), таҳмид(Алҳамдулиллаҳ ) дейишлик ҳам пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам буюрган суннатлардан саналади.

Қурбон ҳайити ўқилганидан кейин ҳар бир жонлик сўйишга қодир бўлган мусулмон қурбонлик қилади. Қурбонликни сўйиш  Ҳайит намозидан кейин бошланиб, учинчи кунининг аср вақтигача давом этади. Шу аснода улгурмаганлар қурбонлигини қилиб олиши мумкин. Лекин афзал вақти намоздан кейин.  Жонлиқ учун сарфланган пул ҳалол йўл билан топилган бўлиши, қурбонлик қилишдан асосий мақсади Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва  сўйишликнинг барча одобларига амал қилиб, сўйилиши шарт.    Қурбонлик қилувчи сўйган жонлиғнинг гўштидан, яқинларига,  қўни-қўшниларга , фақир, мискинларга улашиб эҳсон қилади.   Бунинг   ҳикмати, муборак байрам туфайли бойнинг ҳам,  фақирнинг ҳам уйида қозон қайнаши, хурсандчилик кунини барча баробар ҳис этишидир.

Мўмин киши ҳайитда имкон қадар яқинларига хурсандчилик улашишга уриниши керак. Буни яқинларига совға улашиш, ёшлари улуғ қарияларнинг ҳолидан хабар олиш, кам таъминланганларнинг бирор зарурий эҳтиёжини қондириш, биродарларига ширин сўзлар айтиб кўнглини кўтариш каби гўзал феъллар билан амалга ошириш мумкин.

 Имкониятдан фойдаланиб, юртимизнинг барча мусулмонларини Қурбон ҳайити байрами билан чин қалбдан табриклаймиз. Юртимизнинг ҳеч бир хонадонидан, ҳеч қачон   файз-барака, хурсандчиликлар   аримасин. Раҳмоннинг ер юзидаги бир-бирига меҳр-муҳаббатли бандалари бўлиб юришни Ўзи бардавом айласин. Обод ва тинч юртимизнинг  равнақига кўз тегмасин!

                                          Бухоро шаҳар “Абу Бакр Сиддиқ” жомеъ масжиди      имом хатиби Тўқсанов Орифжон

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:20
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram