ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ МУБОРАК!
27 август 2017 й.
859 марта ўқилди.

ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ МУБОРАК! 

"Чаҳор Бакр" жомеъ масжиди

имом-хатиби Азизхўжа Иноятов

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!  

Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинки, она Ватанимиз мустақиллиги биз учун аввало ўзлигимизни англаш, инсоний қадримизни, урф-одат ва қадриятларимизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимиз, азиз авлиё ва алломаларимизнинг табаррук номлари ва меросини, ғурур ва ифтихоримизни тиклаш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби беқиёс имкониятларни очиб берди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Шарҳ” сурасида шундай дейди: “Бас, албатта ҳар бир оғирлик машаққат билан бирга бир енгиллик хам бордир”. Ояти каримага мувофиқ, Ватанимиз бошига неча йиллар қийинчиликлар тушганда ҳам халқимиз бу мушкилотларга сабр, чидам ва матонатлар қилди. Натижада Аллоҳнинг инояти билан марҳум Биринчи Президентимизнинг саъй ҳаракатлари ва ташаббуслари ила 1991 йил 31 август куни мустақиллик эълон қилинди.

    Истиқлол шарофати билан ислом дини равнақи учун янги имкониятлар очилди. Республикамизнинг Асосий Қонуни – Бош қомусимизда виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ жамиятимизда даҳрийлик тарғиботи барҳам топди. Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасаларнинг бинолари, осори атиқалар, тарихий манбалар мусулмонларга қайтариб берилди.  Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинким, диёримизнинг истиқлолга эришуви ва жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишларга сабаб бўлди. Юртдошларимиз эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.  Халқимиз қалбида ислом динига меҳр-муҳаббат янада ортди. Алҳамдулиллоҳ, ҳар йили юртдошларимиздан минглаб кишилар муборак ҳаж ва умра зиёратини адо этиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Истиқлолдан олдин бу фақат орзу бўлар эди, холос. 
Мустақиллик шарофати ила диёримиздан етишиб чиққан уламоларимизнинг ҳаётлари билан яқиндан танишиш, улар қолдирган бебаҳо илмий меросларини ўрганиш имкониятига эга бўлдик.

Нур устига аъло нур деганларидай, ҳадемай қўшалоқ байрам – республикамиз Мустқиллигининг йигирма олти йиллиги  ҳамда муборак Қурбон ҳайити байрамларини нишонлаймиз.

Юртимиз мусулмонлари бу шодиёналарни файзли, шукуҳли кун сифатида кенг нишонлайдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлик ахлоқига хос бўлган мусулмонлар билан саломлашиш, дийдорлашиш, бир-бирларини қутлаш, меҳр-оқибат ва саховат кўрсатиш каби фазилатлар ёрқинроқ намоён бўлади.

 Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамларидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш мусулмонга ярашиқли ва мақталган амаллардандир. Ҳайит хурсандчилик кунидир. Ҳайит намозидан сўнг ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб қалбларига сурур бағишлаш динимиз тарғиб қилган амаллардандир. Ҳайит байрамдир. У куни динимизда мубоҳ саналган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни қилиш билан қалбга ором бериш керак.   

Тинч ва фаровон юртга байрамлар ярашади, деганларидай, халқимиз бундай улкан натижаларни, салмоғи ва аҳамияти ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган ютуқларни ҳар жиҳатдан пухта ўйланган, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси деб билади ва юксак қадрлайди.

Дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни кўриб, кузатиб шуни тўлиқ ишонч билан айтамизки, биз учун, мўмин-мусулмонлар учун тинчлик ва омонлик энг олий неъмат, мусаффо динимиз тарғиб қилган улуғ қадриятдир. Ўзбек халқининг бизга тинчлик керак, омонлик керак, деган мана шу мухтасар даъвати бугун миллати ва эътиқодидан қатъий назар фаровонликка интилган бутун дунё аҳлининг хоҳиш-истагини ўзида яққол ифодалайди. Илоҳим юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, элимиз фаровон бўлсин.

Қўшалоқ байрам муборак, азиз ватандошлар!

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:20
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram