Ражаб ойининг фазилати
28 март 2017 й.
1383 марта ўқилди.

 Ражаб ойининг фазилати

Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро “Ражаб” сўзи ҳам луғатда “улуғлаш”, “ҳурматини бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари хоссатан мазкур ойни улуғлаганлари ва ҳурматлаганлари учун ҳам бу ой “ражаб” деб аталган.
 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг” (Моида сураси, 2-оят).
 
Уламолар ушбу оятдаги “ҳаром ой”дан Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойлари ирода қилинган, деганлар.  
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни охирги ҳажлари – “Ҳажжатул вадо”да ўқиб, мусулмонларга бу муҳтарам ойларнинг ҳурмати тўғрисида кўплаб маълумот берганлар.
 
Ражаб ойи кирганда қандай дуо қилиш ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидаги саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона”, (Аллоҳим! Ражаб ва Шаъбон ойларида бизга барака бергин ва бизни Рамазон ойига етказгин), дер эдилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган.
 
Демак, Ражаб ойи кирганда ушбу дуони қилиш суннат ҳисобланади.
 
Ражаб ойида муҳим тарихий воқеалар юз берган. Жумладан:
 
–  Нуҳ алайҳиссалом тўфон ҳодисаси йилида Ражаб ойининг биринчи кунида кемага минганлар;
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий Ражаб ойида нозил қилинган;
Исро ва Меърож воқеаси ҳам машҳур қавлга кўра Ражаб ойида бўлган.
Ражаб ойи динимизда улуғланган ойлардан бўлгани учун унда кўпроқ нафл рўза тутишга ҳаракат қилинади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саид ибн Жубайрдан Ражаб ойида бу ойнинг рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
эътибор берадиган бўлсак, Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўралган ушбу саволга  пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ойдаги рўзалари қандай бўлганини хабар бериш билан жавоб берилган. Ҳа, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойида гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, мунтазам оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди.
 
Мужийба Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: “Унинг (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?”, дебди. “Сени нима ўзгартирди, олдин чиройли кўринишда эдинг?”, дебдилар. “Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим”, дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун ўзингни азобга солдинг?”, дебдилар-да, сўнгра: “Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут”, дебдилар. “Бир оз қўшинг, менинг етарли қувватим бор”, дебди. У зот: “Икки кундан рўза тут”, дебдилар. “Бир оз зиёда қилинг”, дебди. У зот: “Уч кундан рўза тут”, дебдилар. “Бир оз зиёда қилинг”, дебди. У зот: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил”, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатибдилар”. Абу Довуд, Аҳмад ва Насаийлар ривоят қилишган.
 
Ҳадис китобларида келтирилган баъзи ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.
 
 Саҳиҳ ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърожга чиққан кунлари аниқ айтилмаган, бу борада турли ривоятлар мавжуд. Шунга кўра Ражаб ойининг 27-куни тутиладиган рўзанинг фазилати ҳам бошқа кунларда тутиладиган нафл рўзанинг фазилати билан бир хил, деган эътиқод билан нафл рўза тутиш мумкин. Аммо ушбу кунни хослаб рўза тутиш бидъат ҳисобланади. Бу ҳақида уламолар: “Кимки Ражаб ойининг 27-кечасини алоҳида эътибор билан нишонласа, бидъат ишга қўл урган бўлади”, деганлар.
 
Юртимизнинг баъзи минтақаларида вафот этган яқинларининг руҳларини хотирлаб Ражаб ойида жонлиқ сўйиб эҳсон қилишга, ҳеч бўлмаганда кичикроқ дастурхон тузаб “ис” чиқаришга ҳаракат қиладилар. Бу ишга худди динимизда адо этиш буюрилган муҳим амалдек алоҳида эътибор қаратадилар. Ваҳоланки, бу каби маросимларнинг ўтказилиши ҳеч қандай диний асосга эга эмас. Зеро, ўтганларни ёд этиб уларнинг руҳларини шод этиш маъносида эҳсон қилиш бирор бир ойга хослаб қўйилган амал эмасдир.
 
 
 
                                                                                                                                                                                                                                                                                                 А.Дўсматов,
                                                                                                           Таълим ва кадрлар тайёрлаш
                                                                                                                        бўлими мудири в.б.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram