Рамазон ҳайити муборак бўлсин
05 июл 2016 й.
1348 марта ўқилди.

 Рамазон ҳайити муборак бўлсин

Мана бу йилги рамазон рўзаси ҳам охирлаб қолди. Аллоҳ рамазон ойидаги барча ибодатларимизни ҳусни қабул айлаб савобларини кўпайтириб берсин. Рамазон ойи охирлаб борар экан халқимиз орасида ҳайит кунини қачон бўлишини сўрайдиганлар ёки бошқа юртлар билан олдин ёки орқалигини солиштириб нега ундай, нега бундай деб қизиқадиганлар кўпайиб қолади. 
 Яхшиси келинг, барчамиз бир ҳақиқатга эътиборимизни қаратайлик. 
Шариат масалалари борасида масъул бўлмаган, шу билан бирга илмсиз бўлган кишилар бундай ишга аралашишлари ёки ўзларидан келиб чиқиб бўлсин ёки бошқа мамлакатларга қараб бўлсин турли хил фикрларни билдиришлари, устига-устак инсонлар орасида шак-шубҳаларни пайдо қилишлари беҳудага вақтни сарфлаш ҳамда ўринсиз чираниш ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: “Киши ўзига муҳим бўлмаган (беҳуда) нарсаларни тарк қилиши исломининг гўзаллигидандир”, дея марҳамат қилганлар. (Абу Ҳурайра ривояти) 
 Аллоҳ таоло бандаларига вожиб қилган нарсалар икки қисмдир.  
1. Ҳар бир шахс бевосита ўзи бажарадиган буйруқлари. Бу қисмда ҳар бир киши ўзига буюрилган вожибларни адо қилиши хусусида масъул бўлади.
2. Ҳар бир шахс билвосита бажарадиган буйруқлар. Бу қисмда ҳар бир киши мусулмонларнинг ишбошилари яъни, муфтийлар, имомлар томонидан буюриладиган вожиб амалларни адо этиш хусусида масъул бўладилар. Ушбу қисмдаги масъулиятни ана шу ишбоши – раҳбар ўз зиммасига олади. Чиқарган фатвоси тўғри бўлиши ҳам мумкин, хато бўлиши ҳам мумкин. Тўғри бўлса, нур устига аъло нур бўлади. Мабодо чиқарилган фатво Яратганнинг наздида хато саналса, унинг гуноҳи барчани қамраб олмайди, балки фатво чиқарганнинг ўзига тегишли бўлади, холос. Лекин мусулмонлар мазкур икки ҳолатда яъни, тўғри топиши ёки хато қилиб қўйиши мумкин бўлган ҳолатда ҳам муфтийлари чиқарган фатвога, имомлари етказган хабарларга эргашишлари, улар йўллаган йўлдан юришлари ва албатта, кўнгиллари хотиржам бўлиши лозим бўлади. Зеро, шундай йўл тутиш Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат этиш демакдир.
Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”. (Нисо сураси: 59-оят)
Демак, бир юртнинг диний раҳбари рамазон ойининг бошланишида“Эртага рўза тутамиз, ИншаАллоҳ”, деб айтса ёки Рамазон ойи якунланишида: “Бу кеча рамозоннинг сўнги куни, эртага ҳайит байрамини нишонлаймиз, ИншаАллоҳ” деб эълон қилса, шу юртнинг барча мусулмонларига буйруққа амал қилиши лозим бўлади.
Ана энди бирор бир мусумон шахс мазкур фатвонинг зиддига амал қилиши ёки маҳалла-куйда ёки қавму қариндошлари олдида фитна ўчоғини ёқиб фалон-фалон мамлакатларни бир-бирига қиёслаши мутлақо тўғри эмас. Шунингдек, юқорида таъкидлаганимиздек Рамазон ойи кириб келишида: “Фалон-фалон давлатда бугун рўза тутибдилар, биз нима қиламиз ёки биз рўза тутиб қўйибмиз-ку, бошқа давлатдагилар ҳали тутмаган эмишлар, энди нима бўлади?” ёки Рамазон ойи якунида:“Фалон мамлакатда бугун ҳайит экан, биз эса ҳали рўзадормиз ёки бугун бизда ҳайит, ваҳоланки фалон давлат аҳолиси рўзаларини очмабдилар”, дея мусулмонларнинг қалбларида ўзларининг диний раҳбарларига нисбатан ёмон кўриш, нафратланиш ҳис-туйғусини уйғотадиган турли хил фитна гапларни тарқатиши гуноҳ саналади. Чунки, бу нарсалар фақат ва фақат мусулмонлар орасида парокандаликни олиб келади. Бу ишни тутиш шайтон очган эшик ҳисобланади. Бу эшикнинг ортида фақат тарқоқлик, ўзаро ихтилофликлардан бошқа нарса яширинган эмас. Аллоҳ таоло ушбу эшикдан киришга биз мусулмонларни буюрмаган, қолаверса, диний раҳбарлар зиммасидаги ишлар ҳақида бош қотириш масъулиятини зиммамизга юкламаган. Қолаверса, бундай ишлар билан машғул бўлиш инсоннинг вақтини, умрини беҳудага совурадиган ишдан бошқа нарса эмас.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ижтимоий ишларни Аллоҳ таоло ёлғиз шахслар, фуқороларга боғлаб қўймаган. Балки, бундай ишларни мусулмонлар раҳбарларига топширган. Тўғри, гоҳида ишбоши ҳам хато қилиши мумкин. Лекин уларнинг йўл қўйган хатолари ҳақида қиёматда бизлар сўралмаймиз. Балки бизлар Қуръони каримдаги ояти карималар ҳамда ҳадиси шарифларда келган буйруғ-у ўгитларга амал тариқасида раҳбарларимиз фатволарига эргашмоғимиз лозимдир. 
Азизлар! Мабодо эртанги кунда юқорида айтганимиздек, бирор кишиларни ўзаро йиғилишиб олиб, шу каби фитналарни тарқатаётганини кўриб қолсак ёки эшитиб қолсак, дарҳол бу очилган эшикни ёпиб қўймоғимиз, айтаётган сўзлари-ю, қилаётган ишлари бекордан-бекорга вақтларини зойеъ қилиш, беҳудага ўзларини машаққатга солиш эканини уқтиришимиз, бу ишнинг фитна эканлиги ва оқибати ёмон ҳолат билан якунланишини айтиб, мусулмонларнинг якдиллиги, бирлигини сақлаб қолишимиз барчамизнинг бурчимиздир. Унинг ўрнига зиммамиздаги мажбуриятлар билан машғул бўлиб, авваламбор, ўзимизга қолаверса, яқинларимизга фойдаси етадиган ишларни қилмоғимиз ҳамда эртанги кун - қиёмат куни масъул бўладиган амалларни ўз вақтида адо этишимиз ва камчиликларимизни ўнглашимиз зарур.
Қуйида юртбошимизнинг Рамазон ҳайитини тантанали ўтказиш ҳақидаги қарори келтирилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 
Муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларни қарор топтиришдаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, миллий-диний анъаналаримизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги 1992 йил 27 мартдаги ПФ-368-сон Фармонига мувофиқ: 
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 6 июль чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини эътиборга олиб, 2016 йил 6 июль дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин. 
2. Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Рамазон ҳайитини жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтказиш учун тегишли тадбирларни амалга оширсин. 
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов 
Тошкент шаҳри, 2016 йил 1 июль
 
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram