Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор
05 январ 2016 й.
1549 марта ўқилди.

 Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор

Аллоҳ таоло бу покиза шариат, соф ислом таълимотини инсониятга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали етказди. Ҳар бир инсон бу таълимотни ўрганмоқчи, меҳр-оқибат ва тинчлик дини бўлган исломга амал қилмоқчи бўлса авваламбор бу динни етказган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ибрат ва намуна олишлиги лозим бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг  каломида Ҳабибига шундай марҳамат қилади: “Сиз улкан хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси 4-оят). 
 
У шундай хулқ эдики, Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо онамиз “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай эди?” деб сўраганларга, “Хулқлари Қуръон эди” – дея жавоб берган эдилар. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қилган ҳар бир ишлари, айтган ҳар бир сўзлари ва хулқлари Ўзлари тиловат қилаётган Қуръон оятлари ва инсонларга етказаётган ваъз-насиҳатларга мос эди.
 
   Ул зот билан  бир марта суҳбатлашган одам “Бу дунёда Расулуллоҳ ҳаммадан кўра мени кўпроқ яхши кўрсалар керак”-деб ўйлар эди. Ҳатто, Пайғамбар бўлишларидан аввал  Қурайш қабиласи орасида “Ал-Амин” ( ишончли, омонатдор) деб эъзозланган эдилар.
  
    Инглиз руҳонийси Жон Давенпорт “Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида ҳаёти Муҳаммад пайғамбар(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тарихидек энг кўп ва  барча нуқталаригача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқ ” деган фикрни айтган.
Инсониятга, мусулмонларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўладиган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканликларини Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Батаҳқиқ сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор” деб, марҳамат қилган. (Аҳзоб,21)
 
        Ғарбликларнинг пайғамбаримизга берган тарифлари юқоридаги келтирган оятимизни қувватлайди. Буюк  олмон  шоири Волфганг Гёте  бундай деб ёзган:  "Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари  тўплаган  жами  салтанату  бойлик,  қасрлару  саройлар  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан... Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди".

Сизга етказайин уммат саломи,

Одобингиз бўлди Ҳақнинг каломи,

Муҳаббатга тўлдириб еру-осмонни,

Ғойибона севдик Расулуллоҳни!

Табассумингиздан таралар зиё,

Уммат изингизни қилар тўтиё,

Севамиз десак бўлмагай риё,

Ғойибона севдик Расулуллоҳни!

 

« Соктари » жомеъ 
масжиди имом хатиби: 
Жасурбек Латипов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:24
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram