САБРСИЗЛИК МУСИБАТИ
19 декабр 2014 й.
1554 марта ўқилди.

 САБРСИЗЛИК МУСИБАТИ

             Умримизнинг  ҳар лаҳзаси синов, яхши кунларда шукр қилиб, мусибат етганида сабр этиб, иншааллоҳ, икки дунё саодатига мушарраф бўламиз. Аллоҳ омонатга берган ушбу умр нимага инъом этилганини билмаслик, қадрига етмаслик катта жаҳолат. Оқибатда айрим кишилар жудаям мудҳиш жиноятга қўл уради.
Ўзим биладиган бир оилада таъзия бўлиб қолди. Ёшгина келинчак... Албатта ўлим ҳақ, у қачон келишини ҳеч қайсимиз билмаймиз. Ноқулай бўлса-да, марҳума бирон-бир фалокатга йўлиқибдими, деб суриштирдим. Ўз жонига қасд қилганини ачиниш билан айтишди.
            Шунда унинг ота-онаси, мактаб даври хаёлимдан ўтди. У бадавлатгина оилада катта бўлган, эрка ўсган эди. Талтайтириб юборилганидан талаб қилган нарсаси дарров олиб бериларди. Келин бўлиб тушган хонадонида доим ҳам орзу-ҳаваслари амалга ошавермаганидан аразлаб, ота уйига кетиб қолгани, оиласида нотинчликлар бўлгани эсимда. Ўшанда қўлимиздан келганча насиҳатлар қилганмиз. Аммо сабоқ чиқариб олмаган экан. Эрига, уни олиб берасан-буни қиласан, деб озор беришлар давом этаверибди. Эри аҳволни тушунтирган, инсофга чақирган. У эса "менинг айтганим бўлмайдими?" деб охири заҳар ичибди...
Жонига қасд қилиш оғир жиноят. Аллоҳ наздида гуноҳи кабира. Икки дунё азобини ўзига сотиб олади.
           Расулуллоҳ  алайҳиссалом башорат берадилар: "Ким тоғдан ўзини ташлаб жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Ким заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб жаҳаннам оловида ўзини заҳарлайди. Ким ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирни тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради". (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
          Бу ҳадисдан бир лаҳза шайтоннинг қутқусига алданиш билан одам абадулабад ўзини даҳшатли азобга гирифтор этиши кўриняпти. Ўзининг гулдай умри завол бўлади, ҳам яқинлари қалбида тузалмас жароҳат қолдиради. Бунинг устига, эл ўртасида ҳар хил гап-сўз, маломатлар... Булар ҳаммаси Аллоҳни танимаслик, ҳаётнинг оғир-енгилини сабрсизлик, бир сўз билан айтганда, бебаҳо умрини масъулиятини ҳис қилмаслик мусибатидир. Аллоҳнинг ўзи асрасин. Ҳолбуки, сабр қилинса, ақл билан иш юритилса, ҳар қандай муаммонинг ҳам ечими топилиши мумкин. Мусибат ва қийинчиликка сабр қилган  киши яхши кунларига ҳам етади.  Зеро, Аллоҳ сабр қилганларни яхши кўради. Сабр қилганлар билан бирга бўлади.
          Кунлардан бир куни масжидимизга бир опа йиғлаб келди. Унинг ароқхўр эри кунора ичиб келиб тўпалон кўтарар, хотини ва болаларини аёвсиз калтаклар экан. Опа жонимдан тўйиб кетдим, нима қилишимни билмайман, маслаҳат беринглар, деди умид билан.
Мен унга  имкон қадар динимиз кўрсатмаларини тушунтирдим, улкан гуноҳдан-жонига қасд қилишдан узоқ бўлишини илтимос қилдим. Оилавий ҳаётда сабр, матонат, бардош тиладим. Буларнинг ажр-савоби борлигини, намозни тўкис адо этгач, ҳар сафар Аллоҳдан эрига ҳидоят сўрашини тайинладим.
        Очиғи, ўшандан кейин ҳам бу муслима аёлнинг бошидан анча савдолар ўтди. Чамаси икки йиллар яна ароқхўр эрининг зулмига матонат билан чидади, бир сафар ҳатто маст бўлиб келган эр намоз ўқиб ўтирган хотинининг ҳолида ғазабланиб, унга пичоқ билан ташланибди ва қўлини жароҳатлабди. Шунда ҳам сабр қилган. Оиласи, болаларини ташлаб кетмаган. 
Ниҳоят, синовлар чиройли натижа берди ва дуолари Аллоҳга етди. Яқинда эри инсофга келиб, ҳатто намоз ўқий бошлабди.
- Ичишни бутунлай ташладим, тавба қилдим, ибодатларни кам-кўстсиз адо этмоқчиман,- деди у.
Илоҳим шундай бўлсин.
      Ҳа, азиз биродарлар Аллоҳ йўлида матонат билан яшаш, унинг синовларига сабр қилиш бошқаларга ҳам ибрат, намуна бўлар экан. Шунинг учун ҳам ҳали оқу қоранинг фарқига бормай, опа йўлида қийналиб юрганларга Ҳақнинг амрини, ҳаёт талабларини вақтида тушунтириб борайлик. Илоҳим, ана шу биродарлик ҳаққини адо этиш туйғуси қалбимизни ҳеч қачон тарк қилмасин.
 
М.Нуруллаев
УМИ  Бухоро  вилояти  вакили  
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram