Сабр-қаноат – буюк фазилат
25 декабр 2015 й.
1798 марта ўқилди.

 Сабр-қаноат – буюк  фазилат

Халқ донолигининг ёрқин тимсоли бўлган халқ мақолларида инсоннинг улуғ даражаларга етказувчи сабр-қаноатнинг фазилатлари баён қилинган. “Сабр қилсанг ғўрадан ҳалво битар, бесабрлар ўз оёғидан йитар”, “Сабрсизга ош ҳам тош”, “Бир аччиқнинг чучуги бор”, “Сабрнинг таги олтин” каби фалсафий пурмаьно халқ мақолларида сабр-қаноатнинг одамларга манфаати ўз ифодасини топган. Бу мақоллар асрлар қанотида авлоддан-авлодга, оғиздан оғизга ўтиб сайқал топиб, бизнинг давримизгача етиб келган ва инсоний буюк фазилат сифатида қадрланиб келинади. Уларда халқимизнинг маьнавий дунё қараши, ҳаётий тажрибаси ўз ифодасини топган. Фалсафий маьнони ўзида мужассамлаштирган ушбу мақолаларнинг асл негизини Қурьон таьлимоти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан олинган ҳикматлар, панду насиҳатлар ташкил этади.
 
 Аллоҳ таоло Қурoьни Каримнинг жуда кўп жойларида одамларни сабр қаноатли бўлишга чақиради. Сабр-қаноат шарофатидан одам юксак даражаларни қўлга киритиши, кўплаб неьматлар, хайрли ишлар, яхшиликларга сазовор бўлиши таькидланади.  Жумладан, Бақара сурасида Аллоҳ буюради: “Сизларни бир оз хафалик, очлик билан, молу жон ва мевалалар (ҳосилини) камайтириш йўли билан синагаймиз” (Шундай ҳолларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (Эй, Муҳаммад). Уларга мусибат етганда: “Албатта биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта биз унинг сари қайтувчиларданмиз” дейдилар. “Айнан ўшаларга парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар ҳидоят топгувчилардир” (155-157-оятлар).
 
Оятлар мазмунидан маьлум бўляптики, Аллоҳнинг мағфирати, раҳмати, ҳидоятига банда сабр орқали мушарраф бўлар экан. Сабрли бандаларига Аллоҳ мана шундай улуғ неьматларини тайёрлаб қўйган. Шу сабабдан Аллоҳ ўзининг яхши кўрган бандаларини мол мулкини камайтириш, хафачилик, очлик, мусибатлар билан синайди. Мана шу синовлардан ўтганларга Аллоҳ ўзи ваьда қилган улуғ неьматларни насиб этади. Ҳаттоки Пайғамбарларни ҳам Аллоҳ турли йўллар билан сабр-бардошларини синаганлиги маьлум. Айтайлик, Юсуф алайҳиссаломни Зулайҳонинг макр-ҳийлалари орқали, Аюб алайҳиссаломнинг сабр тоқатини азоббахш касаллик билан синади. Иброҳим алайҳиссаломни Намруд ўтга ташлади. Юнус алайҳиссалом наҳанг ичида бир неча кун қолиб кетдилар ва ҳоказо. Пайғамбаримиз “Сабр иймоннинг ярмидир” деб айтганлар. Сабрли одам барча ҳолатларда ҳам Аллоҳнинг амрини бажаришда давом этади. Шариат буюрган диний вазифаларни орқага сурмай амалга оширади. Аллоҳнинг фарз амалларини мукаммал тарзда адо этади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига тўлиқ амал қилади. У бу фазилати билан ўз иймонини мустаҳкамлаб, Аллоҳ наздидаги энг севимли бандага айланади. Сабр-қаноат этган зотларни Аллоҳ Қурьони Каримда ваьда берганидек, ажр-савоблар билан мукофотлайди. “Сиз бирон ҳолатга тушиб қолганингизда, дучор бўлган нарсангизга сабр қилсангиз, бу, менинг наздимда, сизнинг ҳар бирингиз, сизнинг ҳаммангизнинг амалларингиздан севимлироқдир” – деган ҳадисда ҳам сабр тоқатнинг севимли амал эканлигини пайғамбаримиз уқтирдилар.
Аллоҳ Довуд алайҳиссаломга шундай ваҳий юборади: “Менинг ахлоқим билан ахлоқлан. Менинг ахлоқим жумласидан бири шуки, қайтариб айтаман, мен, шак-шубҳасиз сабрлиман”. Бундан маьлум бўладики сабр – бу Аллоҳнинг сифатларидан бири экан. Бу сифати билан одам Аллоҳга яқинлашади. Дарҳақиқат, Аллоҳ сабрли. Биз бандалар эса у берган неьматларга билиб-билмай ношукурлик қиламиз. Берган ризқига қаноат қилмай нафснинг қулига айланамиз. Орзу ҳаваслар гирдобида қолиб марифатуллоҳдан узоқлашиб, натижада яратиқларнинг энг гўзали, энг шарафлиси бўлган инсон фарзанди тўғри таьлим-тарбия ва марифатуллоҳдан маҳрум бўлиб, энг тубан ва зарарли мавжудотга айланади. Шунда ҳам Аллоҳ сабр қилади, ўзи ризқ беради, шоядки ҳидоятга эргашса… Қурьон ва Ҳадис таьлимотидан руҳланиб кўплаб мумтоз шоирларимиз сабр-қаноатнинг фазилатини ўз асарларида мадҳ этганлар. Шайх Саьдийнинг “Гулистон” асарларида шундай ҳикоят келтирилади: “Мен ҳеч маҳал давр жабр-жафоси-ю фалакнинг кажрафторлигидан шикоят қилмаган эдим, ўшанда оёқ яланг қолган эдим ва ковуш сотиб олишга қодир эмасдим. Қаттиқ ўксиниб, Кўфа шаҳридаги жомеь масжидига кирганимда оёқсиз бир одамга кўзим тушди. Шунда шукр қилиб ковушсизлигимга сабр қилдим”. Шайх Саьдийнинг ушбу ҳикоятларида ҳам Аллоҳнинг неьматларига ношукурлик қилмай сабр қилишнинг фазилати уқтирилмоқда. Бу ҳикоят мустақиллик берган улкан имкониятлар – тинч фаровон ҳаётга ношукурлик қилиб сабр этмасдан турли юртларда сарсон саргардон юрганлар учун бир сабоқдир. Тўғри, ҳаётда доимо ҳамма нарса тўкис бўлмаслиги мумкин. Бу ҳам Аллоҳнинг бир синовидир. Бунга сабр этмоқ керак. Саьдий айтганлари каби ковуш йиртиқ бўлса ҳам, Аллоҳга шукурки оёғимиз бутун. Аллоҳ хохласа янги ковуш топилади. Лекин оёқсиз қолишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин. Румий айтганларидек:
 
Сабру бардош эрса сарбонинг сенинг,
Аршу курсига етар жонинг сенинг.
 
Яратганнинг  “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргамдир”, деган ваьдаси Ж. Румийнинг ушбу мисраларида жо бўлган. Зеро, сабр-бардошли одамнинг жони Аллоҳ ҳузурида - Аршу курсига кўтарилади ва унинг жойи жаннатда бўлади. Хулоса ўрнида айтадаган бўлсак, сабр-қаноат инсонни комилликка бошлайдиган, ўз нонини ҳалол меҳнат орқасидан топадиган, эзгу ишлари билан эл-юртга наф етказадиган, тириклик мазмунини теран англаб, нафақат бугунги ҳаёт лаззатлари, балки охират ҳақида унинг обод бўлиши ҳақида ўйлаб яшайдиган одамларга хос фазилатдир. Сабр-қаноат одамни нафс қайғусига тушишдан, ҳаётини ўткинчи   ҳою-ҳавасига, ҳузр-ҳаловатига берилиб, енгил-елпи умр кечиришидан, эл-юрт олдидаги бурчига бефарқ бўлиб яшашдан асрайди. Сабр-тоқатга одатланган инсон таьмагирлик, порахўрлик, ношукрлик ботқоғидан Раббоний камолот уфқига кўтарилади. Чунки, сабр-қаноатли бўлиш Ҳақ таборак ва таолонинг сифатларидан биридир. Бу сифатларни одам тоқати етганича ҳосил қилишга интилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан зийнатлашининг айнан ўзи, инсон камолотининг энг чўққиси саналади.
 
 
Мир-Араб мадрасаси мударриси:
Акрамов Мақсуд
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 06:58
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram