САБРНИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ИСТИЛОҲИЙ МАЪНОСИ
25 март 2017 й.
1454 марта ўқилди.

САБРНИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ИСТИЛОҲИЙ МАЪНОСИ
Сабр луғатда «қамамоқ, ман қилмоқ, тўсмоқ» маъноларини англатади. «Мен сабрлиман» дегани «Мен ўз нафсимни қамаб қўйганман, мен нафсимни тўсиб қўйганман» маъноларини билдиради. Наф¬симни тоатлар билан қамаб қўйганман, яъни ибодатларни доим бажариб бораман, дегани. Нафсимни маъсиятлардан тўсиб қўйганман, яъни маъсият эшик¬ларини ёпиб қўйганман, демакдир. Бу сўзлар сизга ёқяптими?! Унда сиз сабрнинг маъносини тушунибсиз. «Аллоҳим, нафсимни ... нарсалардан тўсиб қўй!» «Аллоҳим, нафсимни ... маъсиятлардан қайтаришда менга кўмак бер». Шу сўзларни 90 марта такрорланг. Чунки сабр Қуръонда 90 та ўринда зикр қилинган. Бошқа ҳеч қайси хулқ бунчалик такроланмаган. Аллоҳ сабрни тўғрисўзлик ва омонатдорликдан ҳам кўп зикр қилди. Сабрнинг қадри қанчалар баланд! Эй тўғрисўзлик билан хулқланганлар, Аллоҳ сизларни яхшилик билан мукофотласин! Эй омонатдорлик билан хулқланганлар, Аллоҳ таоло сизни яхшилик билан мукофотласин! Эй тавозелик ва эҳсон қилиш билан хулқланганлар, Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин! Сизлар учун сабр билан хулқланиш вақти келмадими?! Сизлар бошқаларга қараганда сабр билан хулқланишга ҳақлироқ эмасмисиз?! Қуръонда сабрчалик зикр қилинган бошқа хулқ йўқ. Шунинг ўзи сабр қилишимиз учун етарли эмасми?!
Аллоҳ сиз билан бирга бўлишини хоҳлайсизми? Унда сизни Аллоҳнинг Каломини тадаббур қилишга ва ҳудди сизга тўғридан-тўғри нозил бўлаётгандек қироат қилишга чорлайман. Ўзингиз учун иймон файзи барқиб турган ва сизни бахтиёр қиладиган ўзгача иймоний муҳит ҳозирланг. Тавсиям, оятни тилингиз билан пичирлаб, қалбингиз билан эса баланд овозда қироат қилинг. Тайёрмисиз? Унда қуйидаги оятни ўқинг: «Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара, 153).
Ҳаётингиздаги ҳамма ишда сабр ва намоз билан Аллоҳдан ёрдам сўранг. Гуноҳ қилиб қўйишдан қўрқаяпсизми? Унда сабр ва намозни канда қилманг! Ибодатларга сабр қилинг! Аллоҳ сиз билан бирга бўлади! Хўш, ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз? Ҳаловатни сезяпсизми? Мен қўрқаман, агар бу ҳало¬ват сизни тарк этса ҳам, истифода тарк этмасин. Истифода нима, дейсизми? У сабр. Сабр қилинг, ҳа¬ловатни топасиз. Аллоҳ сиз билан бўлишни хоҳлай-сизми? «Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва «шамоилингиз» (обрўйингиз) кетиб қолур. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол, 46).
Эй сабрли инсон, хурсанд бўлинг. Аллоҳ бундай демоқда: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!» (Бақара, 155). Сабрлиларга башорат бераётган ким? Албатта, Аллоҳ! Сиз буни тасаввур қилаяпсизми?! Аллоҳ сизга қандай муомала қилишини хаёлингизга келтиряпсизми? Сизга айтган гапимни унутманг: «Қуръонни худди сизга тўғридан-тўғри нозил бўлаётгандек қироат қилинг». Юқоридаги оятни яна бир марта ўқиб кўринг. Хўш, энди фикрингиз ўзгардими?! Ундай бўлса, сабрдан ажралманг ва хурсанд бўлинг!
Сизни қуйидаги оятга бутун қалбингиз билан аҳамият беришга чақираман. Бу оятнинг маъноларини яхшилаб тадаббур қилинг: «(Эй Муҳаммад!) Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқи¬бат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг Ери кенгдир. 
Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур» (Зумар, 10). Сувсизликдан қақшаб ётган ерга Аллоҳ муборак ёмғир сувларини ёғдирса, натижаси нима бўлади?! Қалбингиз ер, оят эса ёмғирдир. Мазкур оятнинг тафсирида айтилишича, сабрлиларга савоблар беҳисоб бўлиб ёғилади. Нега айнан сабрлилар, бошқалар эмас? Чунки улар дунёда Аллоҳ юборган балоларга сабр қилишган. Улар оғизларига ғазаб, қаҳр, норозилик каби сўзлар¬ни олишмаган, Аллоҳнинг дунёдаги бу қазо ва қа¬дарига рози бўлишган. Аллоҳ уларни Охиратда мукофотлайди. Шунинг учун ҳам сабр савоби беҳисоб бўлган ягона амал ҳисобланади. Масалан, яхши амалларнинг савоби ўн ҳисса оширилади, инфоқнинг савоби 700 барбаргача етади, лекин сабрнинг савоби чексиздир, унинг ҳисоби йўқ.
Эй азизларим, бу оят кимнинг қалбини ларзага солди?! Эй азизларим, бу оят қалбга жойлашгач, сабр¬нинг ҳаловати юзага чиқади!
Аллоҳ сизни севишини хоҳлайсизми? Унда сабр қилинг. Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар» (Оли Имрон, 146). Бу оятни ўқигандан сўнг, сабр қиласизми ёки йўқ?! Сабр қилиб, гуноҳлардан тийилишни ва Аллоҳнинг севгисига эришишни хоҳлайсизми ёки йўқ?! Сабр қилиб, кўзингизни тийишни ва Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишни истайсизми ёки йўқ?! Сабр қилиб, ҳаромдан сақланишга ҳаракат қилишни ва Аллоҳнинг севгисини топишни хоҳлайсизми ёки йўқ?! Сабр қилиб, ота-оанангизга яхшилик қилишни ва Аллоҳнинг муҳаббатига эришишни истайсизми ёки йўқ?! Сабр қилиб, Аллоҳни зикр қилишни ва Унинг севгисига лойиқ бўлишни хоҳлайсизми ёки йўқ?! Бу сўзларнинг моҳиятини фақат улардан завқлана оладиганларгина чуқур англаб етади.
Дунё ва охиратдаги раҳнамолик кимларга насиб қилади, биласизларми? Билмасангиз, қуйидаги оятни ўқинг: «Улар сабр қилишгач, Биз улардан ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар оятларимизга пухта ишонар эдилар». (Сажда, 24). Бу оят Бани Исроил хусусида нозил бўлган. Аллоҳ бу оятда дунё ва диндаги раҳнамоликка икки нарса билан эришиш мумкинлигига ишора қилмоқда. Биринчиси сабр, иккинчиси яқин – ишонч. Ишлаб чиқаришда сабрли бўлиш, шаҳарсозликда сабрли бўлиш, шахс тарбиясида ва мустаҳкам оила қуришда сабрли бў¬лиш бу умматнинг муаммосига биринчи ечим бўлса, иккинчиси Аллоҳга бўлган ишончдир.
Пухта иш. Аллоҳ шундай марҳамат қилади: «Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир» (Шўро, 43). Субҳаналлоҳ! Пухта иш! Сабр қиласиз ва Аллоҳнинг мағфиратига эришасиз! Хўш, энди сабр қиласизми? «Нимани назарда тутаяпсиз?», демоқчимисиз? Шуни назарда тутиб айтаяпманки, Аллоҳ сабрлилар билан бирга, Унинг севгиси, башорати, дунё ва диндаги раҳнамолик сабрлилар учундир. Қўлингизда фурсат бор экан, сабр қилиб қолинг!
«Сабр қил» ... буйруқ! Аллоҳ шундай марҳамат қилади: «Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва уларга (тушадиган азобни) қистаманг! Улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрадиган кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар. (Бу Аллоҳ томонидан) бир баёнотдир. Бас, фақат фосиқ (кофир) кишиларгина ҳалок қилинур» (Аҳқоф, 35). «Эй иймон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!» (Оли Имрон, 200). Тадаббур қилинг, Қуръонда Расулуллоҳ (с.а.в.) ва мўминларга сабр қилиш қатъий буйруқлар билан таъкидланмоқда. «Сабр қил!», «Сабр қил!», «Сабр қил...» Бу сўзлар шунчаки назарий кўрсатмаларми? Йўқ асло, бу сўзлар мутлақо амалий сўзлардир. Агар бирор маъсиятни амалга оширишга рағбатингиз бўлса, нафсингизга «Сабр қил», деб айтинг. Юқорида сабр қилиш ва сабрлиларнинг мукофотига ишора қилиб ўтдик. Агар улар ҳам сизга фойда келтирмаган бўлса, амалиётга ўтамиз: «Сабр қилинг!»
Энди эътиборингизни бошқа бир жиҳатга жалб қиламан. Аллоҳнинг гўзал исмлари орасида «Собур» сифати ҳам бор. Бу сифат ҳақида тафаккур қилиб кўрганмисиз? Сабрда буюк неъмат ва шараф бўлмаган тақдирда ҳам, Аллоҳнинг «Собур» исми сабрнинг қадрини улуғлашга кифоя қилади. Биз бу хулқ билан хулқланамиз. Чунки у Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири. Бу сўзларнинг маъносини чуқур англаш учун Аллоҳни севувчи қалб лозим. «Собур» сифатининг даражаси «собир» ва «соббар» сифатлариникидан кўра баландроқдир. «Собур» доим сабрли ҳолатда бўладиган Зотга исбатан ишлатилади. Лекин Унинг сабри бизларникидек эмас. Унинг сабри Ўзининг буюуклигига хос ва лойиқ бўлган сабрдир. «(У) осмонлар ва Ернинг илк яратувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлмиш жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни ўшанда (жуфтликда) кўпайтирур. Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У Эшитувчи ва кўрувчидир» (Шўро, 11).
Аллоҳдан ҳаё қиласизми?! Мана бу ҳадисни ўқинг. Агар заррача таъсирланмасангиз, билингки, қалбингизда нимадир бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Аллоҳ Ўзига етган озорга сабр қилганчалик ҳеч ким сабр қила олмайди. Кофирлар Аллоҳга ширк келтиради, Унинг боласи бор, деб айтишади. Аллоҳ эса (азоблаш ўрнига) уларни офиятда сақлайди ва ризқ беради»  Бу ҳадисни яхшлаб тадаббур қилинг. Аллоҳнинг сабрига назар солинг. Аллоҳнинг инсониятнинг озорларига тоқат қилишига эътибор беринг. 
Олимлар: «Сабр иймоннинг ярмидир», дейдилар. Ажабо! Қандай қилиб? Чунки иймон тоатларни бажариш ва маъсиятлардан тийилишдан ибратдир. Сиз яшаётган бу ҳаёт неъмат ёки мусибатдан иборат. Неъмат келса, Аллоҳга шукр қиласиз, мусибат келса, сабр. Дарҳақиқат, сабр – иймоннинг ярми. Яъни, иймоннинг бир бўлаги шукр, иккинчи ярми эса сабр демакдир. Шунинг учун ҳам мўмин хурсандчиликда ибодат қилади. Бу – шукрдир. Қийинчиликда ҳам ибодат қилади. Бу эса сабрдир. Аллоҳ шундай марҳамат қилади: «Сизларга Аллоҳнинг мўъжизаларидан кўрсатиш учун кемалар Унинг марҳамати билан денгизда (сузиб) юрганини кўрмадингизми?! Албатта, бунда барча (қийинчиликларга) сабр қилувчи ва (неъматларга) шукр қилувчилар учун аломатлар бордир» (Луқмон, 31). Аллоҳ таоло бу оятда сабр ва шукрни бирга келтирган. Чунки иймоннинг мукаммаллиги шу иккиси билан боғлиқ. Фикримга қўшиласизми? Қандайдир бошқача бир ҳиссиёт оғушидасиз, тўғрими? Бош кесилса, нима қилиш мумкин?! Субҳаналлоҳ! Иймон бир жасад бўлса, сабр унинг бошидир. Тасаввур қилинг, бошни кесиб юбордингиз. Агар бирор гуноҳни амалга оширсангиз, нафсингизнинг шаҳвоний ҳирсларини ҳаром йўллар билан қондирсангиз, «бош» кесилади. Сабр қолмайди. Сабрнинг қадр-қиммати қанчалик баландлигини кўрдингизми?! Шунинг учун ҳам 
«Сабри йўқнинг иймони йўқ», деб бежизга айтишмайди. Шубҳасиз, агар бош кесилса, инсон ҳалоқ бўлади. Сабр – бу бош. Сабрсиз иймон – бошсиз жасад, демакдир.
«Чиройли сабр қилинг!» Сабрнинг аҳамияти ҳақида гаплашдик. Энди, қандай шаклда сабр қилиш кераклиги хусусида баҳс юритамиз. Аллоҳ шундай марҳамат қилган: «Бас, (Эй Муҳаммад! Кофирларнинг азиятларига) чиройли сабр билан сабр қилинг!» (Маориж, 5). Яъқуб (а.с.) бу буйруқнинг асл моҳияти чуқур англаганликлари боис Юсуф (а.с.)дан айрилганларида «...«Йўқ! Сизларни (ўз) наф¬сингиз (бундай мудҳиш) ишга ундаган. Бас, (менинг бурчим) чиройли сабрдир. Сизлар тавсифлаётган нарсага (сабр қилишга) Аллоҳ (менга) мададкордир»» (Юсуф, 18), деган. Чиройли сабр нима? Нега айнан «чиройли» сўзи ишлатилган? Чиройли сабр – оғринмасдан, иккиланмасдан, тортинмасдан ва эътироз билдирмасдан сабр қилиш, ҳам тил билан, ҳам қалб билан сабр қилишдир! Биз ҳар куни гувоҳ бўладиган сабр чиройли сабр эмас. Кўпчилик тили билан розилигини изҳор қилса-да, қалбида «Эй Раббим, нега бундай бўлди? Мен Сенга нима ёмонлик қилдим?» каби саволлар айланаверади. Кимнинг тили ва қалби биргаликда Аллоҳнинг қадарига рози бўлса, шу кимса чиройли сабр қилгувчи саналади. Бундай кимсанинг юзида розилик аломатлари кўриниб туради, чеҳрасида хафагарчалик белгиларидан асар ҳам бўлмайди. Уни кўрганлар: «Бу одамнинг ҳеч қандай муаммоси йўқ экан», деб ўйлайди. Лекин бу қалбнинг изтироб чекиши ва кўзнинг ёшга тўлиши сабрсизлик дегани эмас. Чунки ҳаммамиз ҳам инсонмиз. Қалбимизга буйруқ беришга ожизмиз. Юқоридаги сўзларимнинг бошқа маъноси бор. «Чиройли сабр» – ижобий сабрдир. Чиройли сабр бутун жидди-жаҳдини тўплаб, сабр қилишдир. Шунда сабр ижобий бўлади. Уйда ўтириб: «Мен сабрлиман», деб айтиш билан чекланиб қолманг. Балки ҳаракат қилиб, ишлаб сабр қилинг. Ўйлайманки, сизларнинг аксариятингиз «чиройли сабр» соҳибисиз. Шундай эмасми?!
 
                                                                                           Одилхон қори Юнусхон ўғли
                                                                                    Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram