Саломлашиш одоби
02 май 2017 й.
1731 марта ўқилди.

        Саломлашиш одоби

Бизларни мусулмон диёрда, мусулмонлар орасида, мусулмон оиласида дунёга келтирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Оламларга рахмат бўлиб келган, дунё аҳлига хар томонлама ибрат бўлган, рисолатни тўлиқ етказган пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саловоту саломлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни лойдан яратди. Кейин Одам алайҳиссаломга руҳ ато қилмокчи бўлди ва фаришталарга деди: «Агар мен Одам алайҳиссаломга руҳ ато этсам, сизлар унга таъзим қилинглар» деб буюрди. Руҳ Одам алайҳиссаломнинг бошига кирганида, Одам алайҳиссалом акса урдилар. Жаброил алайҳиссалом у кишига «Алҳамдулиллаҳ» дейишни ўргатдилар. Шундай қилиб Одам алайҳиссаломнинг биринчи сўзлари  Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланди. Одам алайҳиссалом тамоман турганларидан кейин фаришталарни кўрдилар. Жаброил алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга иккинчи калимани яьни «Ассалому алайкум»ни ўргатдилар. Салом берилгач, фаришталар «Ва алайкумус салам» деб жавоб қайтаришди.
Мана азизлар Одам алайҳиссалом яратилгандан сўнг айтган аввалги сўзлари Аллоҳга ҳамд айтиш ва салом бериш билан бошланган.  Салом – бу Аллоҳ таоло исмларидан бири. Инсон қаерда бўлмасин ёки қайси миллатда яшамасин барибир сўзлашишни салом билан бошлайди. Салом сўзининг маъноси бу тинчлик, осойишталик, хотиржамлик маъносида эканлигини яхши биламиз. Пайғамбаримиз Мухаммад алайҳиссалом айтадилар: «Инсонларнинг ҳурматлироғи бу салом билан бошлаганидир.» Саломлашиш одобларидан яна бири узоқдаги кишиларга ишора ва лафз ила салом айтиш лозимдир. Лекин ишоранинг ўзи билан кифояланиш ножоиздир. Чунки бу одат мусулмон бўлмаганлар одатидир. Хоссатан бугунги кунда баъзи бирларимиз ҳар хил ишоралар билан, ҳар хил ҳаракатлар билан саломлашамиз. Бу нотўғри ишлардандир ва одобсизлик белгиларидандир.
Салом бериш суннат лекин алик олиш вожибдир. Кимики саломга жавоб қайтармаса, унинг ўрнига фаришталар алик олишади. Алик олмаган киши гуноҳкор  бўлади. Қуръони каримнинг Нисо сурасида шундай дейилган: «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар».  Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: «Суворий пиёдага, пиёда ўтирганга, озчилик кўпчиликка, кичик каттага салом беради» дедилар. Салом орамиздаги меҳрни муҳаббатни зиёда қилади. Шунинг учун фарзандларимизга хам салом беришни ўргатайлик. Бунинг учун авваламбор ўзимиз уларга ўрнак бўлайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни мукаррам ахлок ва одобга амал қилишимизда ва фарзандларимизни комил маънавият соҳиби бўлишларига Ўзи мададкор бўлсин! Омийн!
 
"Маҳмуд Торобий" жомеъ масжиди
имом хатиби Камалов Ш.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram