Саломлашиш одоблари
17 апрел 2015 й.
2012 марта ўқилди.

Саломлашиш одоблари

Саломни таниган ва танимаганга ҳам берилади, чунки биринчидан шуни билиш керакки, Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан: “Қандай ислом яхши” деб сўрашди. У зот: “қорни очни тўйғазиш ва таниган ва танимаганга салом беришлик” деб мархамат қилдилар. Иккинчидан салом жаннатга киришга олиб келади. Бу хақида Абу Ҳурайра р.а: Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилдилар. У зот: “Мўмин бўлмасангиз жаннатга кирмайсиз, ўзаро муҳаббатли бўлмасангиз мўмин бўлмайсиз, ўзаро муҳаббатлашишингизга олиб келадиган ишни кўрсатайми? Ўрталарингизда салом беришни кўпайтиринглар” дедилар. Бошқа бир ривоятда: “Эй инсонлар! Саломни ёйинглар, (очни) таомлантиринглар, қариндошлар билан борди-келди қилинглар ва инсонлар ухлаб ётганларида намоз ўқинглар, жаннатга саломатлик билан кирасизлар” дедилар.
Юқоридагиларга қўшимча қилган холда Имрон ибн Ҳасин ривоятини ҳам келтиришимиз мумкин. Унда шундай дейилади: “Бир киши Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, Ассаламу алайкум” деди. Ул зот саломига алик олдилар ва у кишига ўтирганида “Ўн савоб” дедилар. Сўнг бошқа киши келиб: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” деди. Унинг ҳам саломига алик олдилар ва ўтирганида, “йигирма савоб” дедилар. Сўнг учинчиси келиб: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деди. Унинг ҳам саломига алик олдилар ва ўтирганида “ўттизта савоб” дедилар.
Мана шундай ўзи осон, фойдаси бу дунё-ю охиратда кўп бўлган амалларга қизиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Зеро ҳикматда: “Ҳақиқий мусибат яқинларини йўқотишда эмас, балки савобларни йўқотишдадир” дейилади. Қолаверса, Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг: “Фақат таниган ва билганларга салом бериш қиёмат аломатларидандир” дея огоҳлантиришларини ёдда сақлашимиз керак ҳамиша.
Энди саломни қандай берилади дейилса, аввало салом берувчи “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” дейди. Салом берилган эса “Ва алайкум ассалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб алик олади ва мана шу усул энг яхшисидир.
Салом берувчи “Ассалому алайкум” ёки “Ассалому алайка” ва ёки “саламун алайка” деса жоиз. Алик олишда эса энг камида: “Ва алайка ассалам” ёки “ва алайкум ассалом” дейиши керак бўлади. Агар жавоб беришда “Ва” боғловчисиз айтса ҳам дуруст, лекин “алайкум”ни ўзи билан жавоб қилса алик олган ҳисобланмайди. Агар салом берувчи: “Саламун алайкум” ёки “Ассалому алайкум” деса, алик олувчи бу икки кўринишда ҳам “Саламун алайкум” ёки “Ассалому алайкум” дейиши мумкин. Киши суннатга мувофиқ салом беришни энг ози салом берилганга эшитарли даражада қилиб беришлигидир. Агар у эшитмаса салом берган ҳисобланмайди ва унга алик олиш шарт эмас. Агар атрофларида ухлаётганлар бор бўлиб уйғоқларга салом берса, уйғоқлар эшитадиган қилиб, ухлаётганлар эшитмайдиган даражада овозини пасайтириши суннатдир. 
Саломга алик олиш саломнинг ортиданоқ бўлади. Агар алик олишни кечиктирадиган бўлса жавоби ўтмайди ва гуноҳкор ҳам бўлади.
Қўл ва бармоқлар билан ишора қилиб салом бериш жуда ҳам ҳунук ишлардан бўлиб, насроний ва яҳудийларга тақлид қилинган бўлади. Ва яна бундан ташқари қазои хожат қилиб турган, ухлаётган, мудраб турган, намоз ўқиётган, азон чақираётган, ҳаммомдаги, ноқулай вазиятда турган ёки таом еяётган каби кишиларга салом беришлик макруҳ бўлади ва жавоб беришлик ҳам мумкин эмас. Агар таомланиб турган кишига салом берилса, уни оғзида луқмаси бўлмаса салом беришни ҳечқиси йўқ ва ўз навбатида жавоб қайтаришлик ҳам лозим бўлади. Шунингдек, олди сотди, савдо сотиқ билан шуғулланиб турган кишиларга ҳам салом берилганда ҳукм бир хил бўлади. Имом ҳутбага чиққан вақтида ҳам унга салом беришлик макруҳ, чунки ана шу пайтда жамоатни жим ўтиришлиги талаб қилинади. Мана шу нарсаларга қарамасдан салом бериб юборса, жавоб қайтарилмаса ёки ўтирганлардан бирор киши жавоб қайтарса ҳам бўлади.
Қуръони Каримни тиловат қилаётган кишига салом бермагани маъқул. Агар салом бериб қўйилса, тиловат қилаётган ишора билан жавоб бериши керак бўлади. Агар лафз билан жавоб қайтаридиган бўлса “аъузу”ни айтишлиги лозим бўлиб қолади. Чин қалбидан Аллоҳ таолога дуо қилаётган киши ҳам ҳудди тиловат қилаётган киши каби бўлади.
Ҳажда “талбия” айтаётган кишига уни чалғитмаслик учун салом берилмайди, агар салом бериладиган бўлинса алик олишга мажбур бўлиб қолади.
Намоз ўқиётган кишига салом берилса, у намози бузилишини билиб жавоб қилса, намози бузилади. Агар билмаса Имом Нававий наздиларида бузилмайди. Агар намозхон жавобида: “алайкум” ўрнига “алайҳи” деса унинг гапи дуо ўрнида бўлиб, намози бузилмайди. Энг яхшиси жавоб қилмасдан, ишора билан жавоб қилгани маъқул.
 Муаззин азонининг орасида жавоб қилса бўлаверади. Шуни унутмаслик керакки, саломни аввал бошлашлик суннат, вожиб эмас. Лекин алик олишлик вожиб бўлади. Агар салом берилганлар кўпчиликни ташкил қиладиган бўлса, улардан бири алик олса бўлаверади. Агар ҳаммалари алик оладиган бўлсалар нур устига  нур бўлади. Агар уларнинг бирорталари ҳам жавоб қилишмаса ёки уларнинг ўрнига бошқа киши жавоб қиладиган бўлса ўтмайди ва бунда жамоат аҳли гуноҳкор бўладилар. 
Агар парда ёки девор орқасидан туриб бошқа бир кишига салом берадиган бўлса ёки бирор киши орқали салом айтиб юборса, алик олиши лозим бўлади. 
Соқов киши ишора билан салом беришлиги ва саломга алик олишлиги, лафз билан бажарган кишининг ўрнида бўлади. Гўдакка салом бериладиган бўлинса, агар у жавоб қайтармаса гуноҳкор бўлмайди, жавоб қайтарадиган бўлса яхши. Гўдакнинг ўзи бирор бир кишига салом берадиган бўлса, алик олишлик лозим бўлади. 
Бирор киши кўпчиликка салом берадиган бўлса, уларнинг орасидан битта гўдакнинг ўзи жавоб қайтарадиган бўлса, ҳаммаларининг ўрнига ўтади. Агар бир кишига салом берилгандан кейин орадан бир оз вақт ўтгандан кейин яна ана шу кишига салом беришлик суннатдир. Ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирингиз биродари билан учрашиб салом берса, сўнг ўрталарига дарахт ёки девор ёки тош ораласа, сўнг яна учрашса қайтадан салом берсин” дедилар. 
Агар икки киши бир бири билан учрашганда баробарига салом беришса ёки орқами орқа салом беришса, икковиларига ҳам жавоб қайтаришлари лозим бўлади. Лекин баробарига жавоб қайтаришса ўтмайди.
Агар бир кишини мусулмон деб салом берилса, кейин унинг мусулмон эмаслиги аниқ бўлса, саломни қайтариб олинади. Абуллоҳ ибн Умар ана шундай қилганлар. Бунинг асосий сабаби у билан дўст эмаслигини билдиришликдир. Уларга биринчи салом берилмайди. Агар улар салом беришса, “ва алайкум” деб жавоб қайтарилади холос. Анас р.адан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Агар аҳли китоблар салом беришса, “алайкум” денглар” деб мархамат қилганлар.
Агар уларни салом беришларидек салом бермоқчи бўлса, “салом” лафзисиз қилади. Агар бир қанча одамларнинг олдидан ўтадиган бўлса,  уларнинг орасида ҳам мусулмон ҳам кофир кишилар бўладиган бўлса, мусулмонларни мақсад қилиб салом бермоқлиги суннатдир. Агар мушрикка мактуб ёзадиган бўлса,  Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ёзганларидек бўлиши керак. У зот: “Ҳидоятга эришганларга саломатлик бўлсин” деб ёзар эдилар.
Агар ёш болаларнинг олдидан ўтиладиган бўлинса, уларга салом бериб ўтишлик суннатдир. Анас р.а: “Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ёш болаларнинг олдидан ўтганларида уларга салом бериб ўтардилар” дедилар. 
Агар бирор бир аёл кишининг олдидан ўтса, у ўзининг аёли, жорияси ёки бирор бир маҳрами бўлса, ҳар бирлари саломни бошлашлари мустаҳаб бўлади, жавоб қайтаришлари лозим бўлади. Агар у аёл бегона бўладиган бўлса ёки фитна бўлиши мумкин даражада чиройли бўлса, эркак киши унга салом бермайди. Агар салом берадиган бўлса, аёл жавоб қилмаслиги керак ва ўзи ҳам биринчи бўлиб салом бермаслиги керак. Агар салом берса у киши жавоб қайтармайди. Агар алик оладиган бўлса макруҳ ҳисобланади. Агар аёллар кўпчиликни ташкил қиладиган бўлса, эркак киши уларга умумий тарзда салом беришлиги мумкин. Агар эркаклар кўп бўлиб бир аёлга салом беришса, ҳеч бирларига фитнадан қўрқув бўлмаса мумкин бўлади. Агар фитна бўладиган бўлса, бир эркакни кўпкина аёлларга, бир аёл кўпкина эркакларга салом беришлиги мумкин эмас. 
Агар ўзининг уйига кирганда ҳеч ким бўлмаса ҳам салом беришлиги ва: “Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига саломатлик бўлсин” дейиши, бисмиллаҳни айтишлиги ва Аллоҳ таолони зикр қилишлиги жуда яхши амалдир. Росулуллоҳ соллалоҳу алйҳи васаллам Анас (р.а)га: “Эй болам! Агар оила аъзоларингнинг олдига кирсанг салом бергин. Шунда ўзингга ҳам оила аъзоларингга ҳам барака бўлади” дедилар.
Шундай экан саломни бир биримизга кщпайтирайлик!
   Жумаев Фарҳод
Шайх Саьдий жомеь масжиди имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram